Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
22 ноябрь, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Ўз мухбиримиз

25.03.2020


САЛМОҚЛИ ҚИСМИ - ҚАШҚАДАРЁ ҲУДУДИДА

Нефть-газ саноати

Бугунги кунда юртимиз нефть-газ саноатида кенг кўламли бунёдкорлик ва яратувчанлик ишлари амалга оширилаётган экан, уларнинг салмоқли қисми Қашқадарё ҳудудида рўёбга чиқарилмоқда.

Наврўз арафасида "Ўзбекнефтгаз" акциядорлик жамияти "ERIELL Group" компанияси билан ҳамкорликда турли минтақаларидаги конларда бешта газ қудуғи фойдаланишга топширилганлигини маълум қилди. Эътиборли томони, бу объектларнинг иккитаси вилоятимизда жойлашган. Хусусан, Сомонтепа конида 127-сонли қудуқ ишга туширилиб, диаметри 114х9 миллиметр,  узунлиги эса 3 минг 500 метрга тенг шлейф газқувури барпо этилди. Қудуқ конда мавжуд газ тўплаш шохобчасига уланди. Шўртан конида фойдаланишга топширилган 327-сонли қудуқда эса худди шундай диаметрли, узунлиги  1 минг 422 метрга тенг шлейф газ қувури бунёд этилди.

2017-2021 йилларда углеводород хом ашёси қазиб олишни кўпайтириш бўйича чора-тадбирлар дастури доирасида бажарилган бу ишлар мамлакатимиз газ-транспорт тизимига узатиладиган табиий газ ҳажмини ошириш имконини берди.

Муборак нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасига қарашли Зеварда газни комплекс тайёрлаш қурилмасида эса турбодетандер агрегати таъмирланди. Натижада газнинг сифатли ва узлуксиз етказиб берилиши таъминланиб, конденсат ажратиб олиш ҳажми бир кеча-кундузда 7 тоннага қисқаришининг олди олинди. Агрегатнинг сезгир эҳтиёт қисмлари ички имкониятлардан фойдаланиб, конструкторлик хужжатлари асосида соз ҳолатга келтирилди. Шунинг ҳисобидан импорт маҳсулот ва чет элдан мутахассис олиб келишга сарфланиши мумкин бўлган валюта маблағлари тежалди.

Денгизкўл сиқув компрессор станциясидаги қайта тиклаш ва таъмирлаш ишлари ҳам маҳаллий мутахассислар томонидан амалга оширилди. Бунинг самараси ўлароқ яқин кунлардан бошлаб мазкур станция яна ўзининг асосий вазифаси - Денгизкўл конидан юқори олтингугуртли табиий газ қазиб олиш, шунингдек, паст босимли қудуқлардан келадиган "зангори ёнилғи"нинг босимини ошириб, Муборак газни қайта ишлаш заводига етказиб бериш функциясини бажаришга киришди.

Айни пайтда "Ўзбекнефтгаз" акциядорлик жамиятининг 2020 йилга мўлжалланган углеводород хом ашё базасини ривожлантириш ва қайта тиклаш дастури доирасида вилоятимиз ҳудудида жойлашган Ўртабулоқ кони 1-излов қудуғи очиқ ўзанида (2849-2885 метр оралиғида) террегин-юра ётқизиқларининг XVIII қатламида синов ишлари олиб борилди. Натижада Ўртабулоқ конидаги ушбу қатламдан биринчи марта саноат миқёсида газ оқими олинди. Унинг кунлик ҳажми 157 минг куб метрни ташкил қилди.

Кунлар исиб, ҳаво ҳарорати кўтарилгани сайин нефть-газ саноати объектларидаги бунёдкорлик кўлами ҳам тобора кенгайиб бормоқда.

Ўз мухбиримиз

Report typo