Сўнгги вақтда вилоятимиз ҳудудларининг инвестициявий жозибадорлиги ошиб бораётгани бор гап. Соғлом ишбилармонлик муҳити шаклланган, инвестициявий фаолият қўллаб-қувватланаяпти. Бинобарин, агар ишлашга шароит, зарур хом ашё бўлмаганда, шунингдек, қонуний манфаати кафолатланмаса, ҳеч бир хорижлик сармоядор юрак ютиб бирор лойиҳага капитал киритмайди. Бугун эса улар қатъий ишонч билан юртимизда бизнес бошлашга катта қизиқиш билдираётгани кейинги вақтда амалга оширилаётган инвестицияларни жалб этиш борасидаги ислоҳотлар натижаси, десак тўғри бўлади.
Мисол учун, бир гуруҳ хитойлик инвесторлар ўз тадбиркорлик режасини амалга ошириш учун Чироқчи туманини танлашди. Бу ерда келгусида замонавий ҳамда йирик саноат корхонасини ишга тушириш мақсад қилинган. Истиқболли лойиҳага кўра, харидоргир қурилиш материали – цемент ишлаб чиқариш ташкил этилади. Туманда бунинг учун зарур хом ашё захирасининг мавжудлиги янги корхона барқарор фаолият юритишини таъминлайди. Лойиҳанинг умумий қиймати 200 миллион долларга баҳоланган. Албатта, бу пулнинг чўғидан ҳам кўра унинг эвазига очиладиган иш ўринлари муҳим. Ташкил этилажак корхона қуввати ҳам юқори, йилига ички ва ташқи бозорга 1,5 миллион тонна цемент маҳсулоти етказиб берилади. Ҳозирда лойиҳа ташаббускори - “Қарши конч цемент” хорижий корхонаси давлат рўйхатидан ўтказилиб, фаолият кўрсата бошлади. 200 минг АҚШ доллари миқдоридаги дастлабки сармоя аллақачон шакллантирилди.
Эътиборлиси, ўтаётган йилда вилоятимизда хорижий инвестицияларни жалб этиш йўналишидаги ишларни фаол давом эттириш, яна бир қанча лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш режалаштирилган. Бунинг учун ҳудуд иқтисодиётига қўшимча 15 миллион АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри сармоя киритилиши белгиланган.
Маълумки, чет эл инвестициясисиз, хорижнинг юксак технологияларисиз иқтисодиётнинг барча тармоқларида жадал ривожланишга, барқарор ўсишни таъминлашга эришиш қийин. Хориж сармояси - янги иш ўрни, рақобатбардош маҳсулот, юқори экспорт салоҳияти, умуман олганда, тўкинлик, фаровонлик омили дегани. Шу боис барча имконият ва ресурсларни шу мақсад йўлида сафарбар этиш, чет эл ишбилармонларини ўзаро ҳамкорликка чорлаш, йирик лойиҳаларни амалга ошириш лозим бўлади.
Дарҳақиқат, вилоятимизга хорижий инвестиция оқимини кўпайтириш борасида сезиларли ютуқлар кўзга ташланмоқда. Бунда ҳали қўл урилмаган, янги ва истиқболли йўналишлар қамраб олинаётгани аҳамиятлидир. Мавжуд мисоллар ҳам шунга далолат қилади. Китоб туманидаги “Китобтегирмонмонтажсервис” масъулияти чекланган жамияти фаолияти нимага қаратилганини унинг номидан ҳам билиш қийин эмас. Мазкур тадбиркорлик субъекти мамлакатимиздаги донни қайта ишловчи корхоналардаги қувватларни таъмирлаш, сервис хизмати кўрсатиш, эҳтиёт қисмлар ясаб бериш билан шуғулланиб келаётганди. Корхона мутасаддилари тайёр линияга эҳтиёж мавжудлигини ҳисобга олиб, Туркиянинг етакчи компанияси билан ҳамкорликка киришди. Ўтган йили уларнинг таъсисчилигида “Erkan machiner” қўшма корхонаси ташкил топди. Ҳамкорлар тегирмон ускуналари ишлаб чиқариш таклифи билан чиқди. Лойиҳа муваффақиятли рўёбга чиқиши учун эса 1 миллион АҚШ долларига тенг маблағ йўналтирилади. Айни вақтга қадар туркиялик инвестор томонидан 200 минг АҚШ доллари миқдорида сармоя жалб қилинди. Жорий йилнинг сентябрь ойига қадар 400 минг долларлик замонавий технологиялар олиб келиниб ўрнатилади ва қувват ишга туширилади.
Қарши шаҳридаги “Radiant silk” қўшма корхонаси пилла хом ашёсига ишлов беришга ихтисослашган. Корхона таъсисчилари бугунги кунда пиллани фақат бирламчи қайта ишлаш билан чекланиб қолаётганди. Бу ҳолат ҳозирги давр талабига сира мос эмаслиги эътиборга олиниб, ишлаб чиқаришнинг кейинги цикли – ипак мато тўқишни йўлга қўйиш бўйича аниқ ишлар бошлаб юборилди. Илгари сурилаётган лойиҳа эса бир йилда 30 миллион квадрат метр сифатли ва харидоргир маҳсулот тайёрлаш имконини беради. Инвесторларни тез қарор қабул қилишга ундаган нарса эса ишлаб чиқарилажак маҳсулотнинг юқори экспортбоплик хусусиятидир. Шу боис хитойлик сармоядорлар вилоятимизга 26 миллион АҚШ доллари эквивалентида инвестиция олиб киришни пайсалга солмоқчи эмас.
Албатта, бу борадаги ишларни буткул силлиқ кетаяпти, деб айтиш фикридан йироқмиз. Аксинча, ҳамон бор имкониятдан фойдаланиш даражаси бироз қониқарсиз эканини билдирмоқчимиз. Жорий йилнинг ўтган даврида хорижий капитал иштирокида воҳамизда 7 та янги корхона ташкил этилди. Кимдир буни катта натижа сифатида баҳолаши мумкиндир. Бу кўрсаткични мамлакатимизнинг бошқа вилоятлариники билан таққосласак, унчалик йирик рақам эмаслиги ойдинлашади. Бир неча йилдирки, вилоятимиздаги хорижий капитал иштирокидаги корхоналар сони 60 талик “довон”га ета олмаётгани ҳеч кимни қониқтирмайди. Зеро, биргина Самарқанд вилоятида бундай тадбиркорлик субъектлари салмоғи мингдан ошади. Вилоятимизнинг айрим туманларида чет эл сармояси бўлган корхоналар 1 тадан ошмаслиги эса бу ҳудудларда ҳали кўп иш қилиниши кераклигини кўрсатади.
М.ШУҲРАТОВ
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.