Ривожланиш стратегияси
Давлат бошқаруви тизими, халқ хўжалигининг барча соҳаларида салоҳиятли, етарли билим ва малакага эга кадрларга эҳтиёж ҳар доим юқори бўлган. Чунки, етук, ўз ишининг билимдони бўлган мутахассислар олдига қатъий мақсад қўйган, тараққиёт сари жадал интилаётган жамият учун қанот вазифасини бажаради. Шунга монанд, бугун мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини чуқур англайдиган, ўзгаришлар билан ҳамнафас ҳамда аҳоли муаммолари устида ишлаш кўникма ва тажрибасига эга бўлган замонавий кадрларни тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Хусусан, 2022 йил 4 август куни Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ўтказилган давлат хизматини ислоҳ қилиш ва бошқарувда натижадорликни ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги кенгайтирилган видеоселектор йиғилишида тегишли масъуллар олдига маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчилари, ёшлар етакчилари ва хотин-қизлар фаоллари орасидан юқори натижаларга эришган номзодларнинг 1000 нафарини танлаб олиб, Салоҳиятли кадрлар резервига киритиш вазифаси қўйилганди. Ана шу топшириқ юзасидан олиб борилган амалий ишлар натижасида Қашқадарёдан сараланган 86 нафар номзод ушбу рўйхатдан ўрин олди.
Улар таркибига эътибор қаратсак, 65 нафари ҳоким ёрдамчиси, 17 нафари ёшлар етакчиси, 4 нафари хотин-қизлар фаоли эканлиги маълум бўлади. Сараланганларнинг 20 нафари 25-30 ёшдаги, 56 нафари 31-40 ёшдаги, 10 нафари 41 ёшдан ошган номзодлардан иборат. Умумий ҳисобда шулардан 9 нафари хотин-қизлар.
Қашқадарёдан Салоҳиятли кадрлар резервига киритилган маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчилари, ёшлар етакчилари ва хотин-қизлар фаолларининг мутахассислик бўйича таҳлили уларнинг 48 нафари иқтисодиёт, 8 нафари ижтимоий, 4 нафари қурилиш, 2 нафари қишлоқ хўжалиги, 2 нафари АКТ ва 22 нафари бошқа соҳаларга оид ихтисосликка эга эканлигини кўрсатди.
Албатта, салоҳиятли кадрларни саралаб, захира рўйхатига киритиб қўйган билан иш битмайди. Касбий нуқтаи назардан малакасини ошириш, давлат хизматчисига қўйиладиган талаблар доирасида шахсий хусусиятларини шакллантириш, амалиётда тоблаш, шубҳасиз, уларнинг бугунги ва келгусидаги фаолияти учун жуда фойдали бўлади.
Ана шу фикрга ҳамоҳанг, Салоҳиятли кадрлар резервига киритилган номзодлар dc.bimm.uz малака ошириш ва қайта тайёрлаш онлайн платформаси орқали уюштирилган курсларда иштирок этиб, тегишли сертификатларга эга бўлишди.
Шунингдек, ҳар бир номзод бўйича шахсий ривожланиш режаси ишлаб чиқилиб, уларнинг ойлик бажарилиши бириктирилган масъуллар томонидан назорат қилиб борилмоқда ва истиқбол кадрлари билан мунтазам амалий суҳбатлар ўтказиб келинмоқда.
Яқинда Қашқадарёдан Салоҳиятли кадрлар резервига киритилган номзодларнинг туман (шаҳар)лар ҳокимликлари ва ҳудудий бошқармаларда қисқа муддатли стажировкаси ҳам ташкил этилди. Ана шу жараёнда 23 нафар номзод маҳаллий раҳбарларга (6 нафари вилоят ҳокими ўринбосарларига, 16 нафари туман (шаҳар)лар ҳокимларига ва 1 нафари Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Қашқадарё вилояти филиали раҳбарига) дублёр сифатида бириктирилиб, тегишли идораларда икки ҳафта давомида фаолият олиб боришди.
Энг муҳими, бугунгача Қашқадарё маҳаллаларидаги ҳоким ёрдамчилари, ёшлар етакчилари ва хотин-қизлар фаоллари орасидан сараланиб, Салоҳиятли кадрлар резервига киритилган 6 нафар номзод турли даражадаги раҳбарлик лавозимларига ўтказилган.
Холмўмин АЗИЗОВ,
Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Қашқадарё вилояти филиали бош инспектори