Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 ноябрь, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Ф. МУҲАММАДИЕВ

13.12.2018


САЛОН ВА ЮКХОНА "ТОЗА"ЛИГИНИ АЙТДИ. ЦЕЛЛОФАН ПАКЕТДА ЭСА...

Гиёҳвандлик аталмиш балои азим чангалига тушган кимсанинг ундан қутулиши қийин. Айниқса, ўша одамнинг ўзи бу тузоқдан чиқишни истамаса...

Китоб туманининг Али Қушчи маҳалласи ҳудудида яшаган С.Ш. ҳам шундай йўл тутди. Ўзининг бу иллатга чалингани етмагандек, гиёҳванд моддалар олди-сотдисига ҳам қўл урди. Бу ҳаром йўл билан қанча даромад қилганию, нималарга эришгани бизга қоронғи, бироқ у шу каби қилмишлари учун аввал ҳам озодликдан маҳрум этилган бўлса-да, бундан тўғри хулоса чиқара олмади. У гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланишда давом этди. Бу гал С.Ш. туман марказидаги истироҳат боғида таниши В.А.га 200 минг сўм эвазига 2 дона гугурт қутига жойланган гиёҳванд моддани сотаётганида ИИБ ходимлари томонидан ушланиб, заҳри қотил савдоси тўхтатиб қолинди. Фуқаронинг ёнида эса яна сотиш учун тайёрланган гиёҳвандлик воситаси борлиги маълум бўлди.

Худди шундай ҳолат Шаҳрисабз тумани Дукчи қишлоғида яшовчи фуқаролар Т.Б. ва Ш.Ғ. иштирокида ҳам содир бўлди. Улар ҳам тирикчилик қилишнинг ноқонуний йўлини танлашди. Ш.Ғ. ўз ҳовлисида гиёҳвандлик воситасини экиб, "ҳосил"ини Китоб туманида пуллашни кўзлади. Шу мақсадда шериги Т.Б. Мингбулоқ дам олиш масканига келиб, мижоз билан савдолашади. Орадан бир оз вақт ўтиб Ш.Ғ. гиёҳванд воситасини олиб келди. Олди-сотди савдоси пайти улар қўлга олиндилар.

Навбатдаги ҳолат Китоб туманининг "Мингчинор" ЙПХ масканида содир этилди. Маълумки, бу масканда суткасига минглаб машиналар ўтиб- қайтади. Албатта, гуручнинг ичида курмаги бўлгани каби, ўтиб-қайтаётганлар орасида ноқонуний ҳаракат қилаётганлари ҳам учраб туради. Бу, албатта,  хизмат ходимларидан ҳушёрлик ва сергакликни талаб қилади 

Яқинда пост ходимлари эътиборини "Нексия" русумли, оқ рангли автомашина тортди. Суҳбат жараёнида машина бошқариб келган фуқаро М.Ш. хотиржамлик билан автомашина салони ва юкхонасида ноқонуний нарсалар йўқлигини айтди.  Бироқ текшириш ўтказилганда автосалон ичида целлофан пакетдаги эркаклар камзулининг чап чўнтагида бир дона "Спички" ёзувли гугурт қутисида гиёҳвандлик воситаси борлиги аниқланади. Суриштирув давомида наркотик модда Шаҳрисабз тумани Хўжамурод бахши маҳалласида яшовчи фуқаро В.О.га тегишли эканлиги аниқланди.

Заҳарнинг томчиси ҳам заҳар, қилмиш-қидирмиш, дейди халқимиз. Қинғир ишнинг қийиғи барибир чиқди. Энди бу фуқароларнинг ҳар бири қонун олдида жавоб беришади.  

Ф. МУҲАММАДИЕВ,

Китоб туман ички ишлар бўлими ходими

 

Report typo