Сараланган сатрлар
АҚШ адабиёти деганда, даставвал хаёлимизга дунёга машҳур Жек Лондон, Марк Твен, Теодор Драйзер, Фрэнсис Скотт Фицжеральд, Жон Апдайк, Эрнест Хемингуэй, Уильям Фолкнер, Кен Кизи каби ёзувчилар келади. Замонавий Америка адабиётида эса Жозеф Эпштейн, Беверли Женсен, Рой Кесей, Стелар Ким, Эйрин Кайл, Ричард Руссо, Кейт Уолберт каби адиблар анча машҳур.
Эътибор берсам, кейинги ўқиган китобларимдан тўрттаси - тасодиф ёки атайдан - "сеҳрли диёр" адабиётига мансуб экан: Ҳарпер Ли "Мазахчини ўлдириш", Дэн Браун "Ибтидо", Фрэнсис Скотт Фицжеральд "Бенжамин Баттоннинг сирли ўтмиши" ҳамда Жеймс Паттерсон, Маршал Кэрп қаламига мансуб "Қўлингдан келса, маҳв эт" романларидир.
Ушбу асарлар ёзилиш даври ва мавзусига кўра ранг-баранг, ҳаммасини бирлаштириб турувчи омил эса битта: юқори даражадаги санъаткорлик. Тўғри, Харпер Ли ва Дэн Браун бадиий сўз санъати ўртасида катта фарқ бор, бироқ муаммонинг қўйилиши ва очиб берилишида уста адибларни кўрамиз. Бу ёзувчиларнинг барчаси ўз даври муаммоларини давр тақозоси, одамлар савиясига кўра акс эттирган. Дейлик, Фицжеральд даврида Америкада ижтимоий муносабатлар муҳимроқ саналган бўлса, Ҳарпер Ли қарийб ХХ аср ўрталарида ҳам жамиятда оқ танли, қора танли каби бўлинишларни қоралаб чиққан. Дэн Браун сунъий интеллектнинг инсоният келажагига таъсирига омма эътиборини қаратган.
Қуйида сўз юритадиганимиз - Жеймс Паттерсон танқидчилар томонидан дунёдаги энг катта бестселлерлар фабрикаси деб аталади. Қайд этилишича, Паттерсон асарларининг "New York Times" бестселлерига айланиши бўйича Гиннесс рекордлар китобига киритилган ягона ёзувчидир. Унинг асарлари 300 миллиондан зиёд нусхада сотилиб, ўзига хос рекорд ўрнатган.
"Forbes" журнали Жеймс Паттерсонни "Американинг биринчи рақамли ҳикоянависи" дея эътироф этган.
Ёзувчининг Маршалл Кэрп билан ҳамкорликда ёзилган "Қўлингдан келса, маҳв эт" романида ёлланма қотиллар, Россия мафиясининг кирдикорлари ҳақида ҳикоя қилинади. Ўз ўрнида қонунни четлаб ўтадиган, жиноятчиларга сотилган Америка полициячилари фаолиятига, умуман, криминал ҳаётнинг қоронғи пучмоқларига назар солинади.
Романда бестселлерларга хос умумий жиҳатлар кўзга ташланади: ур-йиқит, ўлдир-қолдир... Худди кинолардаги каби бошқа мафиозлар, жиноятчилар осонгина ўлим топадию, асосий иши рассомчиликдан иборат бўлган бош қаҳрамон не-не тегирмондан бутун чиқиб келаверади, балоям урмайди унга. Аслида шунинг учун қаҳрамон-да, дейишимиз ҳам нотўғри эмас: баъзан шундай довюракликка рўйхушлик билдирсак, баъзан ёзувчи жуда ошириб юбормадими, деб ўйлаб қоласиз.
Барибир АҚШ ва совет иттифоқи ўртасида 1945-1991 йилларда кечган "совуқ уруш" таъсири икки давлат фуқароларига яхшигина таъсир кўрсатган: совет адабиётида Американинг чириган ахлоқи, империализмнинг қонли излари қаламга олинган бўлса, тескари қутбдагилар совет иттифоқининг ич-ичидан емирилганини кўрсатишга ҳаракат қилган. "Қўлингдан келса, маҳв эт" романида рус мафиозларидан бири қизини ўзига хотин қилиб олгани ана шу бўрттиришга хизмат қилиб, одамлар нафратини қўзғашга уринишдан бошқа нарса эмас. Рақиб саналадиган жамият кишиларини ёмон кўрсатишда бундан бошқа тасвир шартмас аслида.
Бестселлерларга хос яна бир жиҳат шуки, воқеалар дунёнинг ривожланган, диққатга сазовор жойларида бўлиб ўтади. Ўқувчи мутолаа асносида кўп мамлакатларни кезиб чиқади, тасаввури бойиб боради.
Паттерсон асарлари 300 миллион нусхада босилгани ҳазилакам натижа эмас. Демак, ўз даврида дунёдаги ҳар 20 кишидан бири унинг асарларини ўқиган бўлиб чиқади.
Шундай экан, сиз ҳам бу китобни ўқиб кўринг. Детектив ёки триллер жанридаги кино-сериал кўргандан бу анча фойдали - ишонаверинг.
* * *
Бутун ҳаётини мусаввирликка бахш этишга жазм этган инсон ўз-ўзидан бойиб кетиш ҳақидаги хаёлларини қабрга кўмади. Истеъдодда тенгсиз Винсент Ван Гог бир чақа орттиролмай ўлиб кетган.
* * *
Немис драматурги Бертольт Брехт айтганидек, "Санъат - бу ҳақиқатга тутилган кўзгу эмас, балки унга сайқал берадиган болғадир".
* * *
Суратнинг нархи одамларнинг у ҳақида нима деб ўйлашини белгилаб беради.
* * *
Сўнгги дақиқаларда интернет орқали арзон чипталарни сотиб оладиганлар одатда камбағал ва мослашувчан бўлишади.
* * *
Нарсаларни йиғиштиришнинг иккита усули бор: денгиз пиёда аскарининг усули ва янглиш усул. Биринчи қоида: иложи борича енгилроқ юк ол. Агар ойга учмаётган бўлсанг, ўзинг билан олмаган исталган нарсани сотиб олишинг мумкин. Нима қилаётганингни билсанг, биттагина сумка билан ҳам дунёни кезиб чиқишинг мумкин.
* * *
Такси ҳайдовчилари кўп нарсани эслаб қолишади.
* * *
Агар Парижга келганингизда ҳали юрагингизга муҳаббат ин қурмаган бўлса, кетаётганингизда, албатта, севиб қоласиз. Агар кимнидир севсангиз, бу айни муддао.
* * *
Париждек гўзал шаҳарда кўзларни юмиб юриб бўларканми? Қаерга қараманг, барча нарсалар романтик манзара касб этишини пайқайсиз. Ҳаттоки тирбандликда қолиб кетишнинг ҳам гашти ўзгача.
* * *
Ўн беш мингга яқин одамлар билан Лувр музейи бўйлаб айландик. Уларнинг ҳаммасини ўз кўзимиз билан кўрмадик, бироқ бизга берилган музей йўриқномасида кунига шунча сайёҳ келиши ёзилган эди. Луврдаги тўрт юзта санъат асарини томоша қилиб чиқишга нақ бир ҳафта кетар экан.
* * *
Чор тарафи сув билан ўралган, кундан-кунга гуллаб-яшнаётган маданият маркази - Венецияни ҳеч бир шаҳар билан таққослашнинг иложи йўқ. Қанийди, у бу шаҳарда истаганича қолиб, шу гўзалликдан баҳра олса.
* * *
Тажрибанг катта бўлса, ақлли бўлиш шарт эмас.
* * *
Мен сенга қандай ўқ узишни, қандай яшашни, ҳарбий хизматни адо этишни ўргатишим мумкин. Бироқ, севги-муҳаббат борасида бир нарса деб тавсия беришга ожизман. Унинг қаршисида ҳамма ожиз қолади. Бу худди домино ўйинига ўхшайди.
* * *
Аёллар ҳам худди шундай ўйлашади. Улар бизни севишади ва қўлга ўргатмоқчи бўлишади.
* * *
Зиммангда муҳим топшириқ турганида онасини қўмсаган кучукдек йиғлаб-сиқтаб ўтирма.
* * *
Баъзида олдингда қанчалик қийин муаммо кўндаланг бўлиб турмасин, унга эътибор қаратгинг келмай қолар экан.
* * *
Баъзи пайтлари рассом чизаётган нарсасининг ҳақиқий санъат асари ёки бир чақага қиммат иш бўлиб чиқиши унинг ишни қаерда тугатишига боғлиқ бўлиб қолади.
* * *
Ҳар бир имкониятни ҳисобга ол! Хаёлга келмайдиган нарсаларни ўйла!
* * *
Айбсиз инсонларнинг беҳудага ўлиб кетиши уруш воқелигининг таркибий қисми бўлиб қолаверади.
* * *
Беркинишга жой излаш учун уларда ҳарбийларга хос ақл-заковат бўлиши лозим. Бу одамлар ваҳший каллакесарлар. Тактикадан мутлақо хабарлари йўқ.
* * *
Вужудимда менга жуда ҳам таниш бўлиб қолган жанг олдидан содир бўладиган титроқ уйғонганди. Менда ҳеч қачон бунақа ҳолат содир бўлмайди дейдиганлар ё сизни, ё бўлмаса ўзини алдаётган бўлади.
* * *
Тажрибаси йўқ каллакесарлар тез ваҳимага тушиб, ўйламасдан ўқ узади.
* * *
Денгиз пиёда қўшинлари аскари ўзлаштириши зарур бўлган энг керакли маҳоратлардан биттаси бу - сабр-тоқатдир. Бир сафар нақ етмиш икки соат мобайнида снайперлар инида қимирламасдан ўтиришга мажбур бўлгандим.
* * *
"Ҳаётим очиқ турган китобдек. Бердисини айтганда, бир кун келиб ўзим ҳам китоб ёзмоқчиман. Унга ном ҳам ўйлаб қўйганман: "Санъат фоҳишасининг иқрори".
* * *
Сентябрь ойининг қоқ ўртасида ҳали октябргача илдизидан узилмайдиган баргларнинг ерга тушишини кутиб ўтиришни бас қилинг.
Б.САЙФИЕВ тайёрлади.