Сараланган сатрлар
1452-1519 йилларда яшаган, жаҳон фани ва маданияти тарихида ёрқин из қолдирган буюк рассом, ҳайкалтарош, меъмор, ихтирочи муҳандис, анатом, математик Леонардо да Винчи ҳаёти ва ижоди ҳақида кўплаб асарлар ёзилган, ҳужжатли, бадиий фильмлар ишланган.
Да Винчининг жаҳон музейларида, санъат галереяларида сақланаётган "Мона Лиза" ("Жоконда"), "Мадонна Литта", "Гул тутган Мадонна", "Ваҳий", "Ғордаги Мадонна", "Пинҳона тановул", "Авлиё Анна Марям ва гўдак Исо", "Иоанн Крестител" каби асарлари неча асрлардирки, инсоният ҳайрати ва эътирофига сазовор бўлиб келмоқда.
Америкалик ёзувчи Дэн Браун "Да Винчи сири" асарида буюк мутафаккир суратларидаги рамз ва сирлар асосида қизиқарли сюжет яратади. Мутолаа асносида кўп кутилмаган фикрлар, қарашларга дуч келамиз. Умуман, бугуннинг бестселлерларида сирлилик ва воқеалар ривожининг шиддати муҳимлигидан келиб чиқсак, мазкур роман кўпчиликка маъқул келишига шубҳа йўқ.
* * *
Тушунмаслик ишончсизликни туғдиради.
* * *
Мураккаб вазиятларда эсанкирамаслик ва кези келганда нозик хушомадни ҳам қойиллатиш ҳар қандай полициячининг қўлидан келавермайди.
* * *
Имон-эътиқодинг сен бардош бера оладиган уқубатлар билан ўлчанади.
* * *
...оламда алғов-далғовлик ҳукмрондек туюлса ҳам, аслида унда яширин тартиб ўрнатилган.
* * *
Инсон ҳар доим ҳам табиат гўзаллигига маҳлиё бўлиб келган, санъатни эса Худо яратган гўзалликка тақлид дейиш мумкин.
* * *
У яна "Мона Лиза"га қаради ва бошини сарак-сарак қимирлатди:
- У китоблардан кўрганимдан ҳам ёмонроқ экан. Юзи қанақадир...
- Туман қоплагандек, - унинг гапини илиб кетди бобоси.
- Ҳа, туман қоплагандек.
- Бу сурат сфумато деб аталувчи услубда чизилган, - тушунтирди Соньер, - бундай услуб жуда қийин ҳисобланади, ҳар қандай рассом ҳам бу даражада чизолмайди.
Шундай бўлса-да, сурат Софига ҳечам ёқмаётган эди.
- У худди ҳеч ким билмайдиган бир сирдан хабардор одамдай қараб турибди. Мактабдаги болалар ҳам бирор сирни билишса шундай қарашади.
Бобоси кулиб юборди.
- Бир ҳисобда, у шунинг учун ҳам машҳур. Одамлар "Мона Лиза" нима учун шундай табассум қилишини топишга уринмоқчи бўладилар.
* * *
Мана шу ойна ортида дунёдаги барча санъат ихлосмандларини ҳайратга солувчи, да Винчининг рассом сифатидаги энг улкан ютуғи ва шоҳ асари - "Мона Лиза" турибди. Леонардо да Винчи бу асаридан ҳеч қачон ажралмас, саёҳатга чиқса ҳам ўзи билан бирга олиб кетарди. Мусаввирдан ҳар сафар бунинг сабабини сўраганларида, аёл гўзаллигининг мукаммал ифодаси ҳисобланган мазкур асардан айро бўлиш қийинлигини айтарди.
Баъзи санъатшунослар да Винчининг "Мона Лиза"га бунчалик қаттиқ боғланганига бошқа сабаб бор дейишар эди. Миш-мишларга кўра, "Мона Лиза" қатларида сирли нома яширинган эмиш. Аммо кўпчиликнинг фикрича, "Мона Лиза"нинг энг катта сири - бу унинг табассумидир.
* * *
- Айтинг-чи, жаноб Лэнгдон, - сўради чайиргина йигит, - "Мона Лиза" - бу да Винчининг аёл кийимида тасвирланган сурати эмиш, шу тўғрими? Буни кўпчиликдан эшитганман.
- Балки шундайдир, - жавоб қайтарди Лэнгдон. - "Мона Лиза" ва да Винчи автопортретининг компьютер таҳлили шуни кўрсатдики, ҳар иккисининг юзи асосий антропометрик кўрсаткичлар бўйича мос тушади.
* * *
Ватикан ақлдан озган кўринади. Эркатой боласининг ҳар қандай хархашасини бажаришга тайёр, аммо қатьийлик кўрсатиб, унга асл қадриятларни ўргатишга эринадиган ота-онага ўхшаб қолибди. У замонавий тараққиётнинг жами инжиқликларини кўтаришга тайёр турибди.
* * *
Ҳа, одамлар сирли нарсаларни хуш кўришади.
* * *
Яқинда машҳур итальян санъатшуноси Маурицио Серазини "Нью-Йорк таймс" газетасида эълон қилган "Леонардонинг тутунли пардаси" номли мақола бутун дунёда шов-шув бўлиб кетди. Мақолада айтилишича, да Винчининг "Жодугарлар ибодати" асари қатларида қандайдир сир яширин эмиш. Серазини фикрича, бўёқлар қатлами остида кулранг-яшил рангларда чизилган "Жодугарлар ибодати" этюди ҳақиқатан ҳам да Винчи мўйқаламига мансуб, суратнинг ўзи эса уники эмас. Аллақандай номаълум рассом Леонардо вафотидан бир неча йил кейин хомаки расмни устидан бўяб чиққан экан. Буни ҳам қўятуринг, суратнинг инфрақизил нурлар ва рентген ёрдамидаги таҳлили шуни кўрсатдики, ўша муттаҳам этюдни аслига путур етказиш мақсадида бўяб ташлаган. Леонардо да Винчи бу полотнода ҳақиқатда нимани тасвирлагани ва унга етказилган зарар кўлами қанчалигини эса ҳеч ким айтиб беролмайди...
* * *
Леонардонинг амалга ошмаган аксар кашфиётлари деярли ўрганилмаган, табиийки уларга ном ҳам қўйилмаган.
* * *
Ҳар қандай замонда ҳам даҳо кишилар ахборотни ҳимоя қилиш масаласи устида бош қотиришган ва шу тариқа шифрлаш ўйлаб топилди. Масалан, Рим ҳукмдори Юлий Цезар "Цезар қутичаси" номини олган кодли хат ёзишни ихтиро қилган. Шотландия маликаси Мария эса қамоқхонадан битган мактубларида ҳарфлар ўрнини алмаштириб қўярди. Ва ниҳоят, буюк араб олими Абу Юсуф Исмоил ал-Киндий бир неча алифболар ҳарфларидан фойдаланган ҳолда шифр тузиб, ўз сирларини яшира олган.
* * *
Биласизми, тарих ҳамиша ғолиблар томонидан ёзилади. Икки маданият тўқнашуви юз берган тақдирда, мағлубиятга учраган томон ҳақоратлар ва камситилишларга учрайди, ғолиб томоннинг эришган муваффақиятлари ҳақида эса тарих китоблари янгидан ёзилади. Унутманг, тарих воқеаларнинг бир томонлама ёритилишидир.
* * *
Ҳар кимнинг муносиб ёки муносиб эмаслигини ҳал этиш Яратганга ҳавола.
* * *
Да Винчи амалга ошмай, чизмалигича қолиб кетган кашфиётлари билан ҳам донг таратган. Соньер ана шу лойиҳаларни рўёбга чиқаришга аҳд қилган эди. У хронометрлар, сув насослари ва ҳатто француз рицарининг роботини ҳам ясади - ҳозир робот Луврдаги хонасида турибди. Леонардо томонидан 1495 йили анатомия ва ирсиятни ўрганиш мақсадида лойиҳаланган бу робот-рицар махсус механизм билан таъминланган бўлиб, мазкур механизм унинг ҳамма бўғимларини ҳаракатга келтирарди. Робот ўтира олади, қўлини, бошини қимирлатади, оғзи очилиб-ёпилади.
* * *
Муаллифи Леонардо да Винчи бўлган ўн саккиз варақ қоғозни Билл Гейтс нақ ўттиз саккиз миллион саккиз юз минг долларга аукционда сотиб олганди. Қоғозлар аввалги эгаси бўлмиш Лестер герцоги шарафига "Лестер кодекси" деб аталар, унда да Винчининг астрономия, меъморчилик, геология ва гидрология бўйича назариялари қайд этилган.
Оч қаймоқранг қоғозга қизил сиёҳ билан, чиройли ҳуснихатда ёзилган битикларни Лэнгдон аввалига тушунмади. Ҳатто бирорта ҳарфини ҳам. Қадимги итальян тилида ёзилганмикан, деб ўйласа, итальянча сўзлардан асар ҳам йўқ. Шунда экспонат ёнида навбатчилик қилаётган аёл унинг қўлига кичкина кўзгу тутди.
- Мана бу билан уриниб кўринг-чи, сэр.
Лэнгдон кўзгучани матнга тутди.
Буюк даҳо ғоялари билан танишишга бўлган иштиёқи кучлилигидан ёзувларни кўзгу аксида ўқиш кераклигини унутиб қўйган экан.
Леонардо да Винчи нима учун бундай антиқа услублар қўллагани тарихчилар орасида ҳали-ҳануз баҳс-мунозарага сабаб бўлиб келади. Балки шу тарзда кўнгилхушлик қилгандир, балки қайдларни ўзидан бошқа ҳеч ким ўқий олмаслиги, ғояларини бошқалар ўғирламаслиги учундир. Аниғини ҳеч ким билмайди.
* * *
"Сиз мен биланмисиз ёки менга қаршимисиз?.."
Бу вазиятдан чиқишнинг энг маъқул йўли - сукут сақлаш.
НАСРИДДИН тайёрлади.