Бировнинг ҳаққи бошқага буюрмайди, дейдилар. Аммо, афсуски, ҳаётда ўзганинг молига, пулига кўз олайтириб, уни ўзлаштиришдан уялмайдиган кимсалар ҳам учраб туради. Шундай ҳолатлардан бири Муборак туманида юз берди.
Шу йилнинг 14 июль куни соат 21:30 да 32 ёшли Г.Б. Истиқлол маҳалласида яшовчи фуқаро Б.А.нинг уйидаги сандиқдан жами 12 турдаги умумий баҳоси 20 миллион 780 минг сўмлик тилла-тақинчоқлар ва 1 минг 350 АҚШ долларини ўғирлаб кетганлиги аниқланди.
Ҳолат юзасидан Муборак тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси 2-қисми “б, г” бандлари (ўғрилик) билан жиноят иши қўзғатилган.
ИИВ ҳузуридаги тергов департаментининг хабар беришича, дастлабки тергов жараёнида Г.Б.дан тилла тақинчоқлар ҳамда 1 минг 150 АҚШ доллари миқдоридаги пул ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинган ва у жиноят ишида гумон қилинувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилинган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.