Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 ноябрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

М.ШУҲРАТОВ

26.12.2017


САНОАТ ЧИҚИНДИСИДАН ЎҒИТ, ҚЎНҒИР КЎМИРДАН БИТУМ

Айтиш жоизки, бу танлов юртимизда илк бор ўтказилмоқда. Вилоят хотин-қизлар қўмитаси ва вилоят ихтирочи аёллар уюшмаси тадбирнинг асосий ташкилотчилари саналади. Кўзланган мақсад эса ихтирочи, муҳандис, рационализаторлик таклифи, инновацион лойиҳаси бўлган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ташаббусларини рағбатлантириш ва рўёбга чиқаришдан иборат.

- Танлов биринчи марта ташкил этилганига қарамай, унинг илк босқичида 400 нафарга яқин хотин-қиз иштирок этиш истагини билдирди, - дейди вилоят ихтирочи аёллар уюшмаси раиси Муабара Ҳакимова. Уларнинг ўртасида кучли рақобат сезилиб турди. Якунда 50 нафар киши вилоят босқичига етиб келди. - Улар ўз маҳсулоти ва ишланмасини ҳакамлар эътиборига ҳавола этди. Тақдимотлар ўтказилди. Илгари сурилган лойиҳанинг аҳамияти, долзарблигига урғу берилди.

Дарҳақиқат, иштирокчиларнинг лойиҳаларида ранг-барангликни кўриш мумкин. Илмий ишланмаларда саноат чиқиндисидан комплекс ўғит ҳамда қўнғир кўмирдан битум олиш технологияси, сув резервуарларидаги сув сарфини автоматик бошқариш ва назорат қилиш каби масалалар асослаб берилди. Шунингдек, бир қанча қатнашчилар томонидан дизайнерлик, тадбиркорлик ишлари тақдим этилди.

Танловнинг вилоят босқичида “Энг яхши ихтиро”, “Энг яхши модель”, “Энг яхши саноат намунаси” сингари 11 номинация бўйича ғолиблар аниқланди. Эндиликда улар танловнинг ҳал қилувчи – республика босқичида иштирок этишади.

М.ШУҲРАТОВ

Собир НАРЗИЕВ олган сурат.

Report typo