Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 ноябрь, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Ўз мухбиримиз

20.11.2020


САНОАТ СОҲАСИДАГИ ҚОЛОҚЛИК

жорий йилда янада яққолроқ кўзга ташланмоқда

Долзарб статистика

Дастлабки статистика маълумотларига кўра, республикамизда шу йилнинг 10 ойи давомида ишлаб чиқарилган жами саноат маҳсулотлари ҳажмида Қашқадарё вилоятининг улуши атиги 3,9 фоизни ташкил этган. Ваҳоланки, 2019 йилнинг худди шу даврида мазкур кўрсаткич 6,2 фоиз, яна бир йил олдин 6,3 фоиз, 2017 йилнинг январь-октябрь ойлари якунида эса 7,7 фоизга тенг бўлган.

Қашқадарёнинг республика саноатидаги улуши кескин (уч йилда қарийб икки баравар) пасайиши, бир томондан, нефть-газ саноатида қазиб чиқариш ҳажмларининг камайиши, иккинчи томондан, "Муборакнефтгаз" ва "Шўртаннефтгаз" масъулияти чекланган жамиятларининг қайта ташкил этилиб, Муборак ва Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармалари сифатида "Ўзбекнефтгаз" акциядорлик жамияти таркибига ўтказилиши ва уларнинг ишлаб чиқариш кўрсаткичлари энди Тошкент шаҳри статистикасида акс эттирилиши билан изоҳланади.

Давлат статистика қўмитасининг саноат статистикаси бошқармаси томонидан тайёрланган таҳлилий шарҳда таъкидланишича, шу йилнинг 10 ойида мамлакатимиздаги фақат учта ҳудуд - Тошкент шаҳри ҳамда Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларида саноат ишлаб чиқаришининг физик ҳажм индекси (ФҲИ) 100 фоиздан паст бўлган, яъни тармоқда ўтган йилнинг тегишли даврига нисбатан камайиш қайд этилган. Қашқадарёда ушбу индекс 99,4 фоизни ташкил этган, яъни саноатда 0,6 фоизлик пасайиш кузатилган. Таққос учун: шу йил январь-октябрь ойлари натижалари бўйича Наманган вилоятида саноат ишлаб чиқаришининг ФҲИ салмоғи 111,3 фоиз, Навоий вилоятида 109,5 фоиз, Сурхондарё вилоятида 108,6 фоизга етиб, тармоқда кескин ўсиш эътироф этилган.

Қашқадарёнинг кейинги йилларда саноат соҳасида аутсайдерлар сафига тушиб қолаётганлигини қуйидаги рақамлардан ҳам англаб олишимиз мумкин. Жорий йил 1 ноябрь ҳолатида воҳамизда фаолият кўрсатаётган саноат корхоналари сони 3918 тага, йил бошидан буён янги ташкил этилган саноат корхоналари сони эса 740 тага етган. Мазкур кўрсаткичлар бўйича воҳамиз республика ҳудудлари орасида тегишли равишда тўққизинчи ва ўн биринчи ўринларни эгаллаб турибди. Таққос учун: Андижон,  Фарғона ва Тошкент вилоятларида фаолият кўрсатаётган саноат корхоналари сони воҳамиздагидан 2,1-2,2 баравар кўп. Шунингдек, йил бошидан ҳисоблаганда Андижон вилоятида Қашқадарёга нисбатан 3 баравар, Сурхондарёда ва Тошкент шаҳрида - 2,2 баравар кўп янги саноат корхоналари ташкил этилган.

Шу йил январь-октябрь ойларида республикада аҳоли жон бошига тўғри келадиган саноат маҳсулотлари ҳажми 8 миллион 485,1 минг сўмни, истеъмол маҳсулотлари ҳажми 2 миллион 806,8 минг сўмни ташкил этган ҳолда вилоятимизда тегишли кўрсаткичлар салмоғи 2,5 баравар паст (3 миллион 452,2 минг ва 1 миллион 120,1 минг сўм) бўлган.

Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, энг кўп саноат корхоналари мавжуд шаҳар ва туманлар ўнталигига вилоятимиздан биронта ҳудуд кирмаган. Республикамизда фаолият кўрсатаётган энг кам саноат корхоналари жойлашган шаҳар ва туманлар ўнталигидан эса Деҳқонобод тумани (80 та корхона) ўрин олган.

Ўз мухбиримиз

Report typo