Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
21 ноябрь, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Азизбек НОРОВ

02.05.2017


САНЖАР ФАЙЗИЕВ – БОШ СОВРИН СОҲИБИ

Эркаклар баҳс олиб борган Фьючерс туркумидаги, аёллар беллашган ITF таснифига кирувчи мусобақаларни мухлису мутахассислар катта қизиқиш билан кузатиб боришди. Айниқса, бош соврин учун кечган ҳал қилувчи баҳслар унутилмас онларга бой бўлди.

Фьючерс турнири яккалик баҳсларида вилоятимиз вакили Санжар Файзиев мусобақа давомида тенгсиз эканини исботлади. Даставвал у асосий баҳсларнинг биринчи раундида россиялик Денис Мацукевитчни 6/4, 6/4, иккинчи босқичда Сергей Бетовни 6/3, 6/4 ҳисобларида мағлуб этган бўлса, чорак финалда жаҳон рейтинг таснифига кўра, мусобақанинг биринчи рақамли теннисчиси Дмитрий Попко (Қозоғистон) ҳамюртимиз маҳорати олдида ожиз қолди. Шундан сўнг ярим финалда эстониялик Владимир Иванов ҳам 6/2, 6/1 ҳисобларида мағлубиятга учратилди. Мусобақанинг финалида эса теннисчимиз турнирнинг иккинчи рақамли ракетка устаси Игорь Герасимов билан муросасиз ва кескин баҳс олиб борди. Жами уч сет давом этган асосий курашда Санжар Файзиев ўз иродасини намойиш этди ва 7/6, 5/7, 7/6 ҳисобида беларуслик теннисчидан устун келди.

- Ўз уйингда ўйнаш доимо ёқимли, - дейди мусобақа ғолиби Санжар Файзиев. – Чунки мухлислар қўллаб-қувватлайди. Шу маънода, Қарши шаҳри мезбонлик қилган турнирда беллашиш доим менга ўзгача куч бағишлаган. Рақибим Игорь Герасимов ҳозирги вақтда жуда ажойиб спорт формасида. Бироқ астойдил ҳаракат қилдим ва мақсадимга эришдим.

Бундан ташқари, турнирнинг жуфтлик баҳслари ҳам қизғин ва муросасиз ўйинларга бой бўлди. Эътиборлиси, финалда ҳамюртимиз Санжар Файзиев ва қозоғистонлик Тимур Хабибулин жуфтлиги Шрирам Балажи/Вишну Вардхан (иккаласи ҳам Ҳиндистон) жуфтлигини 7/6(3), 6/3 ҳисобида енгди.

Бир сўз билан айтганда, мусобақа давомида  вилоятимиз вакили Санжар Файзиев ўзининг ажойиб спорт формасида эканини ҳар томонлама кўрсата олди.

Аёллар ўртасида ўтказилган мусобақа ғолиблари ҳам аниқланди. Ҳар бир ўйин мухлисларнинг катта қизиқишига сабаб бўлди. Айниқса, мамлакатимизнинг етакчи теннисчиларидан бири Нигина Абдураимова анча ишончли тарзда ҳаракат қилди. Бироқ унинг омадли юришларини ярим финалда украиналик Ольга Иванчук тўхтатди. Шундай қилиб, яккалик баҳсларининг финалида Ольга Иванчук ва россиялик теннисчи Полина Монова ўзаро беллашишди. Дастлаб биринчи сетда Иванчук 6/4 натижаси билан устун келган бўлса, Полина Монова қолган икки сетни ўз фойдасига ҳал этди ва ғолибликни қўлга киритди.

Шунингдек, аёллар мусобақасининг жуфтлик ўйинларида Ольга Дорошина ва Полина Монова жуфтлигига тенг келадиган рақиб топилмади.

Мусобақа якунига етгач, тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Унда вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Хуррам Жўраев иштирок этди.

Ғолиб ва финалчилар тантанали тарзда тақдирланди.

Азизбек НОРОВ

Report typo