Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Н.ХЎЖАЕВ

17.08.2017


САОДАТЛИ КУНЛАР СУРУРИ

Бу йилги байрам тантаналарида ҳам халқимиз қалб ва шуурида тарихан қисқа давр ичида содир бўлган ўзгаришлар, янгиланишлар, Юртбошимиз раҳнамолигида, аввало, элу юртимизнинг ҳаётий иродаси, яратувчанлик, куч-қудрат ва салоҳиятига таянган ҳолда амалга оширилган ислоҳотлар, тараққиёт йўлларидан шиддат ва шижоат билан юксалиб бораётган мустақил давлат халқимизнинг асрий орзулари эканлиги ўз ифодасини топмоқда.

Мустақиллик байрамининг бу йил “Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!” шиори остида ўтказилишида ҳам чуқур маъно бор. Чунки мустақиллик йилларида Ватанимиз, халқимиз ҳаётида, барчамизнинг онгу шуур ва тафаккуримизда рўй берган улкан ўзгаришларни кўз олдимизга келтирганимизда, истиқлолнинг буюк моҳияти ва аҳамиятини, бу улуғ неъматнинг муқаддас заминимизда яшайдиган барча инсонлар ҳаётида тутган ўрнини янада теран англаймиз.

Айни эътироф Миришкор туманида ўтган байрам тантаналарида ҳам барчанинг дилидан жаранг сочди. Туман марказий ўйингоҳида жам бўлган давлат ва жамоат ташкилотлари масъул ходимлари, санъаткорлар, ижод аҳли, кенг жамоатчилик вакиллари, кекса-нуронийлар ва ёшларнинг қалби тинч-осойишта, ҳар куни янги зафарларга бой бу юртнинг қутлуғ тўйи остонасида эзгу ҳисларга чулғанган, кўнгиллар масрур, шодумон.

Миришкорликлар бу йилги байрамни улкан зафарлар билан кутиб олишди. Зеро, Миришкор – катта потенциалга эга туман. Шу боис, узоқ йилга мўлжалланган улкан режаларни сира чўчимасдан амалга ошириш имкони мавжуд. Айниқса, қишлоқ хўжалиги соҳасида туман вилоятда ўзининг мустаҳкам ўрнига эга. Бу йил туман ғаллакорлари давлатга 57 минг тонна сара дон топшириб, республикада биринчилардан бўлиб белгиланган шартнома режасини бажардилар. Айни пайтда пахтадан, такрорий экинлардан юқори ҳосил кўтариш ишига туман меҳнаткашлари жиддий киришишган.

Бугун мамлакатимизда бўлгани каби туманда ҳам улкан  бунёдкорлик ишлари амалга оширилиб, халқнинг турмуш фаровонлиги тобора яхшиланмоқда, энг чекка қишлоқларда ҳам фахрланса арзигулик ишлар қилинаяпти. Шу йилнинг ўзида кўплаб иншоотлар, жумладан, туман тез тиббий маркази таъмирланди, Жейновда 21-сонли болалар мусиқа ва санъат мактаби, 10-мактабда спорт зал, 270 ўринли 12-мактаб янгидан қурилиб, байрам арафасида фойдаланишга топширилди. Намунавий лойиҳа асосидаги шинам, кўркам, барча қулайликларга эга уй-жойлар, бир-биридан чиройли инфратузилма объектлари ҳудуд чиройига чирой қўшмоқда.

Миришкор – кўп миллати туман. Ҳудудда ўзбек, тожик, туркман, араб, татар сингари 20 дан зиёд миллат вакиллари тинч-тотувликда ҳаёт кечирмоқда. Яратилган шароитлар боис улар асрий удум ва анъаналарининг бардавомлигини сақлаб, ардоқлаб келишаяпти.

- Туман ташкил қилинган кундан бугунгача бўлган барча ривожланиш босқичини кўриб-кузатиб, аксар жараёнларда иштирок этиб  келаяпман, - дейди меҳнат фахрийси Омон Бурхонов. – Аммо сўнгги 26 йилда ҳудудимизда амалга оширилган катта бунёдкорлик, ободончилик ишларининг санаб адоғига етиб бўлмайди. Узоқни кўзлаб юритилаётган оқилона сиёсат, юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталик туфайли фаровон ҳаёт кечираяпмиз, кўнглимиз хотиржам.

Байрам муносабати билан Президентимиз ташаббусига кўра тумандаги 26 нафар боланинг суннат тўйи ўтказиб берилгани эса кўплаб оилаларга қувонч олиб келди. Дилларда миннатдорлик, тилларда шукрона – истиқлолимиз абадий, осмонимиз мусаффо бўлсин, дейди улар.

Тадбир аввалида туман ҳокими Равшан Комилов сўзга чиқиб, истиқлол туфайли халқимиз ўз тақдирини ўзи белгилаш, мамлакатимизнинг беқиёс моддий ва маънавий бойликларига эгалик қилиш, келажагини ўз қўли билан яратиш имконини қўлга киритгани, ҳаётимизнинг қайси жабҳасини олмайлик, Президентимиз раҳнамолигида ақл-заковати, билими ва куч-қудратига ишонган мард халқимиз ўз пешона тери эвазига эришган улкан ютуқларнинг гувоҳи бўлиш мумкинлигини таъкидлади.

Вилоятимизнинг хушовоз хонандалари ва пойтахтдан келган санъаткорлар – Бекзод Ҳаққиев, Умрзоқ Қувватов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Ойгул Халилова, Аслиддин Дўстов, Наргиза Азимова, Ўзбекистон халқ артистлари – Озодбек Назарбеков ҳамда Гулсанам Мамазоитова ижросидаги Ватанни, истиқлолни, бахтли ҳаёт ва юксак орзу-умидларни мадҳ этган куй-қўшиқлар барчага завқ-шавқ, кўтаринки кайфият улашди.

- Бу йилги байрамларнинг шукуҳи ўзгача бўлаяпти, - дейди помуқлик Санам Темирова. – Айниқса, кам таъминланган оилалар фарзандларининг суннат тўйлари ўтказиб берилгани, унда таниқли санъаткорлар хизмат қилгани ҳали кўп йилларгача шу ёшларнинг хотирасида муҳрланиб қолиши шубҳасиз.

Байрам шукуҳи қалбларга кўчди. Энг улуғ, энг азиз айём тантаналари воҳамизнинг барча шаҳар ва туманларида давом этмоқда.

Н.ХЎЖАЕВ

Суратларда: байрам тадбиридан лавҳалар.

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Report typo