Амир Темур таваллудининг 688 йиллигига
"Бахтиёр жангчи, жаҳонгир, қонуншунос бўлиш билан бирга, ўзида Осиёда кам учрайдиган тактик ва стратегик билимларни ифодалаган..."
"Саркардалик, давлатни бошқариш ва қонунчилик соҳасида буюк иқтидорга эга эди".
"Лавозими, бойлиги, ирқи, динидан қатъи назар, барча учун адолат бир бўлишини ниҳоятда синчковлик билан кузатиб борар эди. Бундай ҳукм чиқариш одати, ўз даври энг яхши саркардасининг жасорати ва шуҳрати сингари, унинг жангчилар ўртасидаги эътибори ва таъсирининг таркибий қисмларидан бири ҳисобланарди".
"Европа конституция ҳақида оддий тушунчага эга бўлмаган бир даврда... унинг давлатида конституцион қонунлар мажмуаси - "Тузуклар" мавжуд бўлган ва амал қилган".
"Унинг номи миллатлар воқеаномаларида ўчмас ёзувларда қайд этилмаганми?! Ахир, авлодлари фойдаланиб келган зафарлари унинг буюк заковатини исботлаш учун етарли эмасми?"
Соҳибқирон Амир Темур ҳақидаги юқоридаги таърифу тавсифлар сарой маддоҳлари ёинки салтанатдан манфаатдор кишилар томонидан эмас, тарих силсиласини муносиб баҳолашга қодир етук мутахассислар тарафидан макон ва замон нуқтаи назаридан ҳам анча наридан туриб айтилгани билан аҳамиятлидир.
Буюк бобокалонимиз Амир Темурнинг жаҳон ва миллатимиз тарихида тутган ўрни, сийрати, сиёсати, ҳарбий ва дипломатик салоҳияти ҳақида сўз кетганда, ўчмас из қолдирган йирик давлат арбоби, моҳир саркарда, илм-фан ва маданият ҳомийси сифатида баҳо берилиши бежиз эмас, албатта.
Соҳибқирон ўз "Тузуклар"ида 12 ёшидан жаҳонгашталик қисмати бўлганини айтади. Сиёсий майдонга қадам қўйганида эса Амир Темур эндигина икки мучални қаршилаган эди. Мамлакат пароканда, маҳаллий сиёсий кучлар ўртасидаги ўзаро қарама-қаршиликлар авж олган, устига-устак мамлакат тинимсиз босқинчилик ҳужумларидан хароба ҳолга келган эди. Бир асрдан зиёд вақт давом этган бу шароитда жамият учун озодлик ва тараққиётга бўлган интилишларни ўзида мужассам этган халоскор зарур эди. Амир Темур ана шундай халоскор ва йўлбошчи сифатида тарих саҳнасида пайдо бўлганини кўпчилигимиз яхши биламиз.
Амир Темур Марказий Осиё ҳудудларини ягона марказлашган давлатга бирлаштирди, Ҳинд ва Гангдан то Сирдарё ва Зарафшонгача, Тян-Шандан то Босфоргача улкан империя барпо этди.
Темур тузуклари, Низомиддин Шомий, Шарафиддин Али Яздий, Ибн Арабшоҳ асарлари ва бошқа тарихий манбаларда Соҳибқироннинг сурату сийрати, дунёқараши ва ибратли ишлари ҳақида жуда кўп маълумотлар келтирилганки, булар эл-юрт ва раиятнинг ташвиши билан яшаш, давлатни адолат ила бошқариш, инсонпарвар жамият қуриш, меҳр-мурувват, мардлик ва қаҳрамонликда шахсий намуна кўрсатиш Амир Темурнинг бир умрлик турмуш тарзига айланганидан далолат беради.
Амир Темурнинг азми қатъий ҳукмдор бўлганига бир мисол: Шарафуддин Али Яздий "Зафарнома"да ёзишича, Соҳибқирон Кобул яқинига етганида ерлик аҳоли олий даргоҳга келиб, каргас қабиласининг сардори Мусо авғон Эрёб қалъасини хароб қилгани ва ўғрилик ҳамда қароқчиликни касб қилиб олгани, бирор киши у ерлардан соғ-омон ўта олмаслиги ҳақида хабар берадилар. Амир Темур Эрёб қалъасини тиклашни буюради ва ўз лашкаридан уч юз кишини бу ишда ёрдам бериш учун белгилайди. Қалъани, ундаги жомеъ масжиди ва бошқа масжидлар ҳамда иморатлар билан бирга, ҳаммасини ўн тўрт кун ичида қуриб битказадилар.
Бундан ташқари, савдо карвонлари қатнови ҳамда аҳолининг тинч-тотув яшашини кўзлаб, ушбу вилоятдаги Нағз қалъасини ҳам ўз аскарлари ёрдамида қайта тиклайди ва яна бир қанча ободончилик ишларини амалга оширади. Натижада, савдо карвонларининг бемалол қатнови учун тўла имкон вужудга келади. "Ул ҳудуднинг йўллари ва атроф (ерлар) авбошлар ва қароқчилар босқинидан ҳимояланди" , деб ёзади Али Яздий мазкур савдо йўлининг ҳолати ҳақида.
Амир Темур ҳарбий салоҳиятда жаҳонга машҳур саркарда бўлиши билан бирга, унинг жанг қилиш санъати, тактика ва стратегияси, армия таркибининг тузилиши ўз даврининг нодир мўъжизаси эди. Унинг ҳарбий маҳорати турли йўналишларда - аскарий қисмларни қайта ташкил қилиш, душманга ҳужум қилиш, турли-туман усуллардан фойдаланиш, ҳужумдан олдин рақиб жойлашган ерларни обдан ўрганиб чиқиш ҳамда лашкарбоши - қўмондонликда ноёб иқтидорга эга бўлганлигида намоён бўлди.
"Темурнинг ҳарбий кучлари, - деб ёзади таниқли тарихчи Ҳильда Ҳукҳэм, - аввалига моҳир суворийлар ва мерган камончилар эди ва буюк саркарда қудратининг асосини ташкил қиларди. Милтиқлар пайдо бўлгунга қадар, уларнинг санъати мерганлик ҳарбий санъатининг энг юқори чўққиси ҳисобланиб келди".
Соҳибқирон ҳаёти давомида оз сонли жангчилар қатнашган кичик жангларни ҳам, шунингдек, Тўхтамишхон, Боязидга қарши муҳорабаларда 200 мингдан ортиқ сипоҳ иштирок этган йирик урушларнинг ҳам шоҳиди бўлган. Уруш учун эса лашкар етарли миқдорда қурол-яроғ билан таъминланиши лозим эди. Шу сабаб мамлакатнинг муҳим нуқталарида қурол-яроғ тайёрланадиган устахоналар ташкил этилган, уларда минглаб қуролсоз усталар ишлаган. Узоқ Испаниядан Самарқандга келиб, Амир Темур қабулида бўлган Руи Гонзалес де Клавихо "Самарқандга Темур саройига саёҳат кундалиги 1403-1406 йиллар" асарида Самарқанд чеккасидаги бир қалъада жойлашган қурол-яроғлар ясаладиган устахона ҳақида маълумот берган.
Қолаверса, манбаларда Амир Темур ҳар қандай муаммога ечим топа оладиган устомон дипломат сифатида намоён бўлади. "Темур тузуклари"да "Қайси ишни чораю тадбир билан битиришнинг иложи бўлса, унда қилич ишлатмадим. Тажрибамдан шуни билдимки, юз минг отлиқ аскар қила олмаган ишни бир тўғри тадбир билан амалга ошириш мумкин" дея таъкидлангани бежиз эмас. Амир Темурга хос ана шу дипломатия, унинг душманлари устидан қозонилган ғалабаларда, айрим ўлкалар ҳукмдорларининг унга урушсиз тобе бўлишида энг қулай, беталафот восита бўлган.
Амир Темур улкан давлат барпо этиш билан бирга, унинг сиёсий, иқтисодий ва маданий-маънавий салоҳиятига ҳам катта эътибор қаратганини кўрамиз. Соҳибқирон ва унинг авлодлари саъй-ҳаракати билан қурилган мадрасалар, масжидлар, хонақоҳлар, саройлар, бозорлар, қалъалар, каналлар, йўл ва кўприклар ва бошқа иншоотларнинг сон-саноғи йўқ. Амир Темурнинг бевосита раҳнамолигида бунёд этилган Бибихоним жомеъ масжиди, Гўри Амир, Аҳмад Яссавий, Занги ота мақбаралари, Оқсарой ва Шоҳи Зинда меъморий мажмуалари, Боғи Чинор, Боғи Дилкушо, Боғи Беҳишт, Боғи Баланд сингари ўнлаб гўзал сарой-боғлар ва бошқа иншоотлар шулар жумласига киради.
Мустабид тузум буюк бобомиз шахсига номуносиб қанча туҳмат ва ҳақоратлар қилмасин, Соҳибқирон даҳосини халқимиз юрагидан суғуриб ташлай олмади. Истиқлолга эришганимиздан эътиборан Амир Темур халқимиз учун яна Ватан ва миллат тимсолига айланди.
Соҳибқирон тузукларида: "Яхшиларга яхшилик қилдим, ёмонларни эса ўз ёмонликларига топширдим", дейилади. Бугун саъй-ҳаракат қилаётганимиз - қонун устуворлиги тамойили Соҳибқирон давлатида кенг амалда бўлгани эътиборга молик. Зеро, қонун устуворлиги салтанатда тинчлик ва осойишталик қарор топишини таъминлаши барчага аён ҳақиқат.
Соҳибқироннинг ҳаёт шиори бўлган "Рости - русти", яъни "Куч - адолатда" сўзлари ёзилган узукни тақдим этган пири Абу Бакр Тайободий Амир Темурга йўллаган мактубида шундай дейди: "Худонинг мулкида адолат ила иш тутгилким, шундай демишдирлар: "Мамлакат куфр билан туриши мумкин, лекин зулм бор ерда туролмайди".
Буюк аждодимизнинг муҳим фазилатларидан бири шуки, у зот 600 йил аввал давлатлараро ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш, узоқ ва яқин халқлар ўртасида дўстлик ва ҳамжиҳатлик ришталарини мустаҳкамлаш ўз салтанати ёрқин истиқболини таъминлашнинг муҳим омили эканини теран англаган. Шу сабабли, у Европа ва Осиёни боғлашга хизмат қилган улкан ишларни амалга оширган. Бир томондан - Хитой, Ҳиндистон, иккинчи томондан - Франция, Испания, Англия ва бошқа давлатлар билан алоқалар ўрнатган ва шу муносабатларни мустаҳкамлашга интилган.
Амир Темур билан Европа давлатлари қироллари ўртасидаги ёзишмалардан гувоҳлик берувчи мактубларнинг бир қисми бизгача етиб келган ва улар Франция, Англия, Италия каби давлатлар кутубхоналарида, архивларида сақланмоқда. Бу хатлар бошқа тилларга таржима ҳам қилинган. Амир Темурнинг Константинополга, Франция қироли Карл VI га юборган мактублари; Франция қироли Карл VI нинг ва Англия қироли Генрих IV нинг Амир Темурга йўллаган хатлари; Мироншоҳнинг Европа давлатлари қиролларига жўнатган мурожаатномаси ана шулар жумласидандир. Соҳибқироннинг Кастилия қироли Генрих III га юборган элчисига ва мактубига (ҳозирда унинг нусхаси сақланган) жавобан у томондан Кастилия қироли Руи Гонсалес де Клавихони юборади. У 1403-1406 йилларда Самарқандга келгани, қайтиб боргач, сафар хотираларини ёзиб қолдиргани маълум.
Ёзишмаларда ҳамкорлик қилиш, давлатлар ўртасида элчилик муносабатлари ўрнатиш, савдо-сотиқни ривожлантириш, йўлларда савдо карвонлари хавфсизлигини таъминлаш кабилар қайд этилган.
Кейинги йилларда Амир Темур сиймосини янада кенг ўрганиш ва тадбиқ этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Амир Темур феномени билан боғлиқ қонун, Президент фармонлари, қарорлар қабул қилинди. Юртимизда таъсис этилган "Амир Темур" ордени Ўзбекистон Республикасининг энг юксак давлат мукофотларидан бири саналади. Фаолият олиб бораётган "Темурбеклар мактаблари"да азми шижоатли, илмли Соҳибқирон ворислари камолга етмоқда. Тошкент, Самарқанд, Шаҳрисабз шаҳарларида улуғ аждодимизнинг ҳайкали қад ростлаб турибди.
Амир Темур - Иккинчи Ренессанс ҳомийсидир. Бугун биз Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишда буюк аждодимиз қолдирган меросга қайта ва қайта мурожаат этамиз. Буюк давлат қуришдек мақсад сари бораётган эканмиз, ўтмишнинг маънавий тамойиллари бизни адолатли йўллар орқали юксак тараққиётга олиб бориши шубҳасиз.
Муборак Рамазон кунларида буюк Соҳибқиронни ёд этаётганимизда ҳам катта ҳикмат мужассам. Зеро, Амир Темур чин диёнат соҳиби бўлганлиги учун доим ўзини яратганнинг олдида масъул билиб, бу ҳақда "Темур тузуклари"да "Ҳеч ишда танглик (адолатсизлик) қилмадим, токи тангри таолонинг ғазабига дучор бўлмайин", дея таъкидлаган эди.
Дарҳақиқат, Амир Темурнинг тарихда тутган ўрнини қанча чуқур англасак, буюк келажак сари одимларимиз шунча дадиллашиб бораверади.
НАСРИДДИН