Ишлаб чиқариш
Маълумки, вилоятимиз озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш учун қулай иқлим шароити ҳамда унумдор тупроқли экинзорларга эга. Воҳада парваришланган мева-сабзавот, узум ва полиз маҳсулотлари ўзининг хуштаъмлиги, энг асосийси, фойдали ва тўйимлилиги билан ажралиб туради. Уларни пишиқчилик мавсумида қисқа фурсатда йиғиб олиш, нест-нобуд қилмасдан сақлашга ёки қайта ишлашга йўналтириш муҳим тадбир саналади.
Шу жиҳатдан олиб қараганда, қишлоқ хўжалигида етиштирилган озиқ-овқат маҳсулотларини сақлаш ва қайта ишлаш билан боғлиқ лойиҳалар бугунги кун учун долзарб аҳамиятга эга. Бу, ўз навбатида, қиш-баҳор ойларида ҳам ички истеъмол бозорида нархлар барқарорлиги, озиқ-овқат маҳсулотларининг мўл бўлиши, қолаверса, қўшимча иш ўринлари яратилиши, экспорт салоҳиятининг ортишига замин ҳозирлайди.
Китоб туманидаги "Асл консерва" масъулияти чекланган жамиятининг асосий фаолият тури қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлашга қаратилган. Улар учун ҳам жорий пишиқчилик мавсуми серунум келди.
- Корхонамизда бир қатор полиз маҳсулотлари ҳамда мевалар қайта ишланиб, тайёр маҳсулот тарзида ички бозорга етказиб берилаяпти, - дейди жамият раҳбари Музаффар Шокиров. - Йилига 0,5 литрдан 3 литргача бўлган сиғимдаги 200 минг банка консерва тайёрлаш имконимиз мавжуд. Айни пайтда помидор, бодринг ва булғор қалампиридан томат пастаси ҳамда турли хил тузламалар, мевалардан эса асосан мураббо тайёрлаяпмиз.
Тадбиркор ҳудуддаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчилар билан самарали ҳамкорлик ўрнатган. Уларга жамият томонидан экиш тавсия этилган экинларнинг сара уруғлари етказиб берилади. Деҳқон ва фермер хўжаликлари эса уни экиб, парваришлайди. Ҳосил олингач, маҳсулотни яна корхонанинг ўзи харид қилади.
Аҳамиятли томони, мазкур лойиҳанинг йўлга қўйилиши натижасида ҳудудда етиштирилаётган озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш кўлами ортиши, аҳолига консерва маҳсулотлари етказиб берилиши баробарида, ўн нафар кишининг доимий иш билан бандлиги таъминланган.
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.