Қамаши туманидаги “Асад қара Баландчайла” МЧЖ ҳам бир неча йиллардан бери аҳоли дастурхонига турфа ноз-неъматлар етказиб бераётган тадбиркорлик субъектларидан биридир. У асосан узумчилик ва боғдорчиликка ихтисослашган. Жамият тасарруфидаги майдонларда дастлабки йилларда экилган экспортбоп олма ва олхўри, ток дарахтлари аллақачон ҳосилга кирган, ўз мевасини бера бошлаган бўлса, янги яратилган боғу токзорлардаги ниҳоллар ҳам бўй чўзиб, улардан териб олинаётган ҳосил миқдори йил сайин ошиб бораяпти.
Айни вақтда ушбу тадбиркорлик субъектига тегишли 106 гектар ҳудуднинг 23 гектарини токзор ташкил этади. Ҳар бири 3 гектарлик майдонда, алоҳида-алоҳида қисмларга ажратилиб, тартиб билан экилган боғ, ишкомларда осилиб турган шода-шода узум бошларини кўриб, боболаримизнинг “Ер эгаси бўлма, меҳнат эгаси бўл”, деган нақли ёдга тушади.
- Узумни бу тартибда етиштириш халқ тилида “водий усули” деб аталади, - дейди жамият иш юритувчиси Мубориз Чўллиев. – Бунга сабаб, водийлик боғбонлар аввалдан токни осма шаклда парваришлаб, мўл ҳосил олишган. Биз эса буни янада мукаммаллаштириб, ҳар бир қаторнинг бир текис ва тартиб билан жойлашишига эътибор қаратдик. Етилган узумларни қушлардан асраш учун ҳар бир уч гектарлик ҳудуд алоҳида ажратилиб, атрофи тўрлар билан ҳимояланган. Ток новдаларининг тепада бўлиши, ҳосилнинг эса пастга осилиб туриши сабаб, узумлар офтоб нурида куйиб қолмайди, бир текис ривожланади. Қолаверса, пишиб етилаётган ҳар бир узум бошини кузатиб бориш, зарарланган қисмларини вақтида олиб ташлаш имкони бўлади. Тўғри, бунинг анчагина меҳнати кўп, бироқ фойдаси ҳам кам эмас. Бу йил 6 гектар майдонда парваришланаётган узумларимиз тўлиқ ҳосилга кирди. Насиб этса, ҳар бир гектардан 35 тоннадан ошириб ҳосил олишни мўлжаллаб турибмиз. Кейинги йил боғимизнинг яна бир қисми ҳосилга киради. Айни дамга қадар маҳсулотни ички бозорга етказиб бераётган бўлсак, эндиликда экспортни йўлга қўйиш бўйича ҳам ишлар олиб бораяпмиз.
Айтиб ўтиш жоиз, қишлоқ хўжалигида бу каби лойиҳаларнинг амалга оширилиши асносида вилоятимизда мева-сабзавот ва узум етиштириш ҳажми йил сайин ортиб бормоқда. Буни биргина узумчилик мисолида қарайдиган бўлсак, 2016 йилда воҳамиз боғбонлари томонидан 108 минг 882 тонна узум етиштирилиб, 2015 йилдагига нисбатан 12,2 фоиз кўп маҳсулот олинган. Жорий йилнинг дастлабки ҳосилидан ҳозирча 4 минг 340 тонна узум терилди. Пайкаллар эса натижа ҳар йилгидан баланд бўлишини кўрсатмоқда.
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ
Суратда: ишком ишчилари ҳосилни йиғиш жараёнида.
Cобир НАРЗИЕВ олган сурат.