Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 ноябрь, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Б.ЎКТАМ

09.07.2019


САРСОН ҚИЛИШНИНГ "СУВОҚОВА"ЧА" УСЛУБИ

Чамаси буни Қарши тумани "Сувоқова" корхонасидагилар яхши англа(ма)йди чоғи, йўқ жойдан одамларни қарздор қилиб қўйишнинг турфа йўлларини ўйлаб топибди. 2-3 йил олдин ичимлик суви тармоғидан узилиб, "Сувоқова" корхонаси билан расамадига кўра хайр-хўшлашган истеъмолчига бир миллион сўмлаб қарздорлик ёзиб, "тўлаб қўй" деган мазмунда Мажбурий ижро бюроси орқали талабномалар юбораяпти.

Тилимиздан "халқ билан мулоқот", "инсон манфаати" деган сўзлар тушмай қолган, кўп катта идоралар ҳам одамлар билан келишиб, кенгашиб иш тутишга ҳаракат қилаётган бир чоғда сув корхонасининг бу қилиғи бироз тушунарсиздай.

Кўп қатори бир неча кун олдин шундай талабномалардан бири ўзим яшайдиган хонадонга ҳам келди (қайси қишлоқ ва айнан кимларга эканини атай ёзмаяпман, чунки туман "Сувоқова" корхонаси мутасаддилари қайси ҳудуд аҳолисига "қарз" ёзганини жуда яхши билади. Боз устига кейинги пайтларда кўплаб мутасаддилар ОАВдаги чиқишларга муносабат билдираркан, муаммо қолиб, интервью берган ёки дардини айтган кишиларга "ёпишиб" олаётгани сир эмас. Қолаверса, журналист ҳам ҳамма қатори истеъмолчи бўлиши мумкин).

Мажбурий ижро бюроси Қарши туман бўлими бошлиғи Х.Гульманов имзоси қўйилган хатда айтилишича, сув корхонаси томонидан тақдим этилган маълумотга асосан ичимлик сувидан оз эмас, кўп эмас нақ 842 минг сўм қарздорлик бўлиб, шу қарзни 5 кун ичида тўласангиз тўладингиз, бўлмаса, сув тармоғидан узиб қўйилганингиз етмагандай энг кам ойлик иш ҳақининг 2 баравари миқдоридаги жаримани қурутдай санашга тўғри келаркан. Хуллас, турган-битгани бошоғриқ.

Ваҳоланки туман "Сувоқова" корхонасининг ишидан кўнглимиз тўлмагани, бир кун сув бериб, тўрт кун жўмракларни қуритиб қўйгани, устига устак ичилмаган сувга тинмай қарз ёзавергани, пул тўласанг, авжи келиб яна қарздор қилиб қўйишдан ўзини тўхтата олмагани сабаб 2015 йилнинг ноябрида қудуқ кавлаб, "кран"дан узилганмиз. Бошқалар ҳам шундай қарорга келгани, тармоқдан кўра қудуқни афзал билгани оқибатида 2016 йилдан бери бу ерга ичимлик суви қувур орқали бормайди. Буни бош муҳандису бошқа ходимлар - далолатнома тузиб, ҳудуд назоратчиси - кўзи билан кўриб, имзоси билан тасдиқлаган. Корхона бошлиғи ҳам танишиб чиқиб, қўлини қўйган.

Мана, уч ярим йилдирки, ҳамма тинч, йўқ қарзни ҳеч ким сўраб келмаётганди. Аммо бир неча кун аввалги "осмондан тушган қарз" ифода этилган буткул ваҳимали алфоздаги хатлар ҳамманинг тинчини бузгани ва бутун қишлоқ аҳли "Сувоқова" корхонасига ёпирилиб боргани бор гап. Биров қудуққа ўтгани тўғрисидаги аризани, бошқаси корхона масъуллари иштирокида тузилган далолатномани қидирган, биров топган, биров тополмай сарсон, яна кимдир пул тўлаган, бир қарашда арининг уйидай ғувиллаётган бир манзара ҳосил бўлган.

Афтидан туман "Сувоқова" корхонаси масъуллари аризаю далолатнома бизда йўқ, десак, ҳамма қарзини тўлаб кетаверади, деб хомтама бўлганга ўхшайди. Аммо ҳозирги одамлар анойи эмас, оғзи кўп куйган эмасми, қатиқни ҳам пуфлаб ичишга ўрганган. Корхонада йўқ бўлса йўқдир, лекин зарур ҳужжатларни асраб қўйишган. Шунинг учун кўплар ярим-бир кун вақт сарфлаб, ҳеч қандай қарзи йўқлигини, бир неча йилдан бери тармоқдан сув ичмаслигини, қудуққа ўтаётганда, ҳисоб-китоб қилганини квитанциялар билан исботлаб беришди.

Бир қарашда айтарли муаммо ҳам йўқдай: сув идораси қарзсан, деди, истеъмолчи эса бу корхонадан бир томчи сув ҳам қарз эмаслигини исботлаб берди, муаммо ҳал бўлди. Аммо бузилган асаблар, йўқотилган вақт, сув идорасидагиларнинг қоғозга, аллақандай "справка"ларига деб "бирор нарса ташлаб кет"илгани-чи? Қачонгача юзлаб одамлар "Сувоқова"чиларнинг пул туширишга қаратилган уринишининг мавсумий хуружига қараб сарсон бўлади? Одамларнинг улардан бошқа иши, ташвиши йўқми?

Хўш, одамларнинг қарзи йўқ экан, бунинг учун асослар ҳам етарли экан, туман "Сувоқова" корхонасига ҳаводан олиб сумма кўрсатишга қандай зарурат туғилди? Бунга изоҳ сўраганда, корхона мутасаддилари айтарли сабабни рўкач қила олмади. Корхона бош муҳандиси Элмирза Инатов "Балки англашилмовчиликлар ҳам бўлган бўлиши мумкин" дейишдан нарига ўтмади.

Қизиқ, англашилмовчилик бир-икки одамга нисбатан бўлар, бир неча ўнлаб (балки юзлаб) хонадонга ичимлик суви қувур орқали бормаслигини наҳотки билишмаса? Билмаслик мумкинми ўзи?

Маълумотларга кўра, туман аҳолисининг 62 фоизига ичимлик суви корхона томонидан етказиб берилади. Сув олиш нуқтасидан аҳоли пунктигача бўлган ўртача масофа эса 6-7 километрни ташкил қилади (бу масофа Нишон, Ғузор, Деҳқонобод ва Касби туманларида 33 километрга тенг).

Кўриниб турибдики, туманда ичимлик суви билан боғлиқ айтарли жиддий муаммо йўқ. Қолаверса, ҳудуд ҳам тарқоқ эмас. Демак, хатлов ва ҳисоб-китобни олиб бориш корхона масъуллари олдида у қадар мушкуллик туғдирмайди. Аммо бор мушкулотни улар аҳоли зарарига сунъий равишда ўйлаб топаётгандай.

"Аҳолига қарздорлиги бўйича қайси асосга кўра хат жўнатилди?", деган саволга корхона молия-иқтисодчиси Шуҳрат Рўзиев "Асос - ичган сувига кўра" деб жавоб берди. Қизиқ, қудуғини гусакдан тўлдирадиган одам корхонадан бир томчи ҳам сув олмай қарздор бўлиб қолаверар экан-да... "Сувоқова" корхонасининг "иш услуби" ғалати туюлмаяптими сизга?

- Компьютерда эски маълумотлар қолиб кетган бўлса, шу бўйича Мажбурий ижро бюросига маълумот берилгандир, - дейди Шуҳрат Рўзиев. - Ҳозир программалар янгиланаяпти, маълумотлар қайтадан киритиб чиқилади.

Аён бўлишича, янгиланган программа, маълумотлар базаси корхонадаги ягона (!) компьютерда экан. Қарзингиз бўлмаса ҳам шуни исботлаш учун ўз-ўзидан кунлаб вақт йўқотишингизга тўғри келади. Чунки компьютер битта! Ушбу суратларда кўриб турганингиз эса ўтган асрдан қолиб кетган каталаклар эмас, туман "Сувоқова" корхонаси биноси. Бу ерга истаган одам истаган вақтда келиб, қоғозлар уюмини йўқотиб юбориши, корхонадагиларга янги "қарздорлик"ларга асос яратиши учун "имкон" мўл. Шунинг учун, корхонадагиларнинг бепарволиги, лоқайдлиги сабаб бошқалар қийналишга, вақт йўқотишга, қачонлардир ишониб топширган зарур ҳужжатни тополмай сарсон бўлишга мажбур.

- Туман "Сувоқова" корхонаси томонидан 1 миллиард сўм дебитор қарздорлик мавжуд деб  рўйхат берилган, - дейди Мажбурий ижро бюроси Қарши тумани бўлими тезкор шуъба криминалисти Алишер Маҳамадиев. - Лекин аҳолининг бунча қарзи йўқлигини корхонадагилар ҳам, биз ҳам билиб турибмиз. Шунинг учун айни пайтда корхона ходимлари билан биргаликда қайта хатловдан ўтказиш ишлари олиб борилмоқда.

Маълум бўлишича, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг 2019 йил 26 июндаги буйруғига асосан 1 июлдан бошлаб республикадаги ичимлик суви ва канализация хизматларидан фойдаланувчи барча турдаги истеъмолчилар тўлиқ хатловдан ўтказилади.

Биламизки, қайта хатловдан ўтказишнинг энг самарали услуби - ҳамма ишни одамларнинг ўзига қилдириш. Яъни "Сувоқова" корхонасининг ёлғон маълумотлари асосида МИБ одамларга ёппасига талабномалар жўнатса, истеъмолчиларнинг ўзи ҳамма зарур ҳужжатларни йиғиб келтириб беради. Керак бўлса, қудуғини расмга тушириб, суратларигача тикиб келади (бундан олдинги "қарздорлик" шу тарзда ёпилди!).

Шундай экан, шу кеча-кундузда кимнингдир уйига фалон минг-миллион сўмлик қарздорлик бориб қолса, ҳеч ҳайрон бўлмаслик керак: хатлов ўтказишаяпти ва хатловни ўзингиз қилиб беришингизни исташаяпти. Ҳолбуки вилоят "Сувоқова" ДУК директори Ш.Муродов шу йил 27 июнда имзолаган буйруқда хатлов ўтказадиган мутахассислар рўйхати тасдиқланган, дам олиш ва байрам кунларида ишлаган ходимларга ишига қараб 2 баравар ҳақ тўлаш белгиланган.

Кўрамиз, буёғи қандай кечади? Юзлаб одамларни йўқ жойдан қарздор қилиб қўйиб, "англашилмовчилик бўлгандир" деб бепарво турадиган мутасаддилар аҳоли манфаати учун ниманидир қойил қилишига ҳеч ишонгинг келмайди...

Б.ЎКТАМ

 

Report typo