Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
21 ноябрь, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

28.02.2023


Сечанкўл ва Ачинкўлда креветкалар етиштирилади...ми?

Миришкор туманидаги Сечанкўл ва Ачинкўл кўлларида қисқичбақасимонлар оиласига мансуб денгиз маҳсулотларини етиштириш таклиф қилинмоқда.

Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг маълумотларига кўра, мазкур кўлларнинг суви, ундаги моддалар ва тузланиш даражаси бу йирик ҳавзаларда қисқичбақасимонлар оиласига мансуб жонзотлар, хусусан, креветкалар етиштириш имкони борлигини кўрсатади.

Вазирликнинг расмий сайтида қайд этилишича,  Сандиқли чўлидаги Сечанкўл (майдони – 5014 гектар) ва Аваз чўлидаги Ачинкўл (майдони – 1800 гектар) кўллари 1987-1988 йилларда табиий ҳолда вужудга келган.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 24 февраль куни Қашқадарёга амалга оширган ташрифи чоғида айнан мана шу кўлларда йилига 5 минг тонна балиқ етиштириш ташаббусини амалга ошириш бўйича аниқ таклиф берилган. Ўз навбатида Қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитов мазкур ташаббусни амалга ошириш юзасидан тадбиркор ва сармоядор билан жойига чиқиб мулоқот қилди. Жумладан, Сечанкўл ва Ачинкўлдан фойдаланиш бўйича балиқчилар билан бўлган учрашувда ҳам интенсив усулда балиқ етиштиришни йўлга қўйиш ва икки йил давомида узлуксиз равишда балиқ чавоқларини кўлларга ташлаш орқали кўллардаги балиқ сонини кўпайтириш таклифи берилди. Бунинг натижасида йиллик балиқ овлаш ҳажмини 3 минг тоннага етказиш орқали 2 минг тонна балиқ филеси, 1,5 минг тонна балиқ уни ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш мумкин бўлади.

Сечанкўл ва Ачинкўлда қисқичбақасимонлар оиласига мансуб денгиз маҳсулотлари, масалан, Эрондан келтирилган креветкалар (оқсил, йод ва кальций моддаларига бой ўноёқли қисқичбақасимонлар)ни етиштириш таклифи ҳам айнан мазкур учрашув чоғида илгари сурилди.

Суратлар Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг расмий сайтида олинган.

Report typo