Унда вилоят ҳокимлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Тошкент ислом институти, республика Маънавият тарғибот маркази, Ўзбекистон Мусулмонлари идораси масъул ходимларидан иборат тарғиботчилар гуруҳи, шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, кенг жамоатчилик вакиллари, диний экстремистик оқимга мойиллиги бор фуқаролар иштирок этишди.
Тадбирда кун тартибидаги масалалар юзасидан “Мустақиллик йилларида эришилган ютуқлар”, “Ҳушёрлик ва огоҳлик – давр талаби”, “Ёшлар ўртасида ватанпарварлик, диний бағрикенглик ҳамда миллий қадриятларга содиқлик руҳини мустаҳкамлаш”, “Ақидапараст оқимларнинг жиҳод, такфир, шаҳидлик, мазҳабсизлик, халифалик каби масалалардаги сохта даъволарига раддиялар” каби мавзуларда маърузалар тингланди.
Хусусан, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита масъул ходими Б.Соипов “Экстремистик ва террорчи ташкилотлар, мутаассиб ғоялар тарғиботида замонавий ахборот технологияларидан фойдаланишнинг ўзига хос хусусиятлари” мавзусида маъруза қиларкан, бугун ахборот тизими ва телекоммуникация технологиялари ғараз ниятли кучларнинг қудратли қуролига айланганини таъкидлади. Ёшларимизнинг катта қисми интернет тармоғидан мунтазам фойдаланиши эса мазкур ҳолатга жиддий эътибор қаратиш нечоғлик долзарб эканини кўрсатади. Шу боис ёшларда интернетдан фойдаланиш маданиятини шакллантириш, ахборот хуружларига қарши иммунитетни кучайтириш муҳим аҳамиятга эга.
Шунингдек, диний экстремистик оқим аъзолари томонидан содир этилган жиноятлар таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, аввал ақидапараст оқим таркибида фаолияти учун жазоланган шахсларнинг бир қисми ўзининг аввалги ноқонуний фаолиятини яна бошламоқда. Айниқса, улар ёшлар онгини заҳарлаб, ўз тарафига оғдириб олишга уринмоқда. Афсуски, айрим ҳудудларда маҳалла фаоллари, қўни-қўшнилар мазкур ҳолатни билиб-билмасликка олмоқда. Бундай лоқайдлик оғир оқибатларга олиб келишини унутмаслик лозим. Жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликдаги профилактик ишлар тизимли ва пухта олиб борилиши шарт.
Тадбирда келгусидаги вазифалар белгилаб олинди. Мавзуга оид видеофильм намойиши барчани чуқур мушоҳадага чорлади.
Республика тарғиботчиларидан иборат гуруҳ иштирокидаги тадбирлар бошқа туманларда ҳам бўлиб ўтмоқда.
Н.ХЎЖАЕВ