Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
17 апрел, чоршанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Шоҳиста БОЗОРОВА

07.03.2022


“СЕН БАҲОРГА ТИМСОЛСАН – АЁЛ!”

Тадбир

Қарши шаҳридаги “Дийдор ширин” ресторанида 8 март - Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан “Сен  баҳорга тимсолсан – аёл!” деб номланган байрам тадбири бўлиб ўтди.

Унда  вилоятимизнинг барча соҳаларида самарали фаолият юритаётган фаол хотин-қизлар, меҳнат фахрийлари иштирок этди.

Вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Муротжон Азимов йиғилганларни байрам билан табриклади.

- Мамлакатимиз хотин-қизларига дунёдаги энг бахтли, энг гўзал,  энг оқила каби таърифлар тўла мос келади, - деди вилоят ҳокими. - Чунки аёл учун тинч, фаровон юртда яшаш, файзли хонадоннинг бекаси бўлиш, соғлом фарзандни камолга етказиш, жамиятда қадр топишдан ортиқроқ саодат йўқ. 

Дарҳақиқат, юрти тинч, рўзғори бут, хонадони обод, фарзандларидан кўнгли тўқлиги боис аёлларимизнинг жамият ҳаётидаги ўрни ва фаоллиги ортмоқда. Жумладан, вилоятдаги мавжуд корхона, ташкилотларда айни кунда 7 мингдан зиёд хотин-қизлар раҳбарлик лавозимларида ишламоқда.

Бугун Қашқадарёда 9850 нафар тадбиркор, 515 нафар фермер, 7362 нафар ҳунарманд хотин-қиз фаолият кўрсатмоқда. Улар вилоятнинг саноат улушини ошириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, янги иш ўринлари яратишда ҳисса қўшишаяпти.

Анъанага кўра, жорий йилда ҳам жамият ва давлат ҳаётида фаоллик ҳамда ташаббускорлик кўрсатган, ўзининг самарали меҳнати билан оиланинг шаклланишига ва фаровонлиги мустаҳкамланишига, оналик ҳамда болалик муҳофазасига муносиб ҳисса қўшган, шунингдек, соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш, уларни ватанпарварлик ҳамда истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш, жойларда маънавий-ахлоқий муҳитни соғломлаштириш ва миллий қадриятларимизни кенг тарғиб этиш борасида ибратли фаолият олиб бораётган қашқадарёлик 17 нафар аёл “Мўътабар аёл” кўкрак нишони билан тақдирланди. 2 нафар зукко қизимиз эса Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори бўлди. 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан Президентимиз фармонига кўра меҳнатда намуна кўрсатган вилоятимизнинг 8 нафар вакиласи юксак давлат мукофоти билан тақдирланди.

- Кўп миллатли маҳалламизда ўзбек, рус, осетин, қирғиз, қорақалпоқ, араб, тожик, туркман миллатига мансуб кишилар баҳамжиҳат умр кечирмоқда, - дейди “Мўътабар аёл” кўкрак нишони соҳибаси Нишон туманидаги Кимёгар маҳалласи раиси Гулсум Хуррамова. -  Йиллар давомида ҳамжиҳатлик ортидан кўплаб ютуқларга эришаяпмиз.  Маҳаллада бир нечта тадбиркорлик субъекти, ишлаб чиқариш цехлари, савдо шохобчалари, новвойхона фаолият кўрсатмоқда. Тикувчилик цехлари, гиламдўзлик, кулолчилик, машина таъмирлаш устахоналарида асосан маҳалла ёшлари меҳнат қилаётир. Маҳаллада, шунингдек, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш мақсадида кўплаб спорт мусобақалари, кўнгилочар тадбирлар, мушоиралар ташкил этилади. Ҳудудда замонавий спорт иншооти фаолият кўрсатмоқда. Шунингдек, хотин-қизлар учун фитнес клуби ишлаяпти.

Тадбир давомида бир гуруҳ хотин-қизларга “Мўътабар аёл” кўкрак нишони, шунингдек, вилоят ҳокимлигининг Фахрий ёрлиғи топширилди.

Самимий мулоқот ва кўтаринки руҳда ўтган байрам тадбири якунида ажойиб концерт дастури намойиш этилди.

Шоҳиста БОЗОРОВА

 

 

 

Report typo