Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
21 ноябрь, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Шоҳиста БОЗОРОВА

07.03.2023


"СЕН ҚУЁШГА ТИМСОЛСАН - АЁЛ!"

Тадбир

Қарши шаҳридаги "Шоҳона" ресторанида 8 март - Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан "Сен  қуёшга тимсолсан - аёл!" деб номланган байрам тадбири бўлиб ўтди.

Унда  вилоятимизнинг барча соҳаларида самарали фаолият юритаётган хотин-қизлар, меҳнат фахрийлари иштирок этди.

Вилоят ҳокими Муротжон Азимов йиғилганларни байрам билан табриклади.

- Мамлакатимиз хотин-қизларига дунёдаги энг бахтли, энг гўзал,  энг оқила каби таърифлар тўла мос келади, - деди вилоят ҳокими. - Чунки аёл учун тинч, фаровон юртда яшаш, файзли хонадоннинг бекаси бўлиш, соғлом фарзандни камолга етказиш, жамиятда қадр топишдан ортиқроқ саодат йўқ. Дарҳақиқат, юрти тинч, рўзғори бут, хонадони обод, фарзандларидан кўнгли тўқлиги боис аёлларимизнинг жамият ҳаётидаги ўрни ва фаоллиги ортмоқда. Бугун хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, аёлларни тадбиркорликка, ҳунармандчиликка жалб этиш, ёрдамга муҳтож ва оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизларни муаммоларини ўз вақтида аниқлаш ва бартараф этиш янги босқичда амалга оширилмоқда.

Анъанага кўра, жорий йилда ҳам жамият ва давлат ҳаётида фаоллик ҳамда ташаббускорлик кўрсатган, ўзининг самарали меҳнати билан оиланинг шаклланишига ва фаровонлиги мустаҳкамланишига, оналик ҳамда болалик муҳофазасига муносиб ҳисса қўшган, шунингдек,  соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш, уларни ватанпарварлик ҳамда истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш, жойларда маънавий-ахлоқий муҳитни соғломлаштириш ва миллий қадриятларимизни кенг тарғиб этиш борасида ибратли фаолият олиб бораётган қашқадарёлик 19 нафар аёл "Мўътабар аёл" кўкрак нишони билан тақдирланди. 2 нафар зукко қизимиз эса Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори бўлди. 8 март - Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан Президентимиз фармонига асосан вилоятимизнинг 5 нафар вакиласи юксак давлат мукофотлари билан тақдирланди.

Бугун вилоятимизда 1 миллион 700 мингдан ортиқ хотин-қизлар истиқомат қилади. Уларнинг 8 фоизидан ошиғи таълим, соғлиқни сақлаш,  ижтимоий соҳада меҳнат қилмоқда. Саноат соҳасида 82 минг нафарга яқин, ахборот коммуникациялар соҳасида 2 мингга яқин аёлларимиз ўз салоҳиятини намойиш этишмоқда. Касаначилик билан шуғулланаётган хотин-қизларимиз сони ҳам йилдан-йилга ошиб бораяпти. 

Дунёнинг ҳеч бир мамлакатида андазаси бўлмаган янги тизим "Аёллар дафтари"  шакллантирилди. 2022 йилда "Аёллар дафтари"га киритилган  60 мингдан ортиқ аёлларга ёрдам кўрсатилди,  21 мингга яқини иш билан таъминланди, 3,5 мингдан ортиғига имтиёзли кредит, 2900 нафарига эса субсидиялар ажратилди. Уй-жойга муҳтож  опа-сингилларимиз уй-жой билан таъминланди.

- 1979 йилдан буён давлат идоралари ва жамоат ташкилотларида турли лавозимларда меҳнат қилиб келаман, - дейди "Мўътабар аёл" кўкрак нишони соҳибаси Шаҳрисабз шаҳар "Оқила аёллар" ҳаракати раҳбари Роҳила Эшалиева. - Бугун маҳаллаларда оилаларни мустаҳкамлаш, маърифатли жамиятни қуришда маърифатли оналарнинг ролини ошириш, фарзандлар, айниқса, қизлар тарбияси, оилаларда китобхонлик, мутолаа маданиятини тарғиб этиш, ўзаро меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатликни шакллантириш, оиланинг тарбиявий-таълим салоҳиятини   мустаҳкамлашга кўмаклашиш борасида тизимли ишлар олиб бораяпмиз. Мақсадимиз хотин-қизларда мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларга дахлдорлик ҳиссини ошириш, уларга қабул қилинаётган қонунчилик ҳужжатларининг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини халқчил тилда тушунтиришдир.

Тадбир давомида бир гуруҳ хотин-қизларга "Мўътабар аёл" кўкрак нишони, шунингдек, вилоят ҳокимлигининг Фахрий ёрлиқлари топширилди.

Байрам тадбирида ажойиб концерт дастури намойиш этилди.

Шоҳиста БОЗОРОВА

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Report typo