Унда мамлакатимиз Президенти Ш.Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига мувофиқ фуқаролар билан доимий очиқ мулоқот қилишнинг янги самарали механизмлари ва усулларини жорий этиш юзасидан тегишли мутасаддиларга муҳим топшириқларни берди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Н.Йўлдошев ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси спикери Н.Исмоиловга 2017 йилнинг 25 январидан бошлаб жойларга бориб, ишларнинг ҳолатини шахсан ўрганиш асосида аҳолининг муҳим эҳтиёжларини ҳал этиш, амалий ёрдам бериш тавсия этилди.
Шунга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари ва Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик палатаси депутатларидан иборат ишчи гуруҳлари тузилиб, жойларга юборилмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг 1 февралидан бошлаб 17 кишидан иборат гуруҳ 10 кун давомида Чироқчи туманида бўлади ва халқ билан мулоқот қилади. Аҳолини қийнаётган муаммолар, ҳудудда ечимини кутаётган масалалар бўйича ўз хулосаларини беради.
Демак, ушбу бўладиган мулоқот натижалари келгусида ҳудудни жадал ривожлантириш учун белгиланган муҳим йўналишларни мукаммаллаштириш учун ҳам асқатади.
Б.ЎКТАМ