Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 ноябрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Лола ЎРОҚОВА

03.07.2018


СЕРҚИРРА ИЖОДКОР

Орадан йиллар ўтди. Бу ёшлар улғайиб, камолотга етди.  Зебо Мирзаева, Норқобил Жалил, Зебо Раҳимова, Инобат Нормуродова, Собир Маманов, шунингдек, Гулбаҳор Мусаева сингари таниқли ижодкорлар  айнан ана шу "Илҳом" клуби булоғидан сув ичишган. Улар ҳамиша туман газетаси таҳририятидаги ижодий муҳитда улғайишганини мамнуният билан эслашади.

Ўзбекистон Журналистлар ижодий уюшмаси аъзоси Салоҳиддин Исомиддинов ўзи раҳбарлигида чоп этилаётган "Мўъжизавий дунё" газетаси қошида "Ижодкорлар" клубини ташкил этганида негадир шу ҳақда ўйладим. Шеър ёзиб, кимдан қандай маслаҳат олишни билмай юрганлар жуда кўп. Салоҳиддин бу кемтикликни тўлдирди, қисқа фурсат ичида  клуб аъзолари сони олтмиш нафардан ошди ва улар ҳар ойда бир марта тўпланишиб, бир-бирларининг ижодидан баҳра оладиган, камчиликларни кўрсатиб, маслаҳат берадиган бўлишди.

Клубда ижоди эндигина шаклланиб келаётган ўқувчи ёшлардан тортиб катта ёшдаги ижодкорларгача, Шаҳрисабз, Яккабоғ, Чироқчи туманларидан келиб қатнашаётганлар ҳам бор. Ораларида келажагидан умид қилса бўладиган иқтидорли ёшлар талайгина, вақти соати етиб уларнинг Зебо Мирзаева, Норқобил Жалил ва бошқалардай таниқли ижодкорлар бўлишига шубҳа йўқ. Бу ўз навбатида жонкуяр журналист Салоҳиддин Исомиддиновнинг ҳам меҳнатлари натижаси бўлади.

Айтмоқчи, Салоҳиддиннинг саъй-ҳаракатлари билан "Ижодкорлар" клуби аъзоларининг "Истиқлол насимлари" номли баёзи чоп этилди. Бу у илгари ҳам чоп этилишида ташкилотчилик қилган "Наутака", "Кифтиоб гулдастаси" баёзларининг мантиқий давоми бўлди.

Эътиборли томони шундаки, Салоҳиддин таҳририят қошида кутубхона ташкил этиб, мингга яқин китобларни жамлади. Тўгарак аъзолари ва газетхонларнинг китоблардан фойдаланиши ҳам йўлга қўйилди.

Дарвоқе, бугунги кунда Салоҳиддин Исомиддиновнинг номини кўпчилик ҳурмат билан тилга олади, уни тиниб-тинчимас журналист, ношир, матбаачи  сифатида яхши билишади. У саксонинчи йилларда  "Китоб тонги" газетасида иш фаолиятини бошлаган пайтидаёқ назарга туша бошлаганди.  Қишлоқ хўжалиги бўлими мудири сифатида ўзининг мазмунли мақолалари билан газетхонлар кўнглига кирди. Китобнинг қадим ва бой тарихи билан боғлиқ мавзу Салоҳиддин ижодида алоҳида ўрин эгаллайди. Унинг Китоб тумани, Қайнар, Хўжаилмкони, Тўпчоқ ва бошқа бир қатор қишлоқлар  тарихи ҳақидаги туркум мақолалари диққатга сазовордир.  Бу мақолалари орқали ижодкор туман тарихининг ҳали очилмаган қирраларини  ёритди. Кейинчалик Хўжаилмкони қишлоғи тўғрисидаги туркум мақолаларини жамлаб "Ҳазрати  Хожагий Имканагий" ва "Тоғ ичинда бир Кишвар" номли  китобларини чоп эттирди. 

Салоҳиддиннинг бир муддат Тошкентдаги "Ўқитувчи" нашриётида ишлаши унинг фаолиятидаги  янги қиррани очиб берди.  У  ношир сифатида мактаб ўқувчилари учун тайёрланган "Табият", "Табиий география" дарсликлари ва бошқа кўплаб ўқув қўлланмаларига муҳаррирлик қилди. Кейинчалик  у Китобда ишлай  бошлаганида  ҳам нашриётлар билан ҳамкорликда ноширлик фаолиятини давом эттирди.

Салоҳиддиннинг ўзи ҳам ижод қилиб чарчамайди. Унинг Ҳамроқул Очилов ҳамда Фарида Эрназарова билан ҳаммуаллифликда  тайёрлаган  "Яхшилар чироғи ўчмагай", "Барҳаёт устозлар", "Таъзим сизга, устозлар" китобларида таълим муассасаларида ишлаган ва ишлаётган 200 га яқин устоз мураббийларнинг ҳаёти ва меҳнат фаолияти ҳақида ҳикоя қилинади. Бундай китоблар орқали у меҳнат  қилган киши  ҳамиша қадр-қиммат топишини,  эътиборда бўлишини  кўрсатиб берди. Шу билан биргаликда у "Ажаб саодат эрур" китобининг ҳам ҳаммуаллифларидан бири бўлди.

Салоҳиддин жонкуяр, тиниб-тинчимас журналист. Унинг "Ер ости бойликларини излаб" китобида  вилоят геологларининг  машаққатли меҳнатлари очиб берилади. Мазкур  рисола орқали   Китобдаги Кенглик нуқтаси ҳамда  Жовуз қишлоғидаги геологик-палеонтологик қўриқхона ҳақида қимматли маълумотлар олиш мумкин.

Кейинги йилларда Салоҳиддин Исомиддинов ижодида наср кириб келди. Ҳозиргача унинг   10 дан ортиқ ҳикоялари матбуотда чоп этилди.  Насрий асарларидан иборат илк "Тақдир чизиғи" номли китоби чиқди. Насрда ҳам у ўз йўлини топишга, ўз сўзини айтишга ҳаракат қилмоқда.

Иқтидорли, изланувчан журналист Салоҳиддин Исомиддиновнинг ижодий режалари кўп.  Айни пайтда унинг "Қаҳри қаттиқ кун" номли насрий китоби чоп этилиш арафасида турибди. У мақолалари ва насрий асарлари орқали  яна кўп марта кўнгилларга кириб боришига шубҳа қилмайман ва журналист ҳамкасбимга омад тилаб қоламан.

Лола ЎРОҚОВА

Report typo