Хабарда айтилишича, 2021 йилга келиб мазкур газ-кимё мажмуасида полимер маҳсулотлари (полиэтилен, полипропилен) ишлаб чиқариш йиллик ҳажми 450 минг тоннага етади, шунингдек, йилига 50 минг тонна пиролиз дистилляти ишлаб чиқариш ўзлаштирилади. Қиймати қарийб 1 миллиард АҚШ долларига баҳоланган лойиҳа Ўзбекистон Республикасининг тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳам “Ўзбекнефтгаз” МХКнинг ўз маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади. Ҳозирги кунда кенгайтирилган базавий лойиҳа (FEED-2) ишлаб чиқилмоқда. Қурилиш ишлари 2018 йилнинг иккинчи чорагида бошланиши режалаштирилган.
Соҳа экспертларининг ҳисоб-китобига кўра, Шўртан газ-кимё мажмуаси қувватининг бу қадар ўсиши вилоятимизда барпо этиладиган GTL (gas-to-liquid) заводидан етказиб бериладиган синтетик нафтанинг ишлаб чиқаришга фаол жалб қилиниши ҳисобидан таъминланади.
“Мажмуа қувватлари янги қурилажак GTL-заводи билан интеграциялашув натижасида кенгайтирилади. Бу эса Ўзбекистонда илк нефть-кимё кластерини ташкил этиш имконини беради”, - дея айтиб ўтган холдинг бошқаруви раиси Алишер Султонов кўргазма доирасида ўтказилган анжуманда.
Эслатиб ўтиш жоиз, 2009 йил ноябрида “Ўзбекнефтгаз”, Жанубий Кореянинг “Sasol” ва Малайзиянинг “Petronas” компаниялари Шўртан газ-кимё мажмуаси базасида синтетик ёнилғи ишлаб чиқаришга ихтисослашган завод қуриш мақсадида “Uzbekistan GTL” қўшма корхонасини таъсис этишганди. Бироқ қўшма корхона жаҳон бозорида энергоресурслар нархлари беқарорлиги кузатилгани сабабли завод қурилиши учун четдан кредит жалб қила олмади.
Жорий йил бошида “Ўзбекнефтгаз”нинг юз фоизлик “шўъба”си мақомида бўлган “Uzbekistan GTL” 3,7 миллиард АҚШ доллари қийматига эга GTL-заводини қуришга киришди. Мазкур заводда йилига 3,6 миллиард куб метр газ қайта ишланади ва шу асосда 743,5 минг тонна дизель ёнилғиси, 311 минг тонна авиакеросин, 431,1 минг тонна нафта ва 20,9 минг тонна суюлтирилган газ ишлаб чиқарилиши режалаштирилган. Лойиҳани амалга ошириш муддати тўрт йил этиб белгиланган.
Таъкидланишича, ушбу лойиҳани молиялаштириш масаласида силжиш Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Россия ва Хитойга қилган давлат ташрифларидан сўнг кузатилган. Хусусан, Хитой давлат тараққиёт банки завод қурилишига 1,2 миллиард АҚШ доллари миқдорида инвестиция йўналтириш ҳақидаги келишувни имзолаган. Бундан ташқари, Россия Газпромбанки лойиҳани рўёбга чиқариш учун 320 миллион доллар атрофида маблағ ажратишни режалаштирмоқда.
Қайд этиш жоиз, келгусида Шўртан газ-кимё мажмуасида ишлаб чиқарилиши йўлга қўйиладиган пиролиз дистилляти хушбўй (ароматли) углеводородлар (бензол, толуол) тайёрлаш учун асосий хомашё бўлиб хизмат қилади. Уларни чуқур қайта ишлаш мамлакатимизда кимё ва текстиль соҳалари, автомобилсозлик, фармацевтика ва қурилиш материаллари ишлаб чиқариш тармоқлари истиқболларини белгилаб беради.
М.ЖЎРАЕВ