Вилоят ҳокими 2020 йил 13 июнда “Шаҳар йўловчилар транспортида йўловчи ва багаж ташиш ҳақини тўлаш тарифларини белгилаш тўғрисида” қарор қабул қилди.
Ушбу ҳужжатга мувофиқ, Қарши ва Шаҳрисабз шаҳарларида шаҳар транспортида йўловчи ва багаж (қўл юки) ташиш тарифлари тасдиқланди.
Унга кўра, йўналишли таксиларда (Дамас) бир йўловчига йўл кира ҳақи 1500 (бир ярим минг) сўм; йўналишсиз таксиларда (махсус таниш белгисига эга транспорт воситаси, “сариқ” такси) шаҳарда буюртма асосида йўловчи ташиш ҳақи ҳар бир километр учун минг сўм (таксометр кўрсаткичи бўйича ҳисобланади, таксометр бўлмаганда, мобиль электрон қурилмалар ҳам унинг ўрнини босиши мумкин); автобусларда бир нафар йўловчи учун йўл чиптаси минг сўм этиб белгиланди.
Шунингдек, йўналишли такси ва автобусларда ҳажми 60х40х20 сантиметрдан 100х50х30 сантиметргача ҳамда узунлиги 150 дан 200 сантиметргача бўлган буюмларни, шунингдек, ўлчамидан қатъи назар оғирлиги 20 килограммдан ортиқ бўлган багаж (қўл юки)ни олиб юриш учун йўл кирага тенг қийматда қўшимча ҳақ олиниши мумкин.
Ҳоким қарорида шаҳар йўловчи транспортидан фойдаланиш тарифларига риоя этилишини таъминлаш вилоят транспорт бошқармаси зиммасига юклатилган.
Айтиб ўтиш жоиз, айни пайтда “Дамас”лар қатнаётгани йўқ, аммо карантин пайтигача 2 минг сўмдан йўловчи ташиган. Йўналишсиз, “сариқ” таксилар эса шаҳар ичида ўртача 3-5 минг сўмдан юради.