Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 ноябрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Темур НИЗОМОВ

25.01.2024


ШАҲАР ВА ҚИШЛОҚЛАРИМИЗ ЯНГИ ҚИЁФА КАСБ ЭТИШИ УЧУН

катта миқдорда маблағ йўналтирилади 

Маҳаллий Кенгашларда

Халқ депутатлари вилоят Кенгаши Қашқадарёда халқаро молия ташкилотлари иштирокида иккита йирик лойиҳанинг амалга  оширилиши бўйича "йўл хариталари"ни тасдиқлади.

Ўрта шаҳарлар мажмуавий тарзда ривожлантирилади

Кенгаш томонидан жорий йил 20 январь куни қабул қилинган қарорга кўра, бу "йўл харита"ларидан биттаси Халқаро тараққиёт уюшмаси ва Осиё инфратузилма инвестициялари банки иштирокида "Ўрта шаҳарларни комплекс ривожлантириш" лойиҳаси доирасида Шаҳрисабз шаҳри, Ғузор, Деҳқонобод, Косон ва Китоб туманлари марказлари ҳамда уларга туташ бўлган ҳудудларни комплекс ривожлантириш чора-тадбирларини қамраб олган.

Маълумотларга кўра, "Ўрта шаҳарларни комплекс ривожлантириш" лойиҳаси доирасида вилоятимизга жами 100 миллион доллар миқдоридаги сармоя киритилади. Бу маблағнинг асосий қисми (88,5 миллион доллар) шаҳар хизматларини такомиллаштириш ва шаҳар жамоат жойларини яхшилаш, яъни Шаҳрисабз шаҳри ва юқорида номи келтирилган бешта туман маркази ва уларга туташ ҳудудларда ичимлик суви ва канализация тармоқлари ва иншоотларини қуриш, мавжудларини эса реконструкция қилиш, маҳаллий аҳамиятдаги ва ички йўлларни таъмирлаш, пиёдалар йўлакларини барпо этиш ва тунги кўча ёритиш тизимларини ўрнатиш, махсус машина ва механизмлар харид қилишга йўналтирилади. Шу билан бирга Деҳқонобод туманида маданият бўлими биноси бунёд этилиб, Китоб ва Ғузор туманларидаги марказий истироҳат боғлари реконструкция қилинади, Косон туманида маҳалла ва ёшлар коворкинг маркази қурилади.

Эътиборли жиҳати, лойиҳа ҳудудларида амалга ошириладиган ишлар қийматини оптималлаштириш орқали маблағларни 30 фоизга иқтисод қилишга эришилди. Бунинг натижасида ҳосил бўлган маблағлар ҳисобига қўшимча ишлар рўйхати шакллантирилиб, ҳудудларда қуриладиган ва реконструкция қилинадиган ичимлик суви ва канализация тармоқлари ва иншоотлари, таъмирланадиган маҳаллий аҳамиятдаги ва ички йўллар, барпо этиладиган пиёдалар йўлаклари ва ёритиш тизимлари ҳажми сезиларли даражада кўпайди.

Лойиҳа доирасида, шунингдек, Шаҳрисабз шаҳри ва Ғузор тумани марказидаги кўчаларнинг аҳоли гавжум, тирбандлик юқори бўлган жойларида пиёдалар йўл усти ўтказгичлари қурилиши, Деҳқонобод туманида эса тиббиёт марказини тўлиқ капитал таъмирлаш, канализация тизимини йўлга қўйиш ва жиҳозлаш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилиши ҳам белгиланди.

"Ўрта шаҳарларни комплекс ривожлантириш" лойиҳасининг қолган компонентлари институционал салоҳиятни кучайтириш ва техник ёрдам кўрсатиш, лойиҳани бошқаришни қўллаб-қувватлаш, мониторинг қилиш ва баҳолаш, молиявий аудит хизматини амалга ошириш ҳамда кўзда тутилмаган ва қўшимча харажатларни бошқаришдан иборат. Улар доирасида хорижий экспертларни жалб қилган ҳолда, ҳар бир шартнома бўйича бажариладиган ишлар жамоатчилик фикри асосида ўрганилади. Маҳаллий   бошқарув ва ўзини ўзи бошқариш органлари вакиллари ҳамда лойиҳага алоқадор бошқа идоралар мутахассислари учун доимий асосда малака ошириш тренинглари олиб борилади. Турли сўровномалар, учрашувлар, семинарлар ва ўқувлар, тақдимотлар ўтказилади. Барча ишларни сифатли ташкил этиш ва лойиҳа самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилади.

Лойиҳанинг 2024-2027 йилларда ҳаётга татбиқ этилиши натижасида 375,1 минг нафар аҳолининг яшаш шароити яхшиланади. 85,5 минг нафар кишининг илк бор оқова сув хизматидан фойдаланиши таъминланади. Инфратузилмани яхшиланиши туфайли ҳудудларнинг инвестицион жозибадорлиги ортади ва янги тадбиркорлик субъектлари ташкил этилиши, қўшимча иш ўринлари яратилиши ва товар (иш, хизмат)лар ишлаб чиқарилишига эришилади.

Қишлоқ жойлар барқарор тараққий этади

Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг шу йил 20 январдаги қарори билан тасдиқланган иккинчи "йўл харитаси"да эса Ислом тараққиёт банки иштирокида Китоб, Шаҳрисабз, Яккабоғ, Қамаши, Ғузор ва Деҳқонобод туманларида "Қишлоқ жойларни барқарор ривожлантириш" (2-босқич) лойиҳаси учун ажратиладиган маблағлардан фойдаланиш чора-тадбирлари жамланган. Унда қайд этилишича, мазкур лойиҳа доирасида Қашқадарё вилояти ҳудудида жами 76,4 миллион доллар маблағ йўналтирилади. Шунинг эвазига олтита тумандаги қишлоқ жойларда 192 километр ирригация ва дренаж тизими, 502 километр электр энергияси таъминоти тармоқлари, 493 километр ичимлик суви ва 69 километр канализация тизимлари яхшиланади. 89 та ижтимоий соҳа объекти (71 та таълим ва 18 та соғлиқни сақлаш муассасаси) таъмирланади ва қурилади, 37 та кўприк барпо этилади ва реконструкция қилинади, 320 километр йўлга асфальт, яна 216 километрга шағал қопламаси ётқизилади. Жамоат жойларида тунги кўча ёритиш тизими яхшиланади, пиёдалар йўлаклари қурилади ва таъмирланади, ободонлаштириш ва бошқа ишлар бўйича чора-тадбирлар амалга оширилади.

Аҳамиятли томони, бу лойиҳа доирасида қишлоқ аҳолиси томонидан устувор деб топилган кичик лойиҳаларни амалга ошириш учун танлов асосида танлаб олинган ва шартнома тузилган лойиҳалаштириш институтлари ва фирмалар томонидан кўрсатилган хизматлар ҳам молиялаштирилади.

Лойиҳани рўёбга чиқариш механизмига тўхталадиган бўлсак, вилоятимизда БМТ Тараққиёт  дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан биргаликда 45 та маҳалла фуқаролар йиғини танланади ва қишлоқларда жамоатчилик фикри асосида объектлар (сублойиҳалар) аниқланади. Қишлоқларнинг бош режалари лойиҳалаштирилиб ва батафсил режалаштириш лойиҳалари ишлаб  чиқилиб, белгиланган тартибда давлат экологик  экспертизасидан ўтказилади. Вилоят ва туман ҳокимликларининг мутахассислари иштирокида қишлоқлар аҳолисининг фикри ўрганганилади ва уларни ривожлантириш дастурларининг манзилли рўйхати шакллантирилади. Бу ишларни амалга ошириш жараёнида аҳоли хавфсизлигини ва атроф-муҳит муҳофазасини таъминлаш устидан жамоатчилик назоратини ўрнатилади. Объектларни лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш учун буюртмачи сифатида вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги "Ягона буюртмачи хизмати" инжиниринг компанияси жалб қилинади, белгиланган тартибда танлов ва тендер савдолари  ташкиллаштирилади ва ғолиблар билан шартномалар тузилади. Қурилиш-монтаж ишлари тугагандан сўнг объектларни қабул қилиш учун давлат қабул комиссиялари тузилади. Сублойиҳаларни шакллантириш давомийлигини таъминлаш учун эса коллектив эксплуатация ва техник хизмат механизмлари ишлаб чиқилиб, объектни балансда сақловчига топшириш ва юридик ҳуқуқларни расмийлаштириш чоралари кўрилади.

"Ўрта шаҳарларни комплекс ривожлантириш" лойиҳасидаги каби мазкур лойиҳа доирасида ҳам хорижий экспертлар ҳар бир шартнома бўйича қишлоқларда амалга ошириладиган ишларни жамоатчилик фикри асосида ўрганишади, доимий асосда малака ошириш тренинглари олиб боришади. Айни пайтда ҳар бир қишлоқда сўровномалар, учрашувлар, семинарлар ва ўқув-тренинглар ўтказилади.

Лойиҳанинг 2023-2027 йилларда амалга оширилиши натижасида вилоятда ижтимоий соҳа ва асосий инфратузилма яхшиланиб, янги тадбиркорлик субъектлари ташкил этилиши ва янги иш ўринлари ҳамда товар (иш, хизмат)лар яратилиши кутилмоқда.

Шу ўринда эслатиш жоизки, Ўзбекистон Республикасининг 2023-2025 йилларга мўлжалланган Инвестиция дастурида  "Ўрта шаҳарларни комплекс ривожлантириш" лойиҳаси доирасида Бухоро вилояти Когон шаҳри, Наманган вилояти Чортоқ ва Тошкент вилояти Янгийўл туманларида инфратузилма объектларини қуриш, мазкур лойиҳани қўшимча молиялаштириш ҳисобидан эса Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларидаги ўрта шаҳарларни ҳам қамраб олиш назарда тутилган эди.

Ўз навбатида, "Қишлоқ жойларни барқарор ривожлантириш" лойиҳаси биринчи босқичида Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Навоий ва Хоразм вилоятларидаги 20 та туманнинг 170 та қишлоғи (40 та марказий ва 130 та ёндош маҳалла)да аҳоли ва жамоатчилик фикри асосида 900 тадан ортиқ сублойиҳа шакллантирилган. Лойиҳанинг икки босқичи эса Самарқанд, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида татбиқ этилади.

Темур НИЗОМОВ тайёрлади.

Report typo