Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 ноябрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Шоҳиста БОЗОРОВА

09.06.2023


ҚЎША ҚАРИШ САОДАТИ

60 йилдирки бир-бирига елкадош бўлган Қарши шаҳри Алишер Навоий маҳалласилик Карим ота ва Тўрсинтош ая Жалиловларнинг умр йўли ва оила аталмиш муқаддас қўрғонни асраб-авайлаб келаётгани ҳозирги кўплаб ёшлар учун ибрат мактаби бўла олади. Шунинг учун ҳам улар қўша қариш саодатига муяссар оила вакиллари сифатида “Нуроний” жамғармаси Қарши шаҳар бўлими томонидан ташкил этилган тадбирга таклиф қилинган.

Президентнинг 2022 йил 15 мартдаги “Нуронийларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг турмуш даражасини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ва 2023 йил 11 мартдаги “Кекса авлод вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ижтимоий фаоллигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорлари ижроси доирасида ташкил этилган ушбу тадбирда вилоятда ҳурмат ва обрўга эга, 50, 60, 70 йил ва ундан зиёд вақт бирга умргузаронлик қилиб, оилани муқаддас санаган ва фарзанд тарбиясида бошқаларга ўрнак бўлиб келаётган мўътабар отахон ва онахонлар  - жами 23 та оила аъзолари иштирок этди.

Тадбирда вилоят ҳокими ўринбосари, оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Комила Каромова, “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими раиси Ботир Раҳимов сўзга чиқиб, сўнгги йилларда мамлакатимизда кекса авлод вакилларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларни соғломлаштириш ишларини самарали ташкил этиш ва бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, жамият ҳаётидаги фаолликларини ошириш борасида қатор ишлар амалга оширилаётгани ҳақида сўз юритишди.

- Таъкидлаш жоиз, оила ўзаро меҳр-муҳаббат, ҳурмат ва тотувлик асосига қурилсагина ундаги муҳит соғлом бўлади, - дейди “Нуроний” жамғармаси Қарши шаҳар бўлими раиси Нормурод Ҳамзаев. - Бундай оилада вояга етаётган фарзандлар, шубҳасиз, маънавий-руҳий баркамол бўладилар. Ушбу тадбирдан мақсадимиз, энг аввало, кексаларимизнинг кўнглини олиш,  қўша қариш саодати нақадар лазиз туйғу эканини, нуронийларимизнинг оила мустаҳкамлигини таъминлашдаги ҳаётий тажрибаларини, ўгитларини ёшлар онгига сингдиришдан иборат.

Мулоқот давомида кекса отахон ва онахонлар ўз ҳаёт йўлларидаги қийинчиликлар, эришган муваффақиятлари ҳақида сўзлаб беришди.

- Олтмиш уч йиллик турмушимиз силлиққина кечди, дея олмайман, - дейди тадбирда турмуш ўртоғи  Лутфия Ҳакимова билан иштирок этган Маҳаллот маҳалласилик Хушмурод Рўзиев. – Бошида етишмовчиликлар ҳам, қийинчиликлар ҳам бўлди. Барчасини сабр-тоқат билан енгиб ўтдик. Худога шукр, қийинчиликлар ортда қолди, фарзандларимиз вояга етиб, оғир кунлар тушдай эсдан чиқди. Бир умр ўзим ҳам, турмуш ўртоғим ҳам ёшларга сабоқ бердик. Бугун фарзандларимиз ҳам бизнинг йўлимиздан бориб, барчаси олий маълумотли, Янги Ўзбекистонни бунёд этишда ўз ҳиссаларини қўшиб келишмоқда. 

Учрашув ниҳоясида пиру бадавлат отахону онахонларга ташкилотчиларнинг ташаккурномалари ва эсдалик совғалари топширилиб, катта концерт дастури намойиш этилди.

Шоҳиста БОЗОРОВА

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

 

 

Report typo