"Чилласи чиққандан кейин кўчага шим кийиб чиқаман деса ёки рўзғор ишларини қилолмайман деб лабини буриб турса, говмишим туғиб ўтирибди, эрта-кеч бир челакдан сут беради. Соққинча қўлимнинг мадори етмайди, келин соғмаса ким соғади? Сигирдан қўрқаман деса-чи? Ўзи мен нима қилиб қўйдим, уй-жойимга эгалик қиладиган кенжа келинни билаги бақувват қишлоқ қизларидан танласам бўлмасмиди, Эркинжонни ҳам бир амаллаб кўрдирардим-да". Ҳаловат холага шу каби ўй-хаёллар тинчлик бермасди.
Сарви келин ўтган йили коллежни тугатган. Соч турмаклаш, пишириқ пишириш, тикиш-бичиш сингари ишларни билади. Аммо сигир соғиш, нон ёпишни умуман кўрмаган. Улар ҳамма нарсани бозордан сотиб олишарди. Кўп қаватли уйда ҳаёт шундай бўлгандан кейин нима ҳам қилсин.
Тўйдан бирон ҳафта ўтгандан кейин, Ҳаловат хола ҳовли супираётган келинининг ёнига келиб, "Болам, секин-секин ўрганаверасиз, қишлоқда яшайдиган аёлларнинг ишлари кўпроқ. Сигир соғади, нон ёпади, кези келганда даладан ўт олиб келади", деди юмшоққина кулиб.
Сарви келин дастлаб довдираб қолди. Челак кўтариб сигирнинг ёнига борган эди, елинига қўлини теккизар-теккизмас тепиб юборди, челак учиб кетди.
Ҳаловат хола нонни ёпиб олгач, қолган иккита кулчани кўрсатиб "Келинжон мана шуларни ёпинг, ўрганиб кетасиз", деди. Келин юз-кўзини рўмол билан ўраб, кулчаларни ёпиб, тандир ичига қараса, шунча жой туриб икки кулчани устма-уст ёпиб қўйган эди.
- Ойижон бунча уқувсиз бўлмасам, ҳеч ишни эплолмаяпман-ку, - деди йиғламсираб ораси оппоқ пишган кулчаларни кўрсатиб.
- Қўйинг, ҳафа бўлманг, ҳали ҳаммасини ўрганиб кетасиз. Сиздек пайтимда мен ҳам кўп қийналганман. Одам қилган ишни одам қилади. Фақат қунт билан, чин юракдан қилиш керак, - дея келинини юпатди Ҳаловат хола.
Эртасидан бошлаб келинчак астойдил ишга киришди. Тонг қоронғисида Ҳаловат холанинг кўйлагини кийиб, рўмолини ўраб сигирнинг ёнига борган эди, сигир бузоғини ялаганча индамай турди. Бир пасда ярим челак сут соғилди. Севиниб кетганидан сигирнинг бўйинларини силаб, эркалаб қўйди. Келиннинг ҳаракатларини узоқдан кузатиб турган қайнона ўзини кўрмаганга олди ва ички бир севинч билан уйга кириб кетди.
Сарви келин янги соғилган сутдан ширчой пишириб келганида хола узундан узоқ дуо қилди ва кулимсираб турган ўғлига қараб "Барака топгур қудам яхши қиз ўстирган экан, келиним уй ишларини бирма-бир қўлимдан олаяпти", деди хурсанд бўлиб.
Ошхонадан чиққан овқат қолдиқларини ва сабзавот пўчоқларини ахлат қутига ташлаётган келинни хола ёнига чақириб, сирли бир нарса айтаётгандек паст овозда "Келинжон, овқат қолдиқлари билан пўчоқларни эски қозончада бир паст қайнатсангиз товуқлар учун юмшоққина овқат бўлади", деди. Тўғрида, уч маҳал дон беришнинг ўзи бўладими? Ҳафтага қолмай озмунча дон кетадими? Сарви келин товуқларга эрталаб дон, тушликка қайнатилган аралаш овқат, кечки пайт майса ўтлардан тўғраб берадиган бўлди.
Келинчак ўзининг қилаётган ишларидан завқланарди, қайнонаси ва эрининг хурсанд бўлаётганини кўриб, янада яхшироқ ишлар қилгиси келарди. У учун битта жумбоқ қолганди, у ҳам бўлса нон пишириш. Ҳаловат хола бир куни қизиникига кетди. Ҳовлида ёлғиз қолган келин сурпа ёзиб, нон қилишга аҳд қилди. Тўрт коса ундан хамир қорди. Хамирга озгина сут ва ёғ қўшди. Обдан мушлагандан кейин зувалачалар ясаб, оширишга қўйди. Тандирнинг кулини олиб, ўтин қалади. Хамир кўпчиб, яхши етилгандан кейин, оловни ёқди. Қайнонасига ўхшаб тандир оқаргандан кейин 10-15 дақиқа чўғ тафтининг пасайишини кутди.
"Тандирнинг ичидаги олов ёниб бўлгандан кейин, юзингга тафти урилмаса нонни ёпавер" деган эди Ҳаловат хола. Келин енгча-рапидаларни шошмасдан кийиб, ўзини эркин қўйиб " Бисмилло" деб биринчи нонни ёпди. Қараса, қўли келишаяпти. Кейин иккинчисини, учинчисини...
Дастлабки ёпилган нонларнинг юзи қизара бошлади. Ҳовучига сув олиб сепди, нон ялтиллади. 10-15 дақиқадан кейин нонлари қизариб, пишиб қолибди. Охирги нонни узаётганда дарвоза очилиб Ҳаловат хола кириб келди.
Вой, пазанда келинимдан ўргилай, нон қилиптими? Ўхў, нонларнинг чиройлилигини қаранг. Хола илдамлаб тандир ёнига келди ва қип-қизил пишган нонларни саватга солаётган келинини дуо қилди, "Умрингиздан барака топинг, қўшганингиз билан қўша қаринг".
Биринчи пиширган нонингизни қўшниларга улашамиз. Шаҳарлик келин пиширган нонни кўриб қўйишсин.
Қайнона-келин бирдай қувонарди, бири рўзғор ишларини уддалай олганидан, бири эса келин бобида омади юришганидан...
Бўстон РАҲМОНОВА