Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 ноябрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Лола ЎРОҚОВА

21.08.2018


ЎША КУНИ АВГУСТ ОЙИ ОХИР ЭДИ...

Ота ойда, йилда ярим тун яширинча келиб, болаларини маҳкам қучоқлаб ўтирар, сўнг қандай тўсатдан пайдо бўлса, шундай ғойиб бўларди. Бир-бирларининг дийдорларига тўймай қолишарди. Шўрлик она эрининг “қулоқ” бўлишига сабаб бўлган кичкинагина тегирмонга лаънат айтгани айтган эди.

Орадан йиллар ўтиб, ота хор-зорликда ўлиб кетди.  Қаерда, қандай жон берди, қаерда дафн этилди, яқинлари билмади ҳам. Ўшанда илк бор жажжигина қизалоқнинг юраги титраб кетди...

Йиллар ўтди.  Балоғат ёшига етган қизни ёр-ёр садолари остида  узатишди.  Бироқ  у  атиги бир ойгина оила деб аталмиш сирли салтанатнинг бекаси бўлди. Уруш бошланиб, эрини фронтга жўнатишди. Қорнида қолган гумонасига ота дийдорини кўриш насиб этмади.

Кейин эса... Укасини аввал уйида Абдулла Қодирий асарларини сақлагани учун, сўнг Оқсарой ҳақида шеър ёзгани учун сургун қилишди...

Унинг қалбида исмсиз саволлар ғужғон ўйнади: нега отаси “қулоқ” қилинди? Нега дарбадарликда ўлиб кетди? Ўзи баҳор ёшида бева қолгани,  укасининг гул умри қамоқда ўтгани-чи? 

Уни Мустақиллик уйғотиб юборди.  У юрагидаги исмсиз саволларга жавоб топгандай бўлди.  Қаранг-а, кичкина бир тегирмонни деб отаси кун кўрмади. Энди эса... Кучи етганлар заводлар қураяпти, корхоналар сотиб олишяпти.

Абдулла Қодирий асарларини сақлагани, Оқсарой ҳақида бир жажжи шеър ёзгани учун шўрлик укасининг кўрмаган азоби қолмади. Икки марта сургун қилинди.     

Бугун эса... Телевизордан “Ўткан кунлар” фильми тушмайди! Кумуш ёки Отабек ҳақида шеър ёзмаган шоирнинг ўзи йўқ! Ўзбекистоннинг учта муаззам шаҳрида Амир Темурнинг ҳайкали салобат тўкиб турибди! Қадимий Шаҳрисабзга Амир Темур ордени берилди! Амир Темур миллатнинг  ғурурига айланди!

Афғон тупроғида бедарак йўқолган боласи соғинчида юраги ёнган аёлни кўриб ўзининг ҳам юраги ёнган эди.

Бугун эса... Ўзбекистон сиёсий мустақил! Ўз тақдирини ўзи ҳал қилади!

Пахта экиб, косаси оқармаган деҳқон танишига  бегоналар “пахта иши”  иштирокчиси,  дея айб қўйишди.  Қамаб юборишди.

Бугун эса... Ўзбек ўзига бек!

У буларнинг ҳаммасини идрок этди. Буларнинг ҳаммасини чоғиштирди ва Мустақилликнинг улкан қудратини ҳис қилди. Лаблари секингина пичирлади:

- Мен Ватанни қайта кашф этдим!

    1991 йил 31 август

Ўша куни август ойи охир эди,

Севинчимга сўз тополмай ожиз қолдим,

Телевизорга киргудайин қулоқ солдим,

Юртбошининг ҳар бир сўзин ёдлаб олдим,

Ўша куни август ойи охир эди.

 

Рўё эди Ватан мисли  дунё бўлди,

Ҳаяжондан пайдар-пайдир айтар сўзим.

“Нима бўлди, ая Сизга?” дейди қизим,

“Юрт истиқлол оғушида, жоним қўзим”,

Рўё эди Ватан мисли дунё бўлди.

 

Чопиб бордим қўшни уйга суюнчига,

Юрагимда орзуларим лим-лим тўлди,

Қувончимга ҳамроҳ бўлиб қуёш кулди,

Кимдир ҳайрон, кимдир лол, ким яна кулди,

Чопиб борсам қўшни уйга суюнчига.

 

Байрам бўлди оқшом қўнгач бизнинг уйда,

Мен сўзладим Чўлпон, Фитрат боболардан,

Истиқлол деб жондан кечган фидолардан,

Тонгга қадар тинглаб мумтоз наволардан

Байрам бўлди оқшом қўнгач бизнинг уйда.

 

Ўша куни август ойи охир эди…

Лола ЎРОҚОВА

Report typo