Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
5 февраль, чоршанба. 2025 йил                         Махсус версия RU

Темур НИЗОМОВ

16.01.2025


Шаҳрисабз аэропортида замонавий авиаметеостанция барпо этилади

Жорий йилда Шаҳрисабз аэродроми ҳудудида зарур кузатишларни амалга ошириш ва халқаро аэронавигацияда фойдаланиладиган метеорологик маълумотларни тузиш учун мўлжалланган замонавий автоматлаштирилган авиация метеорология станцияси ўрнатилади.

Вилоят гидрометеорология маркази бош мутахассиси Абдуқаҳҳор Тожиевнинг айтишича, аэродромда мавжуд авиаметеостанцияни модернизация қилиб, уни янги асбоб-ускуна ва  анжомлар билан жиҳозлашга 2025-2027 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури доирасида 12,9 миллиард сўм ажратилиши назарда тутилган, бироқ тендер натижаларига кўра мазкур объектга йўналтириладиган маблағ миқдори ўзгариши ҳам мумкин. Янгиланиш жараёни Гидрометеорология хизмати агентлиги буюртмачилигида амалга оширилади, айнан шу йўналиш ва ҳажмдаги модернизация ва бунёдкорлик ишлари Сариосиё ва Қўқон аэродромлари ҳудудида ҳам бажарилади.

Шу ўринда эслатиш жоизки, Шаҳрисабз тумани Хонтепа маҳалласида жойлашган ва илк бор 1983 йилда очилган маҳаллий аэропорт ўтган йилнинг сентябрь ойида 21 йиллик танаффусдан сўнг фуқаролик авиацияси парвозлари учун фаолиятини тиклади. Унинг капитал реконструкция қилинган аэровокзали соатига 100 нафар йўловчини ўтказиш қобилиятига эга.

Аэродром эса мукаммал таъмирдан чиқарилган учиш-қўниш йўлаги ва ҳаракатланиш йўллари, муҳандислик коммуникациялари ва  инфратузилма объектлари, парвозлар метеорологик таъминоти ускуналари, ҳаво лайнерлари учун тураргоҳлар ва вертолёт майдончаларидан иборат. Бугунги кунда Тошкент-Шаҳрисабз-Тошкент йўналиши бўйича ҳафтасига икки марта мунтазам авиақатновлар амалга оширилмоқда.

Темур НИЗОМОВ

Report typo