Брифинг
“2024 йил Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти туризм пойтахти” мақомини олган Шаҳрисабз шаҳрида келгуси йилда ИҲТ халқаро туризм форуми, мазкур ташкилотга аъзо давлатлар этноспорт ўйинлари фестивали ва яна кўплаб йирик тадбирлар ўтказилади.
Бу ҳақда вилоят ҳокимининг туризм, маданият, маданий мерос ва оммавий коммуникациялар бўйича ўринбосари Алишер Закиров Қарши шаҳридаги Журналистлар уйида ташкил этилган брифингда маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, 2024 йил ИҲТ туризм пойтахти мақомига эга бўлган Шаҳрисабзда янги йилда, шунингдек, ИҲТ давлатлари рассомлари иштирокида “пленэр” (очиқ осмон остида тасвирий санъат асарлари яратиш жараёни) ва унинг якунига кўра кўргазма, аъзо мамлакатларнинг ёш дизайнерлари ўртасида “Modest fashion show” танлови, “Shakhrisabz Culinary Competition” ошпазлар беллашуви ва “International folk” фольклор фестивали бўлиб ўтади. Бундан ташқари, “2024 йил Шаҳрисабз – Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти туризм пойтахти” доирасида ўтказиладиган тадбирларнинг ёритилиши бўйича медиа-режа ишлаб чиқиш ва уни амалга ошириш ҳамда ИҲТга аъзо давлатларнинг туроператорлари ва туристик агентликлари ҳамда блогер ва ОАВ вакиллари учун инфо-тур ташкил этиш назарда тутилган.
Журналистларга келгуси йилда вилоятимизда ўтказиладиган бошқа бир қатор тадбирлар, масалан, Ёшлар туризми III халқаро қурултойи, “Лола ва кабоб” ва “Анор” фестиваллари ҳақида ҳам қисқача маълумотлар берилиб, Қашқадарёда туризмни ривожлантириш бўйича қилинган ва қилинаётган ишлар батафсил шарҳланди.
Брифингда мамлакатимиз Президенти томонидан жорий йил 28 ноябрда қабул қилинган “Қашқадарё вилоятининг тоғли-рекреацион ҳудудларида замонавий хизмат кўрсатиш ва туризм объектларини барпо этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорнинг мазмун-моҳияти тушунтирилди, унинг ижросини таъминлаш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар хусусида сўз юритилди ва соҳага доир айрим статистик кўрсаткичлар келтирилди. Уларга кўра, жорий йилда вилоятимизга 222 минг нафар хорижий ва 2,1 миллион нафар маҳаллий сайёҳ ташриф буюрган бўлса, келгуси йилда ушбу рақамларни мос равишда 500 минг ва 4 миллион нафарга етказиш мўлжалланмоқда.
Ўз мухбиримиз
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.