Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

М.ЖЎРАЕВ

18.05.2017


ШАҲРИСАБЗ ВИЛОЯТ БЎЙСУНУВИДАГИ ШАҲАРГА АЙЛАНАДИ

Қайд этиш жоизки, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Хоразм ва Қашқадарё вилоятларига қилган сафарлари чоғида мазкур минтақалар юксак туристик салоҳиятга эга экани, бу борада мавжуд имкониятлардан тўла фойдаланиш, ушбу тармоқни янада ривожлантириш зарурлигини таъкидлаганди. Президентимиз шуни ҳисобга олган ҳолда Хива ва Шаҳрисабз шаҳарларини мустақил маъмурий бирлик этиб қайта ташкил қилиш ҳамда уларни вилоят бўйсунувидаги шаҳарлар рўйхатига киритиш бўйича топшириқ берган эди.

Ушбу чора-тадбирлар Ўзбекистон ҳудудида жойлашган жаҳон аҳамиятига молик бу қадимий шаҳарларнинг туристик жозибадорлигини сезиларли даражада ошириш, сайёҳлар ташрифини кўпайтириш, уларнинг мароқли ҳордиқ чиқариши учун барча қулайлик ва шарт-шароитларни яратиш, мавжуд туризм инфратузилмасини муттасил ривожлантиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

2700 йилликдан кўп тарихга эга, дунё маданий мероси объектларини ўзида мужассам этган Шаҳрисабз шаҳрининг қиёфаси сўнгги вақтда тубдан ўзгарди. Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 20 февралдаги "Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз шаҳрида объектларни қуриш ва реконструкция қилишга доир комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида"ги қарори билан тасдиқланган дастур доирасида Шаҳрисабзнинг юртимиз ижтимоий ва маданий тараққиётидаги аҳамиятини янада ошириш, уни замонавий туризм марказига айлантириш  учун мавжуд инфратузилма иншоотларни янгилаш ва реконструкция қилиш бўйича кенг кўламли ишлар бажарилди. Амалга оширилган улкан бунёдкорлик ишлари натижасида Шаҳрисабз шаҳри ҳудуди 3 минг 300 гектардан 4 минг 900 гектарга кенгайтирилди.

Эътиборли жиҳати шундаки, келгусида Шаҳрисабз шаҳрининг ижтимоий-иқтисодий ҳаётида яна бир қанча муҳим янгиликлар рўй бериши кутилмоқда. Хусусан, Тошкент-Қарши тезюрар поезди ҳаракатини кенгайтириш, аниқроғи, Қаршидан Шаҳрисабз шаҳрига "Афросиёб"нинг қатновини йўлга қўйиш режалаштирилган. Бу ҳақда давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод сифатида вилоятимиз сайловчилари вакиллари билан учрашувда алоҳида айтиб ўтган эди. Албатта, бу лойиҳанинг муваффақиятли амалга оширилиши Соҳибқирон Амир Темур бобомиз туғилиб-ўсган кўҳна Кешни кўриш иштиёқида бўлган туристлар учун ҳар томонлама қулайлик туғдиради.

М.ЖЎРАЕВ

Report typo