Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 март, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Н.ХЎЖАЕВ

04.10.2018


ШАҲРИСАБЗДА ИЛК БОР ЕВРОПА КИНОСИ ФЕСТИВАЛИ БЎЛИБ ЎТДИ

Тадбир аввалида Европа Иттифоқининг мамлакатимиздаги делегацияси раҳбари Эдуардс Стипрайс ва Чехия Республикасининг Ўзбекистондаги миссияси бошлиғи ўринбосари Микаэла Посписилова, Венгриянинг Ўзбекистондаги элчихонаси вакили Эрика Тос, шунингдек, маҳаллий ҳокимлик мутасаддилари, “Республика кинопрокат маркази” ДУК вилоят филиали вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирокида матбуот анжумани ташкил этилди. Унда элчи Эдуардс Стипрайс ушбу фестиваль Ўзбекистондаги кино ихлосмандлари эътиборини ўзига жалб этиши, бу йил фестиваль географияси кенгайиб, фильмлар Шаҳрисабз ва Фарғона шаҳарларида ҳам намойиш этилаётганини қайд этди. Кино қизиқувчилари ва оммавий ахборот воситалари вакилларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоблар қайтарилди.

Фестиваль чехиялик режиссёр Рудольф Хавликнинг “Эмма учун афсоналар” картинаси билан бошланди. Шундан сўнг оилавий ва ўсмирларга мўлжалланган “Компьютердан хавфлироқ бобо” (Латвия), “Бубуль” (Швейцария-Бельгия), “Онам ва бошқа ақлдан озган қариндошлар” (Венгрия), “Тўрт элемент” (Финляндия), “Қўйинг, баскетболчи бўлсин!” (Словения), “Телбаларча ошиқ” (Швейцария) каби фильмлар намойиш этилди.

- Европа кино фестивали ўзбек томошабинларини кўҳна қитъа кино саноатида янги ишланган фильмлар билан таништиради, - дейди “Республика кинопрокат маркази” ДУК вилоят филиали раҳбари Эркин Жўраев. – Вилоятимизда илк бор ўтаётган ушбу қамровли тадбирда барча фильмлар суратга олинган оригинал тилида, ўзбек ва рус тилларидаги титр билан намойиш қилинди. Барча томошаларнинг бепул экани аҳолига ҳам бирдай маъқул бўлди, деб ўйлайман.

Н.Х¤ЖАЕВ

Report typo