Вилоятимизга ташриф буюрадиган хорижий ва маҳаллий сайёҳлар сонини ошириш мақсадида жорий йилда Шаҳрисабзни “Туризм маркази” (Tourism centre) шаҳрига айлантириш, Китоб туманида эса “Қашқадарё туризм дарвозаси” тамойили асосида зарур инфратузилмани ташкил этиш режа қилинган.
2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йилида” амалга оширишга оид давлат дастурига мувофиқ Шаҳрисабзда “Tourism centre” шаҳар мажмуасини вужудга келтиришда миллий кўринишдаги туризм қишлоқлари ва маҳаллаларини ташкил қилиш ҳамда ҳунармандчилик устахоналари, заргарлик ва сувенир маҳсулотлари дўқонлари фаолиятини ривожлантиришга эътибор қаратилиб, Шаҳрисабз тарихий марказида сайёҳлар учун юқори даражадаги сервис йўлга қўйилади.
Китоб туманидаги Тахтиқорача довонида ҳам туристларга хизмат кўрсатишни ривожлантириб, бу ердаги ўрмон хўжалиги ерларини тадбиркорларга ижарага бериш ва ҳудудда жойлашган зиёратгоҳларда сайёҳлар ташрифи учун муносиб шароитлар яратиш режа қилинган.
Очиқ манбалардан олинган маълумотларга кўра, жорий йилда вилоятимизга 23 минг нафар хорижий ва 197 минг нафар маҳаллий сайёҳларнинг ташриф буюриши прогноз қилинмоқда.