Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
22 ноябрь, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

СОЖИДА тайёрлади.

27.07.2017


ШАФТОЛИ

Меваси асосини сув ташкил этса-да, таркибида қанд, пектин, сахароза, органик кислота (лимон ва олма)лар, А, Е, С, В1, В2, В6, В15 сингари дармондорилар, калий, кальций, натрий, фосфор каби маъданларни сақлайди. Шафтоли истеъмол қилинганда қайт қилишни тўхтатади, таом ҳазмини яхшилайди, танани зарарли моддалардан тозаловчи хусусиятга эга. 

 Қорин дам бўлганда овқатланишдан 15-20 дақиқа олдин чорак стакан миқдорида шафтоли шарбати ичилса, даво бўлади. Шунингдек, гриппнинг олдини олишда, инфекцион хасталикларда, авитаминозда ҳам меваси фаол қўлланилади.

Халқ табобатида шафтоли гули ва баргидан дамлама тайёрланиб, ревматизм, меъда-ичак касалликлари билан оғриган беморларга ичирилади. Эндигина узиб олинган шафтоли гуллари эса энг яхши сафро ҳайдовчи ва сурги воситаси саналади. Баргидан олинган сув қулоқ ва бош оғриғида фойда беради.

Шафтоли уруғидан ажратилган мойдан косметологияда самарали фойдаланилади.

Эслатма: Шафтоли мевасида кўп миқдорда углевод ва шакар мавжудлиги сабаб, семизлик ва қандли диабет билан оғриган беморларга, аллергияга мойил кишиларга уни истеъмол қилиш тавсия этилмайди. Айниқса, усти гул чанги билан қопланган (тукли) шафтоли аллерген маҳсулот саналади. Шафтолини кўп миқдорда ейиш дисбактериоз (ич кетиши) ва ичаклар фаолиятининг бузилишига сабаб бўлади. Мутахассислар  ушбу мевани ҳаяжонга берилувчи инсонларга ҳам тавсия этишмайди. Чунки  у асаб тизимини қўзғаш хусусиятига эга.

Унутманг, шафтолини овқат устидан ейиш тавсия этилмайди.

ПОМИДОР

Сабзавотнинг бу тури таркибида қуруқ моддалар 4,5-8,1 фоиз, органик кислоталар 3,5- 8,5 фоиз, пектин 0,13-0,23 фоиз, қанд 3-7 фоизни ташкил этади. Шунингдек, минерал тузлар, С, В, РР витаминлар ҳам мавжуд. Помидор нафақат ширин, мазали таъмга, балки қатор фойдали, шифобахш хусусиятларга ҳам эга. Унда В1, В2, В3, В6, В9, айниқса, Е витамини энг кўп.

Ортиқча вазнли кишилар, буйрак касаллиги билан оғриганлар ҳамда баданида ортиқча туз йиғилганларга, қанд касаллиги борларга помидор ейиш фойдали. У ўт ва пешоб ҳайдаш хусусиятларига ҳам эга. Шу сабабдан овқат тановул қилгандан ярим соат ўтказиб, бир пиёла томат шарбати ичилса, еганимиз тез ҳазм бўлиб,  артериал қон босими меъёрига келади.

Ҳомиладор аёлларга ҳам мунтазам равишда помидор истеъмол қилиш буюрилади. Айниқса, у чекувчи кишилар учун жуда фойдали. Помидорнинг таркибида айрим моддалар никотин смолалари ва заҳарли токсин моддаларини парчалаб, уларни ҳатто ўпкадан чиқариб юборишга хизмат қилади. Маза-таъм сезиш қобилиятини меъёрига келтириб, иммунитетни кўтаради.

Помидордаги антиоксидант лейкопин моддаси шифобахшлиги билан витамин Е дан юз баробар кучли. Бу модда организмда саратон касаллигини қирқади. Маҳсулот қайнатиб пиширилганида бу модда янада зиёда бўлади. Масалан, томат пастасида помидор шарбатига нисбатан катта миқдорда лейкопин моддаси мавжуд. Шунингдек, помидор янги узилган ҳолида ўсимлик ёғи билан қўшиб истеъмол қилинса ундаги витаминлар организмда   тез ўзлаштирилади. Мутахассислар овқат аллергияси билан оғриган кишиларга помидор истеъмол қилишни тавсия этмайди. Артрит (бўғин оғриғи)да, подаграда, ўт пуфаги каби касалликлар билан оғриган кишилар ҳам ўзларини кўп миқдорда помидор ейишдан тийишлари зарур.

Манбалар асосида СОЖИДА тайёрлади.

Report typo