АРИСИЗ АСАЛ БЕРУВЧИ ЎСИМЛИК
Шакар ихтироси ўзига хос тарихга эга. Илк бор Александр Македонский жангчилари Ҳиндистонда ширин маза берувчи қандайдир ўсимликка тасодифан дуч келишган. Уни арисиз асал берувчи ўсимлик деб аташган (кейинчалик бу шакарқамиш бўлиб чиқди). Ушбу ўсимликдан олинган ширинлик дастлаб Хитой ва Арабистонга тарқалган, VII асрга келибгина Европага ўтган.
1747 йили Берлин фанлар академиясида немис физиги А.Маркграф лавлагида ҳам шакар моддаси борлигини эълон қилади. Шундан сўнг Германияда илк шакар заводи ташкил қилинган. Россияда бундай завод илк бор 1801 йили қурилган ва ўша йили бор - йўғи 5 пуд шакар ишлаб чиқарилган. Тезда бундай ширин маҳсулотга барчанинг қизиқиши ортиб, бозори чаққон бўлган. ХХ асрга келиб шакар бутун дунёда энг хушхўр маҳсулотга айланди. Айни пайтда Ер юзи бўйича жамики шакарнинг 60 фоизи шакарқамишдан, 40 фоизи лавлагидан олинмоқда. Кейинги 150 йил давомида тоза ҳолдаги (рафинация қилинган) шакар кўп истеъмол қилинмоқда. Шу сабаб қатор касалликларнинг (атеросклероз, юрак ишемик касалликлари, қандли диабет, семизлик ва у туфайли юзага келадиган хасталиклар ва бошқалар) юзага келиши ортди.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, кунига ўртача 56 грамм шакар истеъмол қилган кишида юрак-қон томир хасталигидан ўлим ҳолати бир суткада 118 грамм шакар ейдиганларга қараганда икки марта кам кузатилар экан. Гап шундаки, меъёридан зиёд истеъмол қилинган шакар қонда унинг миқдорини кўпайтиради. Бу ҳол ўз навбатида тегишли биокимёвий ўзгаришлар билан ошиқча шакарни тезгина ёғга айлантиради. Бундай ёғлар тери тагида, ошқозон-ичак атрофида чарви ҳолига келади, қон томирлари деворларига ҳам кичик тошмачалар кўринишида ёпишиб қолади ва қон оқишига тўсқинлик қилади. Оқибатда қон босими кўтарилади ва у билан боғлиқ касалликлар (миокард инфаркти, инсульт ва бошқалар) келиб чиқади. Бундай ҳолга тушмаслик учун кунлик тоза шакарга бўлган эҳтиёж хотин-қизларга 50, эркакларга 60 грамм этиб белгиланган. Ушбу кўрсаткич анча камайтирилса (25-30 грамм, 5-6 чой қошиқ), янада яхшироқ.
БИР ФОЙДАСИ – ЭНЕРГИЯ БЕРАДИ
Таъкидлаш жоизки, шакар бошқа озиқ моддалар, хусусан, ёғ, оқсиллардан тубдан фарқ қилиб, энергия беришини ҳисобга олмаса, ҳеч бир биологик қийматга эга эмас (рафинацияланган шакар таркибида витаминлар, минерал ва биологик фаол моддалар умуман бўлмайди). Унинг 100 граммида 374 ккал энергия мавжуд. Таҳлиллар шуни кўрсатадики, ҳозирги пайтда ҳар биримиз кунига ўртача 100-140 грамм шакар еймиз. Бу соф ҳолдагиси, яна турли-туман ширинликлар (конфетлар, шоколад, пишириқлар ва бошқалар) билан қабул қилинган шакар ҳам инобатга олинса, бу миқдорнинг 200-250 граммга етиб қолиши турган гап. Шундай қилиб, замондошларимиз роса шакархўр десак, хато бўлмайди.
Савол туғилади: организмимизда шунга эҳтиёж борми? Аждодларимиз умуман шакар истеъмол қилишмаса ҳам, узоқ умр кўриб, соғ-саломат юришган-ку! Шуни эсдан чиқармаслик керакки, ейиладиган барча углеводлар (нон, картошка, макарон, сабзавотлар, мевалар ва бошқалар) олдин крахмал-полисахарид ҳолидан шакарга, кейин моносахаридларга айланиб сўрилади. Аниқроқ айтганда, ҳар қандай озиқ моддалар ҳам (углеводлар, оқсиллар, ёғлар) ичак деворларида махсус ўтказувчи йўллардан қонга сўрилиши учун албатта полимер кўринишидан тегишли ферментатив жараёнлар туфайли мономер ҳолига ўтиши керак. Масалан, крахмал глюкозага, оқсиллар аминокислоталарга, ёғлар глицерин ва ёғ кислоталарига айланади. Акс ҳолда полимерлар йирик молекулалардан иборат бўлгани боис бу йўлдан ўта олмайди. Демак, истеъмол қилинадиган барча углеводлар, шу жумладан, нон ва бошқа ун маҳсулотлари ҳазм бўлиши учун шакарга (глюкозага) айлангани сабабли уни қўшимча қабул қилишга эҳтиёж қолмайди.
Шунга кўра, аждодларимизга ўхшаб умуман шакар истеъмол қилмасак ҳам вужудимиз унга эҳтиёж сезмайди. Қайд қилинган йўл билан қонга шакар ўтишининг яна бир муҳим томони бор. Бунда унинг миқдори қонда тўғридан-тўғри шакар, конфет каби ширинликлар ейилганидагига ўхшаб тезда кўпайиб кетмайди. Бу ҳолнинг эса ўз ўрнида муҳим биологик аҳамияти бор. Мисол учун, қонда шакар кўпайганида (гипергликемия) меъда ости безида ортиқча миқдорда инсулин гормони синтез қилиниши содир бўлганидек, нон ва ундан тайёрланган бошқа маҳсулотлар ейилганида ушбу органга ортиқча юклама тушмайди, қандли диабет каби хасталикларнинг олди олинади ва ҳоказо.
МЕЪЁРИДАН ОШМАСА, ЗАРАРИ КАМ
Тўғри, бугун кундалик таомномадан шакарни бутунлай чиқариб бўлмайди. Усиз айрим егуликлар (шарбатлар, пишириқ ва тортлар, шоколад ва конфетлар) тайёрлашнинг имкони йўқ. Қолаверса, шакар мия фаолияти учун тез энергия берувчи маҳсулот сифатида ҳам керак. Фақат уни истеъмол қилишни меъёрда ушлаш лозим.
Махсус текширишларда исбот қилиндики, одам ва ҳайвонларда ҳозирча бедаво дард ҳисобланган саратон (рак) тўқималари қанча шакар кўп исмеъмол қилинса, шунча тез ўсар экан. Балки кейинги йилларда кишилар ўртасида кўп ширинлик истеъмол қилиш саратоннинг кўпайиб боришига олиб келаётгандир, деган тахмин ҳам йўқ эмас. Америкалик бир гуруҳ тадқиқотчиларнинг аниқлашича, саратон ўсимтасининг ўсишига глюкоза парчаланишидан ҳосил бўлган энергия сабаб бўлар экан.
Шуни ҳам билиб қўйган яхшики, замонамизда ҳар хил газли ширин ичимликлар кўпайиб кетди, уларсиз бирор байрам тадбири, тўй-маърака ўтмайди. Бундай ичимликларни нафақат ёш болалар, балки катталар ҳам хуш кўриб ичаверади. Уларнинг таркибида шакар миқдори анчагина бўлиб (1 литрида ўртача 100-105 грамм), кўпчилик бир ўтиришда камида 0,5 литрини симириб қўйганини ҳам кўрганмиз. Демак, шакарга бўлган бир кунлик меъёрий эҳтиёж мана шу ширин ичимлик билан тўлиқ қопланиб қолаяпти. Шундай қилиб, қолган пишириқлар, торт, шоколадлар, оқ нон ва бошқа егуликлар билан қабул қилинган шакар эса вужуд учун ошиқча. Айнан мана шундай “суюқ шакар”нинг (айтиб ўтилган ширин ичимликлардаги шакар) меъёридан ошиғи дарҳол ёғга айланар экан. Кейинги йилларда шакарнинг кўп ейилиши тобора ошиб боришини шу нарса билан тушунтириш мумкинки, унга инсон вужуди кайф берувчи моддаларга ўргангандек боғланиб қолар экан. Яъни қабул қилинаётган шакар маълум миқдорда кўпайтириб борилмаса, организм уни сезмай қолади. Муккасидан кетдикми, вужудимиз уни доим қўмсаб тураверади.
МУҚОБИЛИ - АСАЛ
Маълумки, кўпгина мева-чевалар (олма, анор, хурмо, нок, зардоли, тут, узум ва бошқалар) ҳамда полиз маҳсулотлари (қовун, тарвуз ва ҳоказо) таркибида полисахаридлардан ташқари тегишли миқдорда шакар, глюкоза ва фруктозалар ҳам бўлади. Айнан мана шу ширинликларнинг ўзлаштирилиши организм учун асқатар экан. Чунки, улар биринчидан, турли-туман витаминлар, бошқа биологик фаол моддалар билан бирга қўшиб истеъмол қилинади ва иккинчидан, бу тартибда таомланиш табиий бўлиб, одамзод унга тадрижий мослашган.
Ширинликларга бўлган талабни қондиришда асал алоҳида ўрин тутади. Кундалик ширинлик истеъмол қилишда (ширин ичимликлар, пишириқ ва тортларга ўхшаш егуликлар тайёрлашда) шакар ўрнига асал ишлатиш мақсадга мувофиқ. Чунки, унинг таркибида қатор витаминлар, маъданли моддалар, ферментлар ва ҳатто айрим гормонлар ҳам мавжуд. Қолаверса, инсон уни истеъмол қилишни ҳали шакар маълум бўлмаган пайтлардан бошлаган. Бундай таомланишга, юқорида айтилганидек, тадрижий мослашган. Уни истеъмол қилиш билан шакар ейилганида кузатиладиган айрим нохуш ҳолатлар кузатилмайди. Шунинг учун, мамлакатимизда асаларичиликни ривожлантиришга алоҳида эътибор берилиши бежиз эмас. Ушбу саъй-ҳаракатларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш шу куннинг талабидир. Бу ҳол соғлом овқатланиш учун ҳам айни муддао. Шундай экан, шакарни кўп эмас, меъёрида истеъмол қилиш ҳар томонлама маъқул.
Шониёз ҚУРБОНОВ, биология фанлари доктори, профессор
Ҳулкар ҲАЗРАТОВА, Қарши давлат университети магистри