Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 ноябрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Зулфия НУСУРОВА

05.12.2017


ШАХСИЙ НАМУНА ЁШЛАРНИ КИТОБГА ДЎСТ ҚИЛАДИ

Дўкондаги боланинг бу хархашаси кўпчилик қатори менинг ҳам диққатимни тортди. Бир болакайнинг қўлидаги чиройли расмлар туширилган эртак китобга, бир отасининг қўлидаги ўйинчоққа қарадиму, гарчи ноўрин бўлса-да, уларнинг суҳбатига аралашдим.

- Болангизнинг айтганини қилсангиз яхши бўлади. Ҳозирдан китобга меҳр қўйганига хурсанд бўлинг. Ўғлингиз вояга етганида ўқимишли йигит бўлади.

- Опа, сиз ўқитувчимисиз?

- Ҳа.

- Шунинг учун китоб ўқишни тарғиб қилаётган экансиз-да.

- Гап унда эмас, қайси касбни танлаш инсоннинг ўз ихтиёрида, аммо ким бўлишни орзу қилса ҳам барибир ўқиши керак. Қолаверса, болаликдан китобга дўст бўлган одамдан ҳеч қачон ёмонлик чиқмайди.

Менинг бу гапларим таъсир қилдими ёки боласининг хархашасидан тезроқ қутулгиси келдими, ота китобни харид қилди. Шунда болакайнинг чеҳрасидаги қувончни кўриб мен ҳам набирам учун китоб сотиб олдим. Уйга келиб, совғани унга беришим билан китоб дўконидаги кайфият ва муҳит бизнинг оилага кўчиб ўтди. Аввалига расмларни томоша қилган набирам Дурдона бироздан сўнг ойисининг ёнига келиб:

- Ойижон, мана бу ерда нима ёзилган? Менга ўқиб беринг, - деб қолди. Бир ҳафтадан  кейин эса ишдан келганимда, набирам менга китобчадаги шеърни ёддан айтиб берди.

Шунда ёшлар китоб ўқимай қўйгани борасида тинмай муҳокама қилинаётган мавзунинг ечими оилада эканлигига яна бир карра амин бўлдим. Фарзандларимиз вояга ета бошласа, яхши кунларга, тўйга деб ҳар биримиз сарпо йиғамиз. Аммо улар орасида: “Эртага келиним ёки ўғлим мана бу ишларни билиши лозим. Мана бу китобни ўқиши шарт”, деб уларга атаб китоб харид қилишни хаёлимизга ҳам келтирмаймиз. Севимли ёзувчимиз Тоҳир Маликнинг “Шайтанат” романидаги бир эпизод  менга жуда қаттиқ таъсир қилган. Беҳисоб давлатга эга бўлган Асадбек ўғлини уйлантиради. Америкадан келган янги меҳмон, яъни келин уй шароити билан танишиш асносида кутубхонамиз қайси уйда жойлашган, деб сўрайди. Қимматбаҳо мебеллару хориж  гиламлари ва бебаҳо биллур идишлар билан жиҳозланган хоналарнинг ҳеч бири унинг эътиборини торта олмайди. “Уйимиздаги кутубхонами?” деганича каловланиб қолган, ундан бу саволни кутмаган Зайнаб нима деб жавоб қилишни билмайди. Бу ҳаётий ҳақиқат. Баъзан чойхонадаги улфатчиликлар, чексиз-чегарасиз орзу-ҳаваслар учун исталганча пул топамизу, китобга келганда қиммат экан, дея баҳона қиламиз. Аммо биз харид қилган китоб нафақат ўзимиз, керак бўлса, бир неча инсон учун катта маънавий озуқа эканлигини ҳар доим ҳам ёдга олавермаймиз.

Донишмандлардан бири “энг яхши тарбия - бу намуна кўрсатишдир”, деб айтган. Агар ҳар бир ота она  оилада ўз фарзандларига китоб ўқиб намуна кўрсатса, уйимизда ўзимизнинг мўъжазгина бўлса-да, кутубхонамиз бўлса, ёшлар китоб ўқимай қўйди, деб гапириб ўтиришга ҳожат ҳам қолмайди.

Зулфия  НУСУРОВА,

Қарши шаҳридаги 21-мактаб ўқитувчиси, Халқ таълими аълочиси

Report typo