Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Аҳмад БОЙҚОБИЛОВ

23.03.2017


ШАРҚОНА ТАРБИЯНИНГ ЭНГ МУҲИМ ТАМОЙИЛИ

Мана шундай ҳолатларни кўрганда, эшитганда беихтиёр шарқона тарбия услубининг қанчалик мукаммал, ҳаётий ва соф инсоний фазилатларга йўғрилганига яна бир маротаба амин бўламан. Чунки Шарқнинг аксар халқлари, хусусан, биз ўзбекларда болалар кичиклигиданоқ катталарни ҳурмат қилиш, уларнинг гапига қулоқ тутиш, гап қайтармаслик, ҳар бир ишда катталар билан маслаҳатлашиб иш кўриш руҳида тарбия топади. Ота-она чақирганда ҳар қандай ишни ташлаб, “лаббай” деб бориш, топширган юмушларини оғринмай бажариш, кексайиб, ёрдамга муҳтож бўлганида меҳр-оқибат, ғамхўрлик кўрсатиш, ҳатто даврада улардан юқорига чиқмаслик, берухсат сўзламаслик, кўчада олдиларига тушиб юрмаслик ёзилмаган қатъий қоидага айланган. Бу ота-онадан қўрқишдан эмас, балки ҳурмат, эъзоз, оқибат, номус, орият, ғурур каби инсоний фазилатлар ифодасидир.

Аммо бугун ўзини замонавий санайдиган, ҳамма ишни кўнгил майлига қараб амалга оширадиган, фарзандига бироз қатъиятлилик билан тарбия беришни уларнинг эркини бўғиш деб тушунадиган, бир сўз билан айтганда, Ғарбнинг ғариб маданиятига ҳавас қилиб, уларга хос яшашга, фарзандларига шу руҳда тарбия беришга интилаётган оилалар ҳам йўқ эмас. Кейинги вақтларда бу борада баъзи гап-сўзлар, ҳатто муаммоли ҳолатлар ҳам кўзга ташланмоқда. Эмишки, замонавий оилаларда катталар ва кичикларнинг, яъни ота-оналар ва фарзандларнинг муросаси келишмас эмиш. Бунга эса уларнинг ёши ўртасидаги фарқ, дунёқарашларининг мос келмаслиги сабаб бўлар экан. Ажабланасан киши, ахир бир пайтлар мана шу қарашларни қўллаб-қувватлаган Ғарб оилалари бугун “авлодлар тўқнашуви” ёки келишмовчилигининг жабрини тортаётганидан хабардормиз-ку. Франциялик кўпчилик ёшларнинг ота-онаси билан бирга яшашга қаршилиги ҳам мана шу каби таълимотларнинг оқибати аслида.

Бундай ҳолатларни фарзандини ўз эркига ташлаб қўйган, тарбиясига бефарқ бўлган, шарқона одоб-ахлоқ қоидаларини унга сингдира олмаган айрим оилаларимиз мисолида ҳам кўрмоқдамиз.

Яқинда пойтахтда яшайдиган танишларимиздан бириникига меҳмонга бордик. У яшайдиган кўп қаватли уйнинг  пастида бир аёл ва 20 ёшлардаги қизининг баланд овозда жанжаллашаётгани эътиборимизни тортди. Афтидан танишлари билан тунги клубга кетмоқчи бўлаётган қизни она ортига қайтаришга ҳаракат қилар, қиз ҳам бўш келмас, онасига ҳезланиб, уни ҳақоратларди. Хуллас, ҳарчанд уринмасин, аёл қизини фикридан қайтара олмади...

Кейин билсак, қизнинг ота-онаси вақтида яхши жойларда ишлаган, фарзанди нимани хоҳласа, муҳайё қилишга, меъёридан ортиқ эркалатишга одатланган экан. Табиийки, улғайгани сари қизнинг эркаликлари ҳам ортиб бораверган. Энди уни тўғри йўлга сола олмаган ота-она ҳар куни жанжаллашиб, эр уйни ташлаб чиқиб кетган. Она эса қанчалик додламасин, қизи унинг гапларига умуман қулоқ тутмайди.

Сўнгги вақтларда бундай ҳолатларга аҳён-аҳёнда бўлса-да, дуч келаётганимиз афсусланарлидир. Баъзи суҳбатларда айрим ота-оналар фарзандини шу вақтга қадар ҳеч кимдан кам қилмагани, ҳатто бошқалардан ортиқ едириб, ортиқ кийинтиргани, лекин кексайиб, қувватдан қолганида унинг ота-онасига оқибатсизлик қилаётганини айтиб нолишади. Фарзанди тарбиясиз чиқса, буни замон ўзгариб бораётгани, ёшлардан меҳр-оқибат тушунчалари унутилиб бораётганига йўйиб ҳасрат қиладиганлар ҳам йўқ эмас.

Тўғри, ёш ва замон орасидаги фарқ туфайли катталар ва болаларнинг дунёқараши, қизиқиши, ўй-хаёллари, ҳаётга муносабатлари ҳам турлича бўлиши табиий. Аммо тарбия тўғри берилса, бола қалбидаги қадриятлар, инсоний фазилатлар ўзгармай қолаверади.

Шу боисдан ҳам ота-она фарзандлари билан имкони борича кўпроқ мулоқотда бўлиши, уларнинг қизиқишлари, мақсадлари ҳақида сўраб, бу борада дилдан маслаҳатлар бериши, унинг қалбидагиларни тушуниши, ҳис эта олиши керак. Оилада ибратли китоблар ўқилиши, яхшилик ва ёмонлик, одоб ва ахлоқ, оқибат ва орият каби мавзуларда содда, боланинг руҳиятига мос суҳбатлар қилиниши лозим. Болани ўз вақтида ва ёшига мос тарзда меҳнатга жалб этиб бориш, қандайдир фойдали машғулотлар билан банд бўлишини таъминлаш, ҳалоллик, тўғрисўзлик, меҳнаткашлик, меҳр-оқибат бобида уларга ибрат намунаси бўлмоқликлари керак. Ота-онанинг ҳаддан ошган эркалатишларидан талтайиб эмас, уларнинг ўзи учун жонкуярлиги, фидойилигидан меҳр туйиб улғайган фарзанд эртага барча нарсанинг қадрига етади. Бу шарқона тарбиянинг энг асосий жиҳатларидан биридир.

Фарзандига ана шундай тарбия бера олган ота-оналар ва бу тарбияни олган фарзандлар ўртасида ҳар қандай вазиятда ҳам меҳр-оқибат ришталари мустаҳкам сақланади. Бундай оилада кексайган ота-она бошпанасиз қолиб, кўчаларда тиланчилик қилмайди, қариялар уйларида, ёлғизликда болаларини соғиниб яшашга маҳкум бўлмайди. Аксинча, уйнинг тўрида, хонадоннинг фариштаси бўлиб, фарзандлари, невара-чеваралари ардоғида кексалик гаштини суради. Ҳузур-ҳаловатда яшайди.

Аҳмад БОЙҚОБИЛОВ,

Қарши шаҳар бош имоми, “Хонақоҳ” жомеъ масжиди имом хатиби

Report typo