Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
13 ноябрь, чоршанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

16.04.2021


Шарафбой мадрасаси: ТАРИХНИНГ БУЗИЛИБ БОРАЁТГАН ПАРЧАСИ

18 апрель - Ёдгорликларни ва тарихий жойларни асраш халқаро куни

Қарши шаҳри жуда қадимий ва бой тарихга эга.  Бу ерда 27 аср давомида шаҳарсозлик ривож топгани, йирик муҳандислик иншоотлари, бозорлар, боғ-роғлар бўлгани ишончли манбалардан маълум. Аммо, афсуски, уларнинг ҳаммаси ҳам бизгача етиб келмаган. Кўплари турли босқинлар, табиат ҳодисалари ёки бошқа омиллар таъсирида йўқолиб кетган.

Сақланиб қолганлари эса Кўкгумбаз, Одина жомеъ масжидлари, Бекмир, Қиличбек, Хожа Абдулазиз мадрасалари, Қарши сардобаси, Абу Убайда бин ал-Жарроҳ зиёратгоҳи, Қашқадарё кўприги, Қарши ҳаммоми ва яна бир нечта маданий меърос объектларидир.

Улар орасида Чақар маҳалласида жойлашган Шарафбой мадрасасининг алоҳида ўрни бор. Ушбу мадраса XVIII асрда пишиқ ғиштдан барпо этилган бўлиб, икки сотихдан ортиқ майдонни эгаллаган.  Ҳовли сатҳи жуда кичик, тўрт томонида 12 та ҳужра мавжуд. Ўз даврида бу ердан кўплаб илм-зиёли кишилар етишиб чиққан.

Меъморий ёдгорликнинг Шарафбой мадрасаси деб аталишига сабаб эса у шу ерлик Шарафбой исмли инсон томонидан қурдирилган. Бугунги кунда ҳам Чақар маҳалласида ўзларини Шарафбой бобонинг авлодлари деб атайдиган кишилар истиқомат қилмоқда.

- Катта бобомиз Бухоро Амирлигида масъул лавозимларда ишлаган, - дейди улардан бири Самад Насруллаев. - У кишининг амалга оширган ишлари, қолаверса, ушбу мадрасанинг бунёд этилиши тарихи ҳақида боболаримиз, момоларимиздан жуда кўп гаплар эшитганмиз. Хусусан, Шарафбой бобомиз ўзи илм олишга жуда қизиққани учун ҳам ўша вақтда мадраса бунёд эттирган экан. Бу ерда юзлаб ёшлар илм ўрганишган.

Маҳаллий аҳоли вакилларининг айтишича, шўролар даврида Шарафбой мадрасасида бир муддат рентгенхона фаолият юритган. Кейин бу жой тери-таносил касалликлари бўйича шифохона филиалига айлантирилган. Яна бир муддат омборхона вазифасини ўтаган. Ва табиийки, шу йиллар давомида тарихий бино ўта таъмирталаб ҳолга келиб қолган. Аммо бирор маротаба ҳам таъмирланмаган.

Фақат мустақилликдан сўнг вилоятимиздаги кўплаб тарихий обидалар қаторида Шарафбой мадрасаси ҳам давлат муҳофазасига олиниши ушбу мадрасанинг таъмирланиб, меъморий ёдгорлик сифатида асраб-авайланиши, шаҳар тарихининг бир бўлаги сифатида келажак-авлодларга ҳам етиб боришига ишонч ўйғотган эди. Аммо орадан шунча йил ўтибдики, ушбу меъморий ёдгорликнинг пештоқида унинг давлат муҳофазасида эканлигини англатувчи ёзув турибди, холос. Ўта таъмирталаб, қаровсиз қолган тарихий иншоотнинг ўзи эса аста-секин тўкилиб бормоқда.

 

Маҳалла аҳли ушбу тарихий ёдгорликка эътибор қаратилиши, таъмирланишини сўраб масъул ташкилотларга жуда кўп маротаба мурожаат этишган. Масъуллар эса ваъдадан нарига ўтишгани йўқ.

Маълумот ўрнида айтиб ўтиш жоиз, илгари вилоятдаги маданий мерос объектларини сақлаш ва реставрация қилиш билан боғлиқ ишларга вилоят маданий мерос бошқармаси масъул ҳисобланган бўлса, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 3 мартдаги қарори билан бу вазифа янги тузилма - Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос департаменти вилоят бошқармаси зиммасига юклатилган. Биз мазкур  бошқарма бошлиғи Хислат Ҳотамовдан Шарафбой мадрасасининг кейинги тақдири ҳақида сўрадик.

- Ушбу ёдгорликнинг ҳолатидан тўлиқ хабардорман, - дейди у. - Яқинда Қарши шаҳридаги таъмирталаб бўлиб қолган учта тарихий обида -  Шарафбой мадрасаси ҳамда Харамжўй ва Кулол жомеъ масжидлари ҳақидаги маълумотларни таъмирлаш режасига киритиш учун раҳбариятимизга тақдим этдик. Айни пайтда Харамжўй ва Кулол жомеъ масжидлари авария ҳолатида тургани боис, мавжуд молиявий имкониятдан келиб чиқиб, шу йилги дастурга киритилди. Шарафбой мадрасаси эса 2022 йилги дастурга тушадиган бўлди. Лекин раҳбариятимиз яна бир гапни айтдики, агар қолдиқ маблағлар шаклланадиган ёки қўшимча маблағ ажратилгудек бўлса, Шарафбой мадрасасида ҳам жорий йилнинг ўзидаёқ таъмирлаш ишлари бошланади. Бўлмаса, кейинги йил таъмирланиши аниқ.

Демак, Маданий мерос департаменти вилоят бошқармаси раҳбарига ишонадиган бўлсак, узоғи билан икки йил ичида Шарафбой мадрасаси тўлиқ таъмирланади. Албатта, асрлар давомида қаровсиз қолдирилиб, таъмирталаб аҳволга келиб қолган обиданинг бу йил ёки кейинги йил таъмирланиши унчалик ҳам катта аҳамиятга эга эмас. Муҳими, бошқарма бошлиғи бераётган ваъданинг бажарилишида ва тарихнинг бир парчаси бўлган меъморий ёдгорликнинг сақлаб қолинишида.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

 

Report typo