Инсон ва қонун
Савдо нақд ва насия шаклида бўлишини биламиз. Дин уламолари ҳам насияни нақднинг баҳосидан қимматроқ сотишга ижозат берганлар. Лекин, олувчи ва сотувчи муайян муддатга ва келишув вақтидаги муайян нархга узил-кесил келишиб олишлари шарт. Аксинча бўлса, томонлардан бирининг манфаатига зарар етиши, савдога ҳаром аралашиши ҳеч гапмас.
Бугун автомашина савдосида пулни ана шундай бўлиб-бўлиб тўлаш усули кўп қўлланмоқда.
Чироқчи тумани Чорвадор МФЙ Гужума қишлоғида яшовчи О.С. ҳам Нишон тумани Обод маҳалласида яшовчи Ш.Л.дан “Нексия” русумли машинани пулини бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан 35 миллион сўмга савдолашади. 2019 йил ноябрь ойига қадар 20 миллион сўм тўланса-да, бошда келишилгани каби ишончнома расмийлаштириб берилмагани сабаб тўлов вақтинча тўхтаб қолади. Ш.Л. эса шуни баҳона қилиб, машинани бошқа одамга 20 миллион сўмга сотиб юборади.
Натижада С.О. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ишонч телефонига мурожаат қилишга мажбур бўлиб, мавжуд вазиятни баён қилади.
Вилоят ички ишлар бошқармасидан маълум қилишларича, мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 168-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Халқимизда “Айтилган сўз – отилган ўқ”, “Йигит сўзидан, арслон изидан қайтмас” каби мақоллар бежиз айтилмаган. Кишида лафз, виждон бўлиши керак, акс ҳолда унинг инсонлиги қайда қолади?!
Н.ХЎЖАЕВ