Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Рисолат ЭШҚОБИЛОВА

07.03.2017


АЁЛ - БОРЛИҚ КЎЗГУСИ, ҲАЁТ ГУЛТОЖИ

АЁЛ - БОРЛИҚ КЎЗГУСИ, ҲАЁТ ГУЛТОЖИ

Аёл зотини улуғлаш, унга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш эзгу ва хайрли иш. Зеро, аёлни улуғламоқ - оилани, Ватанни, ҳаётни улуғламоқдир. Дарҳақиқат, аёл деганда, кўз олдимизда авваламбор азиз ва мукаррам Она сиймоси намоён бўлади. Барчамизни бу ёруғ оламга келтирган, оқ сути, меҳру муҳаббатини бериб вояга етказган мунис оналаримизга ҳар қанча таъзим қилсак, уларни ҳар қанча улуғласак кам.

Қайд этиш лозимки, истиқлолнинг илк кунлариданоқ мамлакатимизда олиб борилаётган оқилона сиёсат натижасида хотин-қизларимизнинг асрий орзулари рўёбга чиқди. Уларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари қонун ҳужжатлари билан мустаҳкамланди. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, ўнлаб қонунлар, 80 га яқин фармон ва қарор, давлат дастурлари хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, оила ва жамиятдаги мавқеини мустаҳкамлаш, оила, оналик ва болаликни  муҳофаза қилишда ҳуқуқий асос, дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.

Шу билан бирга, мамлакатимиз турли конвенция, битим ва шартномаларга қўшилган бўлса, уларнинг салмоқли қисми бевосита хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, оналик ва болаликни муҳофаза қилишга қаратилгани эътиборга моликдир. Жумладан, БМТнинг Хотин-қизлар ҳуқуқлари камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенцияси (СЕDAW), Хотин-қизларнинг сиёсий ҳуқуқлари тўғрисидаги, Халқаро меҳнат ташкилотининг Оналикни муҳофаза қилиш тўғрисидаги, Меҳнат ва бандлик соҳасида камситишлар тўғрисидаги конвенциялари ва бошқа бир қатор халқаро ҳужжатлар миллий қонунчилигимизда ўз ифодасини топгани ва улар ҳаётга изчил татбиқ қилинаётгани аҳамиятли.

* * *

Шуни ҳам таъкидлаш керакки, вилоят хотин-қизлар қўмитаси томонидан мунтазам равишда опа-сингилларимиз манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг жамият ҳаётидаги ўрнини янада юксалтириш, айни пайтда дарду ташвишларини эшитиш ва шу асосда истиқболдаги вазифаларни белгилаш борасида муҳим ишлар қилинмоқда. Бу борада "Маҳалла" фонди, касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси, соғлиқни сақлаш, ички ишлар бошқармалари, "Нуроний" жамғармаси, "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят бўлимлари билан ҳамкорликдаги тадбирлар муҳим аҳамият касб этмоқда.

Хусусан, жорий йилнинг ўтган даврида ҳудудларда ўтказилган ўрганишлар давомида хотин-қизларга оид 30 мингга яқин масала кўриб чиқилди. Уларнинг асосий қисми бандликни таъминлаш, кредит масаласи,  хизмат кўрсатиш йўналиши, коммунал қарздорлик, шунингдек, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларига тегишлидир. Ушбу муаммоларнинг 17 мингдан ортиғи маҳаллий ҳокимликлар, тегишли идора ва ташкилотлар вакиллари билан биргаликда жойида ҳал этилди.

Яна бир муҳим масалалардан бири - қизларимизнинг мактаб ва коллежлардаги давоматини тўлиқ таъминлашдир. Бу борада жойларда ечимини кутаётган муаммолар талайгина. Масалан, Яккабоғ туманидаги коллежларда ўртача давомат 80-85 фоизни, агросаноат ҳамда саноат ва хизмат кўрсатиш коллежларида эса 60-65 фоизни ташкил этади. Бошқа коллежлардаги аҳволни ҳам кўнгилдагидай деб бўлмайди. Шунга мувофиқ дарсга келмайдиган ўқувчи қизлар рўйхати шакллантирилиб, кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида уларнинг уйларига бориб, дарсга бормаслик сабаблари ўрганилмоқда. Ота-оналар билан тушунтириш ишлари олиб борилиб, қизлар таълимнинг кейинги босқичига жалб қилинаяпти.

Ўқувчилар билан индивидуал тарзда ишлаш, ота-оналар билан доимий алоқада бўлиб туриш мақсадида маҳаллаларда кичик участкалар ташкил этилаяпти, ҳар бир ҳудудга ўқитувчилар бириктирилмоқда. Шунингдек, ҳудудларда туман прокуратураси қошидаги вояга етмаганлар комиссияси йиғилишларини сайёр тарзда ўтказиб, уларга фарзанди дарсга бормаётган ота-оналарни чақириш ва тушунтириш ишларини олиб бориш йўлга қўйилаётир.

* * *

Аёл - аввало она. Она соғлом экан, ундан соғлом фарзанд дунёга келади. Лекин тан олишимиз керак, бугунги кунда аҳоли саломатлиги борасида муаммолар етарлича. Бунга соҳадаги камчиликлар билан бир қаторда, аҳоли тиббий  маданиятининг юқори эмаслиги ҳам сабаб бўлмоқда. Натижада вилоятда оналар (8 та) ва болалар (585 та) ўлими, эрта (2 та) ва кеч (656 та) туғруқ ҳолатлари содир бўлиши давом этмоқда.

Шу сабабли текширувлар давомида асосий эътибор, касалликларни даволаш билан бирга аҳолининг тиббий билими ва маданиятини ошириш орқали уларнинг профилактикасига қаратилаяпти. Масалан, уйма-уй юриш тизими асосида хонадонлар ўрганилганда 124 нафар фуқаро даволаниш учун ёрдам сўраб мурожаат этди. Улар тиббий кўрикдан ўтказилиб, тегишли тиббий ёрдам кўрсатилди. Шунингдек, саломатлигида муаммолари бўлган ҳар бир фуқаро, айниқса, ҳомиладор аёллар, янги туғилган чақалоқларнинг ўз вақтида тиббий кўрикдан ўтиши ва эмланиши қатъий назоратга олинаяпти.

* * *

Айни кунга қадар тадбиркорлик субъекти сифатида рўйхатга олинган ишбилармонлар орасида аёллар ҳам кўпчилик. Энг муҳими, аёлларимиз фарзанд тарбиясидан ажралмаган ҳолда фойдали меҳнат билан шуғулланаётгани турмуш фаровонлигини таъминлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.

Жамиятимизда шундай ҳунарлар борки, уларни аёл меҳнатисиз тасаввур этиш қийин. Дейлик, тикувчилик ёки каштачилик. Бугун яхшигина даромад келтирадиган ушбу ҳунарларни касбга айлантириб, ҳам оилага, ҳам жамиятга фойда келтираётган аёллар кўпчиликни ташкил этади. Бироқ айрим хотин-қизлар дастлабки сармоя йўқлиги сабабли ўз бизнесини бошлашга қийналиб келаётган эди. Шуни ҳисобга олган ҳолда банк ходимлари иштирокида мазкур масалага ижобий ечим топилаяпти.

Масалан, сўнгги икки ой ичида уйма-уй юриш давомида 5586 нафар аҳоли вакилларининг кредит олиш истаги борлиги аниқланиб, бугунги кунга қадар уларнинг 4189 нафарига 22 миллиард 437 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит берилди.

Жорий йилда вилоят бўйича аёллар тадбиркорлиги учун 74,3 миллиард сўмдан ортиқ имтиёзли кредит ажратилиши режалаштирилган эди. Опа-сингилларимизда тадбиркорликка иштиёқ юқори экани ҳисобга олиниб, ушбу маблағ миқдори 100 миллиард сўмдан ошиши кутилмоқда.

Шу ўринда қайд этиш жоизки, аҳоли орасида ишга жойлашиш истаги бор, бироқ "иш йўқ" деган ўй билан бекор юрганлар ҳам бор. Шунинг учун улар ё иш сўраб бирор идорага мурожаат қилишмайди, ё қилган мурожаатлари эътиборсиз қолиб кетади. Бунинг оқибатлари эса ниҳоятда салбий. Буни рақамларда ҳам кўриш мумкин. Масалан, хотин-қизларни иш билан таъминлашдаги муаммоларнинг ўз вақтида ҳал этилмагани туфайли вилоят бўйича 6 минг 531 нафар аёл турли хорижий давлатларга чиқиб кетган. Улардан 5 минг 742 нафари юртимизга қайтарилиб, ҳар бири тиббий кўрикдан ўтказилди, 2 минг 650 нафари иш билан таъминланди.

Турли омиллар ҳисобга олиниб, доимий иш жойига эга бўлмаганлар рўйхати шакллантирилди, уларнинг ҳар бирини вакант бўлган ёки янги яратилаётган иш ўринларига жойлаштириш чоралари кўрилаяпти.

* * *

Аёл - нозик хилқат. Унинг ҳатто ўз яқинларига айта олмайдиган муаммолари, ўй-фикрлари бўлади. Кимгадир маслаҳат солса, гап-сўз бўлишдан чўчийди. Бундай аёлларга тўғри йўл кўрсатиш, руҳий далда бериш, муаммоларини оқилона ечишга кўмаклашиш билан уларни турли нохушликлардан асраш мумкин. Вилоятимизда ташкил этилган Аёллар маслаҳат маркази бу борада аёлларга яқин маслаҳатчи бўлмоқда. Марказда, турли соҳа вакилларини жалб қилган ҳолда соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб  қилиш, хотин-қизларни турли ёт иллатлар таъсиридан асраш, қизларни миллий қадриятларимизга таянган ҳолда тарбиялаш, яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳ, қизларни эрта турмушга беришнинг салбий оқибатларига бағишланган маънавий-маърифий тадбирлар доимий равишда ўтказилаяпти.

Гуруч курмаксиз бўлмаганидек, хотин-қизлар ўртасида жиноятчилик ҳолатлари содир этилаётгани аянчли ҳолатдир. Вилоятда хотин-қизлар (673 та) ва вояга етмаганлар (118 та) жиноятчилиги, ўз жонига қасд қилиш (127 нафар), турли диний оқимларга кириб қолиш (157 нафар) ҳолатлари кузатилмоқда.

Яна бир ачинарли муаммо - ажрашишларнинг кўпайиб бораётгани. Масалан, вилоятда тузилаётган никоҳларнинг ўртача 6,4 фоизи, Қарши шаҳри, Китоб, Шаҳрисабз туманларида эса ҳар ўнта никоҳдан биттаси ажрашиш билан тугамоқда. Масалан, уйма-уй юриш жараёнида 306 та ҳолатда  оилавий ажрим арафасида бўлган оилалар аниқланиб, маҳалла фаоллари ва нуронийлар билан биргаликда тушунтириш олиб борилди. Натижада ажримларнинг ва 459 нафар бола ярим етим бўлиб қолишининг олди олинишига эришилди. Агар маҳаллалар қошида ташкил этилган яраштирув комиссиялари фаолиятини жонлантириб, уларга фаол аёлларни, ҳожи оналарни жалб этсак, арзимаган сабаблар билан бошланган келишмовчиликни қайнона-келинларга тўғри тушунтирсак, ажримларнинг олдини олиш мумкинлигини амалда кўраяпмиз.

Бошланган ишлардан нафақат аҳоли, балки жамоат ташкилотларининг ўзи ҳам хурсанд. Агар ушбу тизимнинг доимий ишлашини таъминласак, нафақат муаммоларни бартараф этишга, энг асосийси, барча салбий ҳолатларнинг олдини олишга эришамиз.

Шулар ҳақида гапирар эканмиз, Биринчи Президентимизнинг "Аёлларимиз хонадонларимизда, маҳаллаларимиз, бутун юртимизда ҳар доим ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат муҳитининг, таъбир жоиз бўлса, ҳаёт ўчоғининг энг кучли посбони бўлиб келган ва бугун ҳам ана шундай фазилатлари билан инсонни инсон, оилани оила қилиб келмоқда, десак, ҳеч қандай хато бўлмайди", деган сўзларини эслаш ҳар биримизнинг қалбимизни фахру ифтихорга тўлдиради.

Рисолат ЭШҚОБИЛОВА,

вилоят ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси

Report typo