Ўтган асрнинг етмишинчи, саксонинчи йилларида ҳатто пойтахт адабий давраларида воҳамиздан энг кўп тилга олинган ижодкор, шубҳасиз, Саодат Тожи эди. Ўша йилларда айниқса, чекка туманларда ижод қиладиганларнинг марказий газета ва журналларда шеър ёки ҳикояси чоп қилинса, катта воқеа ҳисобланар, китоб нашр эттириш эса ҳамманинг ҳам қўлидан келавермасди.
Аммо Саодат Тожи бундан мустасно эди. У ўша даврнинг энг илғор болалар шоирлари билан баб-баровар ижод майдонида от суриш имконини топди. Бунинг бари осонлик билан амалга ошадиган юмуш эмасди. У тинимсиз ижод қилар, Тошкентга бориш эса унга бозорга боришдек иш бўлиб қолганди.
***
Ҳозир ҳам гурунгларда Саодат Тожи ҳақида гап кетса, ҳажвчи Турсунбой Боймиров шундай дейди:
– Саодат ака табиатан боладек беғубор, содда инсон эди. Бир куни янги шеър ёзиб, тайёрлов идораси раисининг олдига кириб, баланд овозда бошлабди:
Ер унумдор, соз бўлсин,
Кўпроқ экинг картошка.
Машаққати оз бўлсин,
Қулай бўлсин артишга.
Раис столни чертиб, шоирни шеър ўқишдан тўхтатибди.
– Бўлди, бўлди, тушунарли, шуни шеър қилиб айтиш шартмиди, - деб шошиб телефон гўшагини кўтарибди.
– Ҳой, Тиркаш, ўзингдамисан? Ҳозир олдингга бир шоирни юборяпман, икки халта картошка бериб юбор. Уйида картошкаси қолмапти...
***
Ижодкорлар даврасида суҳбат буюклар ҳақида бўлди.
– Толстойга тан бердим. Гёте ҳам буюк. Навоий – даҳо.
– Булгаков, Кафкаларни айтмайсизми?
– Стендаль, Қодирий, Қаҳҳорлар ҳам чаккимас. Саодат ака, сиз қайси ёзувчи, шоирларни буюклар сафига қўшасиз?
– Мен кеча мактаб болаларига шеър ўқиб бераётувдим, – суҳбатга қўшилди шоир. – Бир қуш келиб бошимга қўнди. Кичкина, ранги булбулнинг рангига ўхшаб кетади. Кейин елкамга қўниб, қулоғимга бир нималарни деб, чуғур-чуғур қилди. Ушлаб, бошини силайман, деган эдим, учиб кетди. Ана шунда мен буюклигимни билдим...
***
Бир шеърида шоирнинг шундай самимий сатрлари бор:
...Шеърларим мағзи ларзон,
Болалар учун арзон.
Марҳамат, савдо қилинг,
Дўстларга совға қилинг.
Мен ҳам бир бойиб қолай,
“Дамас”ми, “Тико” олай.
Тожи Саодат бўлиб,
Турмушидан шод бўлиб,
Танилай одамларга,
Ер юзи, оламларга.
Ҳа, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Саодат Тожи номдор шоир эди. Унинг “Чўл қўшиғи”, “Энг яхши совға”, “Инсон севар яхшини”, “Қушлар байрами”, “Олтин болта” каби болаларга аталган шеърий китоблари нашр этилган. Саодат Тожининг нафақат болалар учун, балки катталар учун битган ўнлаб шеърлари, қиссалари борлигини, ижод намуналарини тўплаб, “Саодатнома” номи билан қайсидир нашриётга топширган, деб эшитганмиз. Қанийди, бирорта мард тадбиркор ёки Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими эътибор қилиб, шоирнинг китобларини чоп эттирса, савобнинг тагида қоларди. У яшаган уйнинг деворига “Бу уйда севимли болалар шоири Саодат Тожи яшади ва ижод қилди”, деган лавҳани осиб қўйсак , зўр иш бўларди-да...
Шоир-ку минг-минглаб болалар (бу болаларнинг айримлари ҳозир бобо ҳам бўлди) қалбида ўзига ҳайкал қўйиб кетди. Аммо... бир пайтлар дилда бир тугун билан мана бу сатрларни битгандим:
У кетди...
Меҳрни излаб олисга,
Қушлари ёнига, гуллар ёнига.
“Шоир бобо” дея эъзозлаб севган,
Шўхчан болаларнинг сингиб бағрига.
Биздан-ку ном-нишон қолмагай балки,
Битта сўз айтайин, келмасин малол.
Бир куни шеърпараст болалар албат,
Қамашида тиклар шоирга ҳайкал...
Ўролбой ҚОБИЛ,
Қамаши.