Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Б.ЖОНИМОВ

12.01.2017


ШЕВАНИ УЙДАЮ КЎЧАДА, АДАБИЙ ТИЛНИ-ЧИ?

Кириш қўнғироғи чалинди. Мириқиб дарс томоша қилиш истагимни ўқитувчининг шевада ва рус тилидаги сўзларни қўллаб айтаётган гаплари бузди. Саломлашиб бўлган муаллим ўқувчиларга савол берди:

- Қани, ким айтади, бугун число неччи?

Кейин олдинги партада ўтирган қизга юзланди:

- Қани, сан айт-чи?

Буёғи дарснинг бошидан охиригача болаларнинг “луғати” маълум шевадаги сўзлар билан бойиди.

Ўқитувчининг шевада мириқиб гапириши бир воқеани ёдимга солди. 9-синфдан Тошкентда ўқий бошладим. Қайсидир бир сўз устасими, машҳур санъаткорми айтган ҳангома бизнинг лицейимизда рўй берган. География дарси. Ўқувчиларнинг бир-икки нафари тошкентлик демаса, ҳаммамиз вилоятлардан борганмиз. Жиззахлик бир синфдошимиз “доска”га чиққан. Ўқитувчимиз харитани кўрсатиб, ундан сўраяпти:

-Бўт қат?

Синфдошим ҳеч нарсага тушунмай каловланади. Биз ҳам ҳайронмиз. Анави тошкентлик синфдошларимиз мириқиб кулишади. Уларнинг наздида ҳалиги жиззахлик синфдошимиз харитадаги Қозоғистонни билмаяпти. Лекин билишмайдики, у ўқитувчининг гапларини тушунмаяпти. Ўқитувчимиз эса “Бўт қат”ни такрорлашдан эринмайди. Кейин тушундик. Муаллим бу қаер деб сўраётган экан.

Очиқ дарс сабаб бўлдию, ўйлаб қолдим: дарсда шевада гапирсаям бўлаверадими? Аслида бундай савол беришнинг ўзи ноўрин. Чунки дарсликлар адабий тилда, давлат таълим стандартлари ҳам адабий тил талабларига биноан ишлаб чиқилган. Дарс фақат ва фақат адабий тилда ўтилади, тамом-вассалом. Одатда уйда-кўчада шевада сўзлашилади, бундан чиқди, бола адабий тилни қаердан ўрганади?

Шулар ҳақида ўйларкансан, юқоридаги каби ҳолатлар учраб тургани кишини жиддий мулоҳазага чорлайди.

Маълумки, жонли сўзлашув тили болаликдан бошлаб эгалланади. Адабий тил, унинг меъёрлари ва қонуниятлари эса кишининг шаклланиши жараёнида ўрганиб, ўзлаштириб олинади. Бунда, айниқса, боғча, мактаб, коллеж, лицей, олий ўқув юртларидаги таълим-тарбия муҳим аҳамиятга эга.

- Адабий тилнинг энг муҳим ва асосий жиҳати, унинг муайян бир меъёрга, яъни аниқ бир маромга, тартиб-қоидаларга солинганлигидир, - дейди Қарши давлат университети доценти Салима Жумаева. - Адабий тил лексикада ҳам, фонетика ва грамматик қурилиш соҳасида ҳам ўз меъёрлари, қоидалари билан ажралиб туради. Бу меъёрлар грамматика дарсликлари, қўлланмалари ва барча хил луғатларда белгилаб қўйилган. Улар муайян тилда сўзлашувчи барча кишилар учун умумий ва зарурий ҳисобланади ҳамда барча учун тушунарли бўлади. У маҳаллий диалектларнинг умумий зарурий хусусиятларини ўзига сингдирган. Шу боис дарсларда, йиғилишларда атайлаб шевада “вотти”лаш, “буйтиб-шуйтиб” қилиш ё адабий тилни билмаслик, ё ўзининг шевасини устун кўришдан бошқа нарса эмас. Айниқса, дарс жараёнида адабий тилни бузиб гапириш жуда ёмон одат. У саводсизликка олиб келади.

Саводсизлик нимада кўринади? Аввало адабий тил меъёрларини яхши билмасликда. Шевада тушунтирилган дарсни тинглаб улғайган киши ўша шевани меъёр деб қабул қилади. Натижада агар у тадбиркор бўлса, дўконининг пешлавҳаси хатолар билан ёзилади, қаергадир раҳбар бўлиб қолса, йиғилишлар шевада ўтади... Ўқитувчи бўлиб қолса-ку, урди худо.

Шундай экан, энг аввало дарсларни ўзбек адабий тилида ўтиш, таълим муассасаси раҳбарлари буни қатъий назоратга олиши талаб этилади. Бу ўзини ўқитувчи деб ҳисоблаган ҳар бир инсоннинг миллат олдидаги қарзидир. Зеро, айтилади-ку, тилга эътибор – элга эътибор, деб.

Б.ЖОНИМОВ

 

Report typo