Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 ноябрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Юлдуз ТЕМИНОВА

12.04.2018


ШИКОЯТЛАР АСОСЛИМИ?

 “ҚИШЛОҚ ҚУРИЛИШ ИНВЕСТ” МАЖБУРИЯТИНИ БАЖАРМАДИ

Албатта, яхши ҳаёт кечириши учун инсонга аввало шинам бошпана керак. Қарши тумани Батош массивида яшовчи Шароф Рашидов ҳам шундай ниятда йиққан-терганини янги уй харидига сарфлади. Намунавий лойиҳа асосида қурилган уй олиб, кўчиб ўтди. Аммо янги хонадонда ичимлик суви таъминоти йўқ эди.

Фуқаронинг туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига ёзган шикоятида таъминотчиларнинг эътиборсизлиги туфайли оиласи  анча пайт сув келтиришдан қийналгани баён этилади.

Мазкур ариза истеъмолчи ва мутасадди ташкилотлар иштирокида ўрганилганда аён бўлдики, “Қишлоқ қурилиш инвест” инжиниринг компанияси вилоят филиали ва пудратчи “Дашт қурилиш таъмирлаш Файз” хусусий корхонаси масъуллари эътиборсизлиги сабабли хонадонга ичимлик суви таъминоти уланмай қолган.

Мутасадди ташкилотлар томонидан йўл қўйилган хато ва камчилик жойида бартараф этилиши таъминланди.

ҲИЙЛА АСОСИДА ЁЗИЛГАН ҚАРЗ УНДИРИЛМАЙДИГАН БЎЛДИ

 Чироқчи туманининг Файзулла Хўжаев маҳалласида яшовчи  Маҳмаражаб Баванов хонадонида битта электр энергияси сарфини ҳисоблаш ускунаси бор. Лекин туман электр таъминоти корхонаси масъуллари унинг ҳисобига иккита ҳисоб рақам ва икки ускуна кўрсаткичлари асосида отнинг калласидай қарз ёзишибди.

Бундан боши қотган ва таъминот корхонаси билан муаммога ечим тополмаган истеъмолчи туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига ариза ёзишга мажбур бўлди.

Фуқаронинг шикояти тегишли ташкилот ходимлари иштирокида атрофлича ўрганилди. Таъминот корхонаси тақдим этган маълумотга кўра, мазкур фуқаро хонадонига ўрнатилган ҳисоблагич бўйича 823 минг 894 сўм, тегирмонига ўрнатилган ҳисоблагич кўрсаткичи асосида 1 миллион 903 минг сўм миқдорида қарздор.

Ваҳоланки, туман электр таъминоти корхонаси тақдим этган ҳужжатлар ҳамда истеъмолчи хонадонидаги ҳақиқий ҳолат ва қарздорлик бир-бирини инкор этади. Ниҳоят таҳлиллар, ўрганишлар асосида таъминот корхонаси масъуллари томонидан 619  минг 604 сўм қарздорлик хонадон учун ошириб ёзилганлиги аён бўлди.

Ҳайратланарлиси, иккинчи қарздорликка асос қилиб олинган тегирмон ҳам, унинг учун ўрнатилган ҳисоблагич ҳам аслида бу хонадонда бўлмаган экан. Шунга оид абонент рақамини эса таъминот корхонаси масъуллари  сунъий равишда очишганлиги ўз тасдиғини топди ва ҳолат юзасидан ҳужжатлар тўпланиб, мансабдор шахснинг ноқонуний хатти-ҳаракати устидан туман маъмурий судига даъво аризаси киритилди. Суд жараёнида таъминотчиларнинг ғайриқонуний қилмиши исботини топди ва айбдорларга тегишли тартибда чора кўрилди. Истеъмолчи ҳисобига ёзилган асоссиз қарздорлик бекор қилинди.  

ЧЕК СЎРАГАН АЙБДОРМИ?

Баъзи савдо нуқталаридан нақд пулда савдо қилиб, касса чеки сўрасангиз, сотувчи сизга ғалати боқади, худди харидор ундан муттаҳамдай.

Деҳқонобод тумани Чоргузар маҳалласида яшовчи фуқаро Фарҳод Бобоқулов ҳам кундалик эҳтиёжи учун ун сотиб олмоқчи бўлиб, Қарши шаҳри Каманди маҳалласи ҳудудида жойлашган савдо дўконларидан бирига борганда, шундай ҳолатга рўбарў бўлди. Сотувчи икки қоп ун харидини амалга оширган истеъмолчига касса чеки беришни истамади ва бундан бош тортди. Бу ҳолат фуқарога истеъмолчи сифатидаги ҳуқуқлари поймол бўлаётганини, савдода қинғирлик борлигини англатгани боис у вилоят истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари ҳудудий бирлашмасига мурожаат қилди. Шу асосда ҳолатни ўрганган ходимлар истеъмолчи ҳуқуқи бузилган, деб топди ва бу юзасидан вилоят давлат солиқ бошқармасига хабар қилинди.   

Мазкур мурожаат вилоят давлат солиқ бошқармаси томонидан пухта ўрганилди ва Насаф кўчасида жойлашган “Шуҳрат” хусусий ишлаб чиқариш корхонасига қарашли савдо дўконида режадан ташқари қисқа муддатли солиқ текшируви ўтказилди. Текширувлар вақтида сотувчининг савдо пулларини назорат-касса машинасига кирим қилмаганлиги, пластик карточка орқали савдо қилишда харидордан устама ҳақ олиш ҳолатлари аниқланди ва субъектга нисбатан қонунчиликда назарда тутилган чора кўрилиши таъминланди.

ГАРОВДАГИ ТИЛЛА ЗИРАК  ВА НАҚД ПУЛ МАШМАШАСИ

Қамаши тумани истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига фуқаро Муқаддас Эгамбердиевадан келиб тушган мурожаатда баён этилишича, у “Ҳожат нур фарм” дорихонасига дори сотиб олгани киради.

Зарур дорилар нархи эса 106 минг сўмни ташкил этади. Ёнида бунча пули бўлмаганлиги сабабли вазиятни сотувчига тушунтириб, ўзаро келишган ҳолда қисқа муддатда қарзни келтириб беришини айтиб, тилла зирагини гаров учун қолдиради. Ваъдасига вафо қилган харидор бир-икки кун ўтиб қарзни тўлаш ва зиракни олиб кетиш учун келади. Ўз пластик карточкаси орқали тўловни амалга оширмоқчи бўлган истеъмолчига сотувчи тўловни нақд  амалга ошириш талабини қўяди ва фикрида қатъий туриб олади.

Мурожаат юзасидан ҳаракатланган масъул ходимлар сотувчига ғайриқонуний иш тутганини тушунтиришди ва истеъмолчи сотиб олган дорилари пулини пластик карточкаси орқали тўлаб берди. Гаровдаги тилла зирак эса ўз эгасига қайтарилди.

КИЙИБ КЎРИШ ҲАМ ПУЛЛИКМИШ

Келинлик либоси ҳар бир қизнинг орзуси. Шахина Азизова ҳам ҳаётининг бахтли дамлари эсда қоларли ўтишини истаб, маросим учун чиройли келинлик либоси танлашни хоҳлади. Шу мақсадда Қарши шаҳридаги “Ла спаза” келинлар либоси салонига келди.

 Орзу-хаёллар оғушидаги қиз ўз гавда ўлчами ва дидига мос келадиган келинлар либосини танлаб, кийиб кўрди. Хурсанд бўлди. Аммо, салон ходимлари томонидан таклиф қилинаётган либосни кийиб кўрганлик учун 120 минг сўм миқдоридаги ҳақ тўлаши кераклигини эшитиб, дили хуфтон бўлди. Емаган сомсага пул тўлаши хаёлига ҳам келмаган бўлғуси келиннинг фиғони фалакка кўтарилди ва Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси марказий ижро этувчи аппаратининг 1091 рақамли ишонч телефонига қўнғироқ қилди.

Ҳолат мутахассислар ва мурожаатчи иштирокида ўрганилди. Кўрсатилмаган хизмат учун пул олган салон маъмуриятига истеъмолчига қилинган бундай муносабат амалдаги қонун талабларига зид эканлиги тушунтирилди. Истеъмолчидан асоссиз олинган пул эгасига қайтарилиши таъминланди.

 Юлдуз ТЕМИНОВА, вилоят истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари ҳудудий бирлашмаси матбуот ва ахборот сектори мутахассиси

Report typo