400 ГА ЯҚИН НОМЗОД АРИЗА ТОПШИРДИ
- Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 20 июндаги қарори билан тасдиқланган “Олий таълим муассасаларининг бакалавриатига талабаларни ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисида”ги низомга асосан, тўлов-контракт пулининг оширилган ставкаси бўйича ўқишга номзодлардан аризалар қабул қилиниб, уларнинг рўйхати белгиланган тартибда вазирликка юборилди, - дейди Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти қабул комиссияси масъул котиби Ёқуб Каримов. – Низомда қўшимча контракт асосида ўқишни хоҳловчи абитуриентлар тест натижалари эълон қилинган кундан бошлаб бир ой мобайнида қабул комиссиясига ариза билан мурожаат этиши белгиланган. Ўтган вақт мобайнида, хусусан, бизнинг институтимизга 400 га яқин номзод бу борада мурожаат этишди.
ОШИРИЛГАН СТАВКА МИҚДОРИ ҚАНЧА?
- Дарҳақиқат, ҳозирги кунда кўпчиликни тўлов нархлари қизиқтираётгани сир эмас. Бу абитуриентларнинг 1 август куни ўтказилган кириш имтиҳонларида тўплаган баллари миқдори билан боғлиқ. Яъни, тўплаган баллари тасдиқланган тўлов-контракт бўйича қабул квоталари чегарасига 1 баллгача етмаган абитуриентлар амалдаги контракт суммасининг 1,5 баробарини тўлайди. Масалан, институтимиздаги аксарият факультетларда тўлов-контракт миқдори ҳозирги вақтда 6 миллион 500 минг сўмни ташкил этади. Демак, шартнома асосида ўқишга кириш учун тўплаган балли 1 баллгача етмай қолган абитуриент “қўшимча контракт” асосида ўқиш учун дастлабки йил 9 миллион 750 минг сўм тўлайди. Кейинги йилдан бошлаб эса амалдаги контракт суммасини тўлайди, холос. Шунингдек, тўплаган балли кириш баллига 1,1 баллдан 2 баллгача етмаган абитуриентлар амалдаги шартнома суммасининг 2 баробари; 2,1 баллдан 3 баллгача етмаганлар – 2,5 баробари; 3,1 баллдан 4 баллгача етмаганлар – 3 баробари миқдорини тўлаши белгиланган.
4 БАЛЛИК ҲУДУДДАН ТАШҚАРИДА БЎЛСА-ЧИ?
- Кириш синовларида кўрсатган натижалари энг юқори баллнинг 30 фоизи (68 балл)дан кам бўлмаган, асосий квоталар доирасида ва Давлат комиссияси томонидан белгиланган қўшимча ўринларга (4 баллик ҳудуд) қабул қилинмай қолган ва ўқиш истагини билдирган абитуриентлар амалда ўрнатилган тўлов-контракт миқдорига нисбатан 10 баробардан ортиқ оширилган тўловни тўлаш шарти билан ўқишга қабул қилинади.
Эътибор қилиш жоизки, 10 баробардан ортиқ дейилганда айрим олий таълим муассасаларида 10, айримларида 15, айримларида 20 баробар бўлиши мумкин. Бунда қайси олий таълим муассасасида оширилган тўлов-контракт миқдори қанча бўлишини таълим йўналиши хусусиятидан келиб чиқиб, Давлат комиссияси белгилайди.
НОМЗОДЛАРНИ ТАНЛАБ ОЛИШДА АСОСИЙ ЭЪТИБОР НИМАГА ҚАРАТИЛАДИ?
- “Олий таълим муассасаларининг бакалавриатига талабаларни ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисида”ги низомда ҳам белгилаб қўйилганки, номзодларни тўлов-контракт пулининг оширилган ставкаси бўйича ўқишга қабул қилишда энг асосий эътибор уларнинг билимига, яъни тўплаган баллига қаратилади.
Эътибор қилган бўлсангиз, қўшимча қабулга абитуриентлар 2 хил категория бўйича қабул қилинади:
1.Тўплаган балли қабул чегараларига 4 баллгача етмаган абитуриентлар;
2. 68 баллдан кўп тўплаган барча абитуриентлар.
Бу икки категория ўртасида жуда катта фарқ мавжуд. Энг аввало, улар тўлайдиган оширилган контракт нархида кескин фарқ бўлади. Бундан ташқари, тўплаган балли қабул чегарасига 4 баллгача етмай қолган абитуриентларда квотага тушиш имконияти юқори бўлади. Чунки мавжуд тартибга биноан, баллар кетма-кетлиги бўйича рўйхатдаги олдинги абитуриент қўшимча тўлов-контракт асосида ўқишни аризаси билан рад этган ҳолда ёки тест синови натижалари эълон қилинган кундан бошлаб бир ой муддатда ариза бермаган тақдирда рўйхатдаги кейинги абитуриент қўшимча тўлов-контракт асосида ўқишга тавсия этилади.
НАТИЖАЛАР ҚАЧОН АНИҚ БЎЛАДИ?
- Қўшимча қабулни амалга ошириш таклифлари олий таълим муассасалари томонидан бўйсунуви бўйича вазирлик ва идоралар билан келишилган ҳолда 15 октябрга қадар Давлат комиссиясига киритилади.
Давлат комиссияси олий таълим муассасаларининг имконияти, танлов ва тўпланган баллар миқдоридан келиб чиқиб, оширилган тўлов-контракт шарти билан абитуриентларни қўшимча қабул қилиш кўрсаткичлари юзасидан 20 октябрга қадар қарор қабул қилади.
Ж.БОЙМУРОДОВ ёзиб олди.