Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
14 декабрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

С. АЛЛАЁРОВА

02.10.2017


ШОГИРДЛАР КАМОЛИ – УСТОЗЛАР БАХТИ

Дарвоқе, Косон тумани Гувалак қишлоғини кўпчилик эшитган. У ерлик  ёшларда таълим олиш, ҳунар ўрганишга, айниқса, спорт билан шуғулланишга бўлган ҳавас жуда юқори. Шу боис бу қишлоқдан кўплаб номдор спортчилар етишиб чиққан. Сабоҳат Адилова ҳам мана шу қишлоқ қизи.

У бадиий гимнастикага ёшлигидан қизиқади. Унинг спортга бўлган қизиқишини мактабдаги жисмоний тарбия ўқитувчиси Пўлат Омонқулов шакллантирган. Ўрта таълимни тугатиб, Косон иқтисодиёт касб-ҳунар коллежида ўқиди. Ҳар доим телевизорда бериладиган бадиий гимнастика мусобақаларини қолдирмай томоша қилар, кўрганларини уйида мустақил бажарарди. Шу тарзда бадиий гимнастикага бўлган ҳаваси, қизиқиши ошиб борди. Бухоро вилоятига бориб, тажрибали мураббийлар кўмагида бадиий гимнастикага оид билим ва малакасини ошириб қайтди. Қишлоғига келиб, мактаб қошида тўгарак очди ва 4-5 нафар қизларни бадиий гиманастика билан шуғуллантира бошлади. 2005 йилдан бошлаб эса фаолиятини тумандаги болалар спорт мажмуасида давом эттирди.

- Қизларимиздаги спортга бўлган ўзгача иштиёқ ва ҳавас инобатга олиниб, 2008 йилда қишлоғимизда каттагина бадиий гимнастика зали қурилди, - дейди Сабоҳат Адилова. – Шундан бошлаб, бу залда бадиий гимнастика тўгараги иш бошлади ва замонавий спорт анжомлари билан жиҳозланди.  Дастлаб 10-15 нафар қизлар тўгаракка қатнаган бўлса, бугун улар анча кўпчилик. Эришаётган ютуқларимиз қизларимизда ўзига бўлган ишончни ошириб, мақсад сари олға бориш кўникмасини улғайтираяпти.

Ўзи севган спорт тури бўйича мураббийлик қилаётган Сабоҳат шогирдларига тетиклик ва нафислик рамзи бўлмиш бадиий гимнастикага ҳавас ва меҳр уйғотиб келаяпти. Эришган ютуқлари ҳам кўзга кўринарли. У Халқ таълими аълочиси. 2008 йилда Тошкент шаҳрида бадиий гимнастика бўйича ўтказилган халқаро турнирда шогирдлари Ҳамида Фахриддинова, Эъзоза Азаматова ҳамда Мухлиса Мавлонова муваффақиятли қатнашди.

- Вилоятда аёллар спортини ривожлантиришга ҳисса қўшаётган мураббийлар орасида номим тилга олинаётгани мен учун шараф, - дейди Сабоҳат Адилова. – Олдинда режаларимиз кўп.  Шогирдларимни нафақат республика миқёсидаги мусобақаларда, балки   халқаро турнирларда иштирок этишини истайман ва бунинг учун аввало ўз билимим, маҳоратимни янада оширишим кераклигини яхши англайман.  

Гувалаклик  Рухшона Бекмуродова Тошкент давлат жисмоний тарбия   институтининг бадиий гимнастика факультетини тугатган. У ҳам ушбу спорт тури бўйича дастлабки сабоқларни Сабоҳат Адиловадан олган. Энди у ҳам вилоятда аёллар спортини ривожлантиришга ҳисса қўшишга бел боғлаган. Ўз касбининг устаси бўлган икковлон олдиндаги мусобақаларга тайёргарлик кўрмоқда. Улар шуғуллантираётган гимнастикачилар “Умид ниҳоллари” мусобақасида иштирок этиш учун туманлараро саралашдан ўтиб, вилоят босқичига йўл олишди.

- Аёллар спорти ҳақида гапирганда, бадиий гимнастика хусусида тўхталиб ўтмасликнинг иложи йўқ, - дейди мураббий Малика Улашова. – Сабаби, ушбу спорт тури қизларнинг қадди-қоматини расо қилади, соғлом бўлиб улғайишини таъминлайди. Шу сабаб, мен ҳам мактабда ўқиб юрган кезларимда бадиий гимнастика тўгарагига қатнадим. У ерда устозим Сабоҳат опадан бу спорт турининг сир-асрорларини ўргандим, ўз малакамни ошириб бордим. Яна у кишидан ҳаётга тик боқишни, қийинчиликлардан чўчимасликни, доимо янги марралар сари дадил одимлашни ўргандим. Ўқишимни    бошқа йўналишда давом эттирсам-да, бадиий гимнастикага бўлган ўзгача қизиқишим сабаб яна спортга қайтдим.

Шогирдлар камоли – устознинг бахти. Сабоҳат опа шундай деб билади. У ўзининг ишидан фахрланади. Зеро, у ортидан келаётган ёшларни спортга ошно қилаяпти, уларни соғлом турмуш тарзига одатлантираяпти. Пировардида, вилоятимизда бадиий гимнастика оммалашишига муносиб ҳисса қўшаяпти.

С. АЛЛАЁРОВА

Report typo