Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Б.БАҲОДИРОВ

21.04.2018


ШОХОБЧА ҚУВУРИДАН ГАЗ ЎҒИРЛАР ЭКАН

Қарши тумани Қоратепа қишлоғилик Қосим Худойбердиев ҳам бир қарашда тадбиркордай кўринади. Чунки иссиқхона ташкил этган, экин экиб, бозорга маҳсулот чиқаришни ният қилган. Бироқ унинг ишига ғирром аралашган, яъни иссиқхонани табиий газ билан таъминлаш мақсадида "Кеш Газ Пресс" МЧЖга қарашли автомобилларга газ қуйиш шохобчасига келувчи газ тармоғига яширин равишда уланиб олган. Натижада жами 65 минг 334 куб метр миқдордаги табиий газдан ноқонуний фойдаланиб, Қарши тумани газ филиали манфаатларига 17 миллион 209 минг сўм миқдорида зарар етказган.

Биламизки, энергия ресурслари учун тўловларнинг ўз вақтида ва тўлиқ ундирилиши, электр ва газ тақсимлаш тармоқларига ноқонуний уланиш ҳамда талон-торож қилиш ҳолатларини аниқлаш, бартараф этиш ва олдини олиш, шунингдек, суд ҳужжатларининг сўзсиз ижросини таъминлашга Мажбурий ижро бюроси масъул саналади. Шунга мувофиқ Қосим Худойбердиев хатти-ҳаракатида Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 101-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликлар мавжудлиги боис, Мажбурий ижро бюроси туман бўлими томонидан иш қўзғатилди.

Ҳуқуқбузарга энг кам ойлик иш хақининг 10 баравари миқдорида, яъни 1 миллион 722 минг 400 сўм жарима жазоси қўлланилди ва  Қарши тумани газ филиали фойдасига  17 миллион 209 минг сўм зарар тўлиқ ундириб берилди.

Шунингдек, Қарши тумани Пахтазор маҳалласида яшовчи фуқаро Шароф Давлатов ҳам Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 январдаги "Электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори талабларига зид равишда лойиҳадан ташқари қурилмаларни улаб фойдаланиб келгани ҳолда 13 минг 248 куб метр табиий газни истеъмол қилиб, газ участкасига 3 миллион 489 минг сўм миқдорида моддий зарар етказган.

Умумий фойдаланишдаги табиий газга ўзбошимчалик билан уланиб, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 101-моддасида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этганлиги боис, унга нисбатан энг кам ойлик иш ҳақининг 5 баравари миқдорида, 861 минг 200 сўм жарима жазоси қўлланилди. Таъминот корхонасига  етказилган зарар тўлиқ ундириб берилди.

Бугун ҳар бир соҳада тежамкор бўлишни даврнинг ўзи тақозо қилмоқда. Шундай экан, истеъмолчиларимиз электр энергияси ва табиий газ учун тўловларни ўз вақтида амалга ошириш, табиий неъматлардан оқилона фойдаланиш, уларнинг суиистеъмол қилинишига йўл қўймаслик нафақат оилалар фаровонлигини таъминлаши, балки мамлакатимиз иқтисодий тараққиётига ҳам хизмат қилишини ёдда тутишлари лозим.

Б.БАҲОДИРОВ,

Мажбурий ижро бюроси  Қарши тумани бўлими бошлиғи

Report typo