Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 декабрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

НАСРИДДИН

15.06.2021


ШОВ-ШУВ БИЛАН БОШЛАНГАН ЛОЙИҲАДАН НЕГА АСАР ҲАМ ЙЎҚ?

Фаолият(сизлик)га назар

  Қадимгилар сўзнинг қадрини жуда яхши билишган. "Айтилган сўз - кумушга, айтилмагани - олтинга тенг" деган нақлни қўллаганлар ҳар ҳолда сўзнинг кучини, қудратини теран англашган. Шунинг учундир, бўлар-бўлмас нарсани тилга олишавермаган, кун келиб тилдан учган ҳар бир каломга жавоб бериш муқаррар эканини тушунишган.

 Бугун эса сўз энг арзон матоҳга айланди. Яна денг, амалдорлар орасида. Вазиятдан чиқиш, ўзидан катталарга яхши кўриниш илинжида нелар деб юборилмаяпти? Башарти ваъдалар қопини пахтага тўлдирсак, неча-неча йиллар "план"и тўлиб кетмасди дейсиз?

 Ёдингизда бўлса, бундан нақ бир йил муқаддам нашримизда "Ғойибовнинг дачаси" қаққайиб тураверадими?" сарлавҳали мақола чоп этилганди.

 Кўргандирсиз, Қаршидан Шаҳрисабзга бораверишда, аниқроғи Чаман массивида улкан тепаликдаги баҳаво жойда бир вақтлар вилоят раҳбари бўлиб ишлаган шахсга тегишли "дача" жойлашган, бугунга келиб бино анча хароб аҳволга келиб қолганди. Газетада шуни танқид нишонига олиб, айни кунларда шаҳар ва унга туташ жойларда бир парча ернинг баҳоси фалон миллион сўм, кўп ишбилармонлар  ерга эга бўла-сола тадбиркорлигини бошлаб юбораётган бир шароитда нега шундай баҳаво жойга эгалик қилишни ҳеч ким истамаяпти ёки бунга нима халал бераяпти, деган саволларни қўйгандик.

  Дарҳақиқат, бир муддат балиқчилар, чойхоначилар макон тутиб, савдоси юрмагани боисиданми, бу ерни тарк этиб кетишган, шундан кейин қурилиш бўлиши важи билан "дача" атрофи тунука билан ўралган, аммо қурилишу бирор ўзгаришдан асар ҳам йўқ, фақат бир-икки жойда боғланган ҳайбатли итлар бор эди, холос.

 Мақолада ушбу харобазорлар бир вақтлар анча гуллаб-яшнагани, санатория, дам олиш ё ижод маскани бўлишга жуда боп жой эканлигини  айтгандик.

 Ваҳоланки, Қарши тумани ҳокимлигидан суриштириб билишимизча, "дача" ўшанда "Вилоят кооперация қурилиш материаллари таъминоти" МЧЖга қарашли бўлиб, 2016 йилда кадастр ҳужжати қилинган экан. Ҳужжатларга асосан бу ерда "Чаман"  ресторани ташкил қилиниши режалаштирилган бўлиб чиқди.

 "Майлига-да, даволаш ё дам олиш маскани бўлмаса-да, хушҳаво жойда тамадди қилиб, ҳордиқ чиқариш кимга ёқмайди, дейсиз. Лекин қачон?"

 Шу саволлар билан тегишли масъулларга юзланганимиздан оз эмас, кўп эмас, нақ 5 ой ўтиб вилоят ҳокими Зойир Мирзаев бу ерда бўлиб, масъуллар  билан учрашган ва ушбу ҳудудда Чаман туризм комплекси барпо этилишини маълум қилганди.

 - Миллийлигимиздаги замонавийликни халқаро стандартлар билан уйғунлаштирсак, туризм ривожига катта ҳисса қўшган бўламиз, - дея таъкидлаганди ўшанда вилоят ҳокими. - Ҳеч бир кўриниш ёки бино бир-бирини такрорламасин. Эълон беринглар, тадбиркорлар ўз лойиҳа ва ташаббусини тақдим этсин.

  Вилоят раҳбарининг бу сўзларидан руҳланган Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси вилоят ҳудудий   бошқармаси (ҳозир ушбу тузилма спорт бошқармаси билан бирлашган) бўлим бошлиғи Шаҳзода Хидирова бу ерда 100 дан ортиқ хизмат турлари йўлга қўйилиши натижасида яқин келажакда маҳаллий ҳамда хорижлик туристлар билан гавжум манзилгоҳ пайдо бўлишини билдирганди.

 Лойиҳага кўра, қарийб 10 гектар майдонни эгаллайдиган мазкур комплексда 20 та кемпинг (контейнердан ясалган 5 кишилик кемпинг уйлар ва 50 ўринли меҳмонхона), 100 ўринли миллий ва балиқли таомлар ресторани, балиқчилар учун жой, спорт майдончалари, хусусан, футбол, теннис, велопрокат майдончалари, фитнес марказ, бассейн ўрин олиши; боғ, очиқ осмон остида кинотеатр, очиқ табиатда дам олиб, китоб ўқиш учун шароит ҳозирланиши; мажмуанинг яна бир қисми эса чўмилиш ҳудуди бўлиб, у ерда қум устида волейбол, мини футбол майдончалари, музқаймоқ ва яхна ичимликлар шохобчаси, сунъий тоғ шаршараси ташкил қилиниши керак эди.

 Яна бир муҳим факт: лойиҳадаги ишлар 2021 йилнинг 2-чорагида якунланиши кўзда тутилган!

 Ваҳоланки, 2021 йилнинг 2-чораги бошланишига саноқли кунлар қолди.

 Лойиҳадаги ишлардан эса асар ҳам йўқлигига нима дейсиз? Қайтага каттаконлар у ерга бориб, дабдабали тарзда "Чаман туризм комплекси барпо қилинади!" дейишларидан олдин бу ер сал тартиблироқ турганди - энди чиқинди босиб кетибди.

 Лойиҳада кўзда тутилган ишларнинг лоақал бирортасига киришилмабди-ей. Тўғри, олдинда ҳали тўлиқ 6 ой вақт турибди: лекин бу ерда ҳали-бери тузукроқ ўзгариш юз берадиганга ўхшамаяпти. Чамаси масъуллар лойиҳани компьютерда тайёрлаб, қолганини ҳам компьютерда бажариб қўйишмоқчига ўхшайди...

 Бу бўйича қоп-қоп ваъдаларни ўйламай-нетмай берган масъуллардан эшитадиган жавобимиз эса тайин: лойиҳа йилнинг 2-чорагига мўлжалланган, ишлар кетаяпти, энди киришамиз ва ҳоказо.

 Модомики Чамандаги лойиҳалар бўйича аниқ ва пухта режа йўқ экан, буни шов-шув қилмаслик керак эди. Шов-шув қилиндими, энди кечиктирмай бажаришга киришиш керак. Бунинг учун эса у ерга бир-икки бориб, қаерда стадион, қаерда кемпинг бўлади, сунъий шаршара қаерда жойлашади, ҳечқурса буларнинг ўрнини аниқлаб, текислаб-тарашлаб қўйиш фойдадан холи бўлмасди.

 Аввалги ҳолидан баттар харобага айланган ва неча йиллардан буён бирор ўзгариш юз бермаган манзил-макон қисқа муддатда туризм комплексига айланиб кетади, дейишса, ишонармидингиз?

 Бизнинг ишонгимиз келади, аммо...

 НАСРИДДИН

 Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

 

Report typo