“Мамлакатимизда мақомчилик санъати тараққий этишида академик Юнус Ражабийнинг ҳиссаси катта. Унинг саъй-ҳаракатлари туфайли 1959 йили илк бор ўзбек тилида “Ўзбек халқ мусиқаси” номли олти жилдлик “Шашмақом” антологияси тузилган эди. Мусиқамиз гултожи саналган “Шашмақом” ва унинг туркумлари мумтоз шеъриятимиз билан уйғун ҳолда ғоят гўзал санъат намунасини ҳосил этганки, бу юксак мусиқага жаҳон аҳли доимо ҳайрат билан қарайди. Шу боис “Шашмақом” ЮНЕСКОнинг номоддий маданий мероси рўйхатига киритилгани халқимиз ҳаётидаги муҳим воқеа ҳисобланади”.
Дарҳақиқат, мақом – халқимизнинг бебаҳо маънавий мероси. Президент ташаббуси билан энди ҳар икки йилда бир марта Шаҳрисабз шаҳрида ўтказилиши белгиланган форум нафақат санъат ихлосмандлари, балки кўплаб хорижий сайёҳларни ҳам юртимизга чорлаши шубҳасиз. Қолаверса, шу орқали ёш авлодда ҳам асл санъатга иштиёқ кучаяди.
Саломатлик – туман бойлик. Бутун жаҳонда миллионлаб инсонлар умрига зомин бўлаётган, кўплаб оилалар тинчини бузаётган ва давлатлар иқтисодига катта зарар етказаётган ОИВ инфекцияси аянчли оқибатлари билан инсониятнинг энг долзарб муаммоси бўлиб қолмоқда. Ер юзида ушбу касаллик билан яшаётган одамлар сони 40 миллионга яқин. Бир кунда тахминан 8 минг одам уни юқтириб олмоқда. Касаллик турли ёшдаги аҳоли орасида, айниқса, навқирон ёшлилар ўртасида кўплаб қайд этилаётгани хатарли.
Табиийки, бундай мудҳиш дардга дуч келмаслик учун кишида зарур билим бўлиши керак. Вилоят ОИТСга қарши курашиш маркази профилактик ва эпидемияга қарши ишларни ташкиллаштириш бўлими мудири Абдулатиф Ризаевнинг “ОИТС ҳақида билишни истайсизми? Энди янада қулай ва осон” номли мактубида кишиларнинг бу борадаги саводхонлигини ошириш бўйича қилинаётган ишлар хусусида сўз юритилган.
Унда айтилишича, ОИВ инфекцияси ва ОИТС касаллиги тарқалишининг олдини олиш мақсадида вилоят ОИТСга қарши курашиш марказида ишонч телефонлари ташкил қилинган. Интернет тармоғидаги qashqadaryo-oits.uz веб-сайти ҳамда марказнинг телеграмдаги канали орқали зарур маълумотлар бериб борилмоқда, мавзуга оид маъруза матнлари ва видеороликлар жойлаштирилаётир.
Ҳуқуқий-демократик жамият тузиш йўлидан кетаётган мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ўзгаришлар бир мақсадга – аҳоли ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ҳуқуқий онгу тафаккурини янада ўстиришга қаратилган. Зеро, инсон манфаатлари ҳар нарсадан устун. Касби туманилик Моҳира Турдиқулова ҳамда Ўктам Умировдан келган хатларда туман адлия бўлими фаолиятидан миннатдорлик ўз аксини топган.
Маълум бўлишича, Моҳира Турдиқулова билан шаръий никоҳдан ўтган турмуш ўртоғи масъулиятни бўйнига олишни истамай, фарзандини ҳам тан олмай қочиб юрган. Табиийки, ота бўлиб на моддий, на маънавий кўмак кўрсатган.
Яқинларининг қистовидан безор бўлган аёл оталикни белгилаш ва алимент ундириш бўйича судга мурожаат қилишга мажбур бўлган. Маҳалла раиси, туман ички ишлар бўлимига ҳам аризалар йўллаган. Бироқ улардан оталикни белгилаш бўйича ҳужжатларингиз йўқ, давлат божи тўланмаган, деган важлар билан рад жавоблари келган.
Суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар натижасида эндиликда туман, шаҳарларда ҳам адлия бўлимлари фаолият кўрсата бошлагани М.Турдиқулова каби ҳаётда қийналган кишилар жонига ора кирди. Унинг Касби тумани адлия бўлими бошлиғига ёзган мурожаати асосида тегишли идоралардан зарур ҳужжатлар талаб қилиб олинади. Қарангки, бундай пайти ҳужжатлар ҳам топила қоларкан. Ҳатто келин-куёв ҳолида тушган сурати ҳам топиб келиниб, ёлғиз она ва қиз манфаатини кўзлаб, фуқаролик ишлари бўйича Касби туманлараро судига ариза киритилади.
Шунга асосан аризадаги барча талаблар қаноатлантирилиб, оталик ҳам белгиланади, алимент ҳам ундириладиган бўлади.
Касби туманидаги Оққамиш МФЙ Янги қишлоқ маҳалласида яшовчи Ўктам Умировга яшаш жойи учун туман солиқ идораси томонидан ер солиғи ҳисобланиб, уни тўлаш талаб қилинган. Ваҳоланки оилада 2-гуруҳ ногиронлиги бўлган қиз яшаб, агар уй-жой бундай тоифадаги кишилар номида бўлса, ер солиғидан озод қилиниши белгиланган. Ушбу масалага туман адлия бўлими аралашуви билан ечим топилган.
Таҳририятимизга келган хатлар орасида ўзбек тилига Давлат тили мақоми берилган кун муносабати билан ёзилганлари ҳам талайгина. Хусусан, Қарши давлат университети ўзбек тилшунослиги кафедраси доценти Нилуфар Юлдошева “Тил – маънавият кўзгуси” деб сарлавҳа қўйган мактубда қуйидагилар айтилган:
“Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги Қонуни қабул қилиниши оламшумул воқеа бўлган ва буни Биринчи Президентимиз: “Ўзбек тили мустақил давлатимизнинг байроғи, герби, мадҳияси, Конституцияси қаторида турадиган, қонун йўли билан ҳимоя қилинадиган муқаддас тимсоллардан бирига айланди”, дея эътироф этганди. Бироқ маънавиятимизнинг таркибий қисми бўлган давлат тилига ҳурмат, давлат тили маданиятини юксалтириш ҳамон суст кетмоқда. Кўп ҳолларда давлат тили давлат рамзлари сирасида қаралмаяпти. Буни республикамиз маъмурий-ҳудудий бирликлари, кўчалари, майдонлари ва географик объектлари номларини ифодаловчи пешлавҳаларнинг турли тилларда ёзилганлигида кўриш мумкин. Ваҳоланки, давлат тили ҳақидаги қонунда географик объектларнинг номлари давлат тилида акс эттирилиши белгилаб қўйилган”.
Албатта, ҳар бир хат диққат марказимизда. Чунки уларда акс этмиш воқелик кишиларнинг дарду ташвишлари, қувонч ва орзулари, юртимиз ҳаётига дахлдор фикрлар силсиласини намоён этиши билан ҳам биз учун аҳамиятли.
ТАҲРИРИЯТ