Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 декабрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Ж.БОЙМУРОДОВ

05.05.2020


"ШУҲРАТ ҚЎРҒОНИ"НИНГ ШУҲРАТИ ЯНА ҚАЙТАДИМИ?

Бунёдкорлик

Бугунги кунда Қарши шаҳрида олтита монументал санъат ёдгорлиги давлат рўйхатига олинган. Уларнинг тўрттаси мустақилликдан сўнг барпо этилган бўлса, Кат маҳалласидаги Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига ўрнатилган ёдгорлик ҳамда Хўжахиёл маҳалласида жойлашган "Шуҳрат қўрғони" 1980 йилда қад ростлаган.

Айтиш жоизки, ушбу монументал ёдгорликлар ичида "Шуҳрат қўрғони" майдон жиҳатидан ҳам, туристик салоҳияти жиҳатидан ҳам энг йирикларидан бири ҳисобланади. У Иккинчи жаҳон урушида душманга қарши курашда қаҳрамонларча ҳалок бўлган юртдошларимизни шарафлаш ва мудом ёд этиш мақсадида барпо қилинган бўлиб, 1980-йилларда ва мустақилликдан сўнг ҳам маълум вақт мобайнида бу ерда шу сана билан боғлиқ турли тадбирлар ўтказилган. Аммо кейинчалик бундай тадбирлар Қарши шаҳридаги Мотамсаро она ҳайкали жойлашган Хотира хиёбонига кўчгач, "Шуҳрат қўрғони" ўз ҳолига ташлаб қўйилди. Йиллар давомида атрофи чиқинди майдонига, турли енгил табиатли кишилар, "севишганлар" тўпланадиган хилват панагоҳга айланиб қолди. Ваҳоланки, бироз эътибор қаратилиб, ободонлаштириб қўйилса, бу ер шаҳарнинг энг чиройли ҳудудларидан бирига, маҳаллий ва хорижий    сайёҳлар сайр қилиб, маданий ҳордиқ чиқарадиган гўзал масканга айланган бўларди.

Аммо, ҳечдан кўра кеч бўлса ҳам  айни вақтда вилоят ва Қарши шаҳар ҳокимлиги ташаббуси билан "Шуҳрат қўрғони"да ободонлаштириш, қурилиш-таъмирлаш ишлари бошлаб юборилди. Пудратчи ташкилот - "Қашқадарё махсус қурилиш дизайн" шуъба корхонаси томонидан мажмуа ҳудудидаги яроқсиз ҳолга келиб қолган йўлакларни таъмирлаш, қайта қуриш, асосий монументал иншоотни замонавий кўринишга келтириш, атрофни ободонлаштириш, манзарали дарахт, гул кўчатлари экиш ва яна кўплаб ишлар олиб борилмоқда.

Умид қиламизки, тез орада "Шуҳрат қўрғони" йиллар давомида йўқотган шуҳратини яна тиклаб, шаҳарнинг энг диққатга сазовор гўшаларидан бирига айланади.

Ж.БОЙМУРОДОВ

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар

 

Report typo