10 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси қабул қилинган кун
Ҳар тонгимиз улуғвор мусиқа, қўшиқ билан бошланади. Бу – Ўзбекистон Республикаси давлат мадҳиясидир. Унда мамлакатимиз тарихи, маданияти, юртимиз қудрати, гўзал табиати, табиий бойликлари билан фахрланиш, ғурурланиш туйғуларининг энг олий кўринишлари акс этган. Улуғ халқнинг мангу қўшиғи она Ватанимиздан ғурурланишга, уни севишга, мустақиллигимизни янада мустаҳкамлашга, бунданда юксак чўққиларни забт этишга ундайди. Зеро, Абдулла Орипов таъкидлаганидек, “Мадҳия – тирик ҳаёт, жонли турмуш. У турли фикрдаги ватандошларни бир неча дақиқадаёқ сўз ва оҳанг кучи билан бирлаштира олувчи буюк қудратдир”.
Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси қабул қилинганининг 32 йиллиги муносабати билан вилоятимизда кўплаб маънавий-маърифий тадбирлар, давра суҳбатлари, учрашувлар ўтказилмоқда.
Жумладан, Қарши шаҳридаги Абдулла Орипов ижод мактабида ташкил этилган тадбирда кенг жамоатчилик вакиллари, зиёлилар, маънавият фаоллари, ҳарбийлар иштирок этди.
Тадбирдан сўнг иштирокчилар мактабда ташкил этилган музейда бўлиб, Абдулла Орипов ҳаёти ва ижодий фаолиятига доир экспонатлар билан яқиндан танишишди.
Айтиш ўринли, музейда шоирнинг мадҳия матнини яратишдаги 200 дан ортиқ қораламаларидан 17 нусхаси сақланади.
Б.САЙФИЕВ