Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Соҳиба СУЮНОВА

09.02.2017


ШУ ВАТАНГА БОРДИР КЕРАГИМ!

Қуйида фикр-ўйлари келтирилган журналист аёллар ўз касбини эъзозлаб, шунинг ортидан ўзлари ҳам обрў-эътибор қозониб келаётган соҳа фидойиларидан.

Санобар БОЙМУРОДОВА, “Шуҳрат” медали соҳибаси:

- Халқимизнинг дилкашлигига, фаровон турмушига, бетакрор қадриятларига, тинчлигига кўз тегмасин, дейман. Ўз ишимни дастлаб “Қашқадарё” газетасида мухбирликдан бошлаганман. Таҳририятдаги устозларимнинг сабоқлари сабаб тобланганман. Сабоқлар, изланишларим сабаб қаламим ўткирланди. Кўплаб мақолаларим ўқувчиларнинг кўнглидан жой олди. Ижодий ишларимда халқнинг ўзлигини, содда турмушини, миллий қадриятларини олиб чиқишга ҳаракат қиламан. Бугун Қашқадарё телевидениесидаги фаолиятим маҳсули бўлган “Кўз тегмасин”, “Кўнгилдаги дур”, “Юртим жамоли” каби кўрсатувларим одамларнинг ҳаётидан, ички кечинмаларидан, турмушдаги ҳақиқатлардан сўзлайди. Ҳозир  юртимизда барча соҳалар қатори журналистикада ҳам аёлларга эътибор катта. Шулар қаторида мен ҳам 2006 йилда “Энг улуғ, энг азиз” кўрик-танловининг    совриндори бўлдим, 2011 йилда “Шуҳрат” медали соҳибасига айландим, 2014 йилда “Олтин қалам”да  совриндор бўлдим. Бу ютуқларим мени улуғ юртнинг энг омадли журналисти, энг бахтли аёли бўлишимда, янада кўпроқ изланишимда муҳим асос бўлиб хизмат қилади.

Саломат ТУРСУНОВА, “Нишон тонги” газетаси бош муҳаррири:

- Журналист аёлда, аввало, мустаҳкам ирода бўлиши керак. Аксарият аёл журналистлар ижодида эркак журналистларникидан фарқли ўлароқ ҳиссиётнинг устунлиги кўринади, меҳр-муҳаббат, самимият кўпроқ акс этади. 38 йиллик фаолиятим давомида кўп одамларни кўрдим, халқ орасида бўлдим. Одамларни, уларнинг кўнглидаги кечинмаларини тинглашни хуш кўраман. Кўпинча воҳамизнинг чекка-чекка ҳудудларда бўлишга ҳаракат қилдим, у ердаги одамларнинг ҳаёт тарзини, турмушини кузатдим, одамлари билан дўст тутиндим, хурсандчилигу ташвишларида бирга бўлдим, улардан кўп нарсаларни ўргандим. Ижодим орқали ана шу инсонларни танитишга ҳаракат қилдим. Бугунги ўсиб келаётган ёш журналистларга ўз фаолиятини ана шу йўсинда бошлашни тавсия қилган бўлардим. Сабаби, чекка ҳудудларда яшовчи одамларнинг ҳаёти, турмуш ташвишлари, ўй-хаёллари бу касб эгаларининг яхшигина тобланишига ёрдам беради.

Замира МАМАТҚУЛОВА, “ўузор ҳаёти” газетаси мухбири:

- Журналист сифатида сизнинг муваффақиятингиз нимада десалар, ҳеч иккиланмасдан қайнонамнинг менга берган кўмакларида, ишончларида, деган бўлардим. Мен шу давргача яхшигина ижод қилган журналист, бахтли аёл, эрка келин бўлдим. Қарши туманидан ўузор туманига келин бўлиб, шу ерда фаолиятимни давом эттирганман. Жамоамизнинг бирдамлиги сабаб янги муҳитга жуда тез мослашганман.

Журналист шунчаки ёзолмайди. У жамиятнинг дарди билан яшаши керак. Журналист ҳамма инсонларни бирдек тушуниши керак. Фаолиятим давомида энг кўп ёзганларим эссе бўлди. Одамларни тинглашни, уларнинг кўнглига қулоқ тутишни хуш кўраман. Кимлардандир ибрат, кимлардандир сабоқ олиб,  хулоса қилиб яшадим.

Соҳиба СУЮНОВА ёзиб олди.

Report typo